Press "Enter" to skip to content

ЁЗ ЯҚИН. БОЛАЛАР ТАЪТИЛНИ ҚАЕРДА ЎТКАЗИШАДИ?

Ҳаш-паш дегунча ёз мавсуми ҳам келади: олдинда мактаб ўқувчилари орзиқиб кутган таътил! Албатта, ҳар бир ота-она фарзандининг бу даврни фойдали ва қизиқарли ўтказишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам уларни ҳозирдан фарзандимизни қаерда дам олдирсак экан, деган савол ўйлантираётгани табиий. Кимдир ўғил-қизини ёзги болалар дам олиш масканига, яна кимдир мактаблар қошида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларга юборади. Бу ҳам яхши – бола меҳнатга ўрганиш баробарида жисмонан чиниқади.

Лекин аксарият ота-онанинг фарзанди болалар оромгоҳида дам олиб, соғломлаштирилишини хоҳлаши турган гап. Бинобарин, таътилни табиат қўйнида ўтказишнинг афзал томонлари талай: ҳар куни такрорланадиган “уй-мактаб – мактаб-уй” каби бир хилликдан безган бола муҳитни ўзгартиришни хоҳлайди, унинг бу истаги эса сўлим жойда жойлашган оромгоҳда рўёбга чиқади. Қолаверса, бу ерда у тенгдошлари билан мулоқот қилиб, янги дўстлар орттиради, турли тўгаракларда қатнаши, спорт билан машғул бўлиши мумкин. Натижада маълум муҳлат ўтгач, уйга соғлом-бақувват, янги билим, янги таассуротлар билан қайтади.
— Вилоятимизда 960 та мактаб бор, шуларнинг 123 тасида кундузги оромгоҳ ташкил этилади, — дейди халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Рисолатхон Мамажонова. – Таътил пайти уларда 21500 нафар ўқувчининг дам олиши режалаштирилган.
Мактаб ҳаётидан бехабар одам “Нега энди кундузги оромгоҳ ҳамма мактабда ҳам очилмайди?” дейиши мумкин. Чунки барча таълим муассасасида талаб даражасидаги шароит мавжуд эмас. Масалан, баъзи мактабларда ошхона йўқ бўлса, бошқаларида спорт майдончаси.
Вилоятимизда 17 та стационар, яъни турғун болалар ёзги оромгоҳи мавжуд, холос. Уларда мавсумда 11 минг нафар мактаб ўқувчиси дам олиши мумкин. Ёзги таътилгача бир ойдан сал кўпроқ вақт қолди. Хўш, оромгоҳлар болаларни қабул қилиб олишга тайёрми?
Гарчи вилоят ҳокимлиги томонидан февраль ойидаёқ тасарруфида ёзги болалар оромгоҳи бўлган ташкилотларга топшириқ хатлари чиқарилган бўлса-да, аксарият болалар дам олиш масканларида мавсумга тайёргарлик ишларига ҳали ҳам киришилмаган.
— Ташкилотимиз тасарруфидаги “Коинот” ва “Ниҳол” оромгоҳларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Ҳатто озиқ-овқат захираси учун сабзавот экинлари экилди. Олинадиган ҳосил ички эҳтиёжни қоплайди, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Ғанишер Пайзиев. Унинг таъкидлашича, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тасарруфидаги “Чимён” оромгоҳида сув минораси таъмирланиб, электр таъминоти тизими созланган, футбол майдонига майса ётқизилган. Бошқа қатор оромгоҳларда ҳам шу каби ишларга киришилган.
Бироқ “Абдураҳмон транс” МЧЖ тасарруфидаги “Водил чақмоғи” оромгоҳида ҳанузгача қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмаган. Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ўз тасарруфидаги “Автомобилчи” оромгоҳини Риштон туман ХТБга вақтинча фойдаланиш учун берган. Оромгоҳга 800 метр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиш керак. Афсуски, бу иш бошланмаган.
Ижтимоий ҳимоя ҳақида кўп гапирамиз. Бу долзарб вазифа оғизда эмас, амалда бўлиши лозим. Яқинда “Фарғонаазот” АЖга қарашли “Кимёгар” ёзги болалар оромгоҳининг оммавий савдолар орқали сотилишининг олди олинди. Бу билан мактаб ўқувчилари муайян сонининг таътилни табиат қўйнида жойлашган оромгоҳда ўтказиш имкони сақлаб қолинди. Бундан аввал эса “Марғилон ихтисослаштирилган таъмир қурилиш” ХКга қарашли “Ҳумо” ва “Комилжон ота Мамажонов” фермер хўжалиги тасарруфидаги “Тонг” оромгоҳлари мутасаддиларига келишув шартларининг бажарилиши, бу объектларнинг фаолият турини сақлаб қолиши лозимлиги уқтирилган.
Фарғона туманидаги Хонқиз қишлоғида илгарилари иккита ёзги болалар оромгоҳи бўларди. Бугунга келиб уларнинг иккиси ҳам хусусийлаштирилган. Қачонлардир вилоят пахта тозалаш заводига қарашли оромгоҳнинг янги эгаси унинг ўрнида санаторий қурмоқчи. Бу эса вилоятимизда болалар оромгоҳларининг сони биттага камайди, дегани. Лекин мазкур жойни ҳам болалар, ҳам катта ёшдагилар дам оладиган масканга айлантириш мумкин-ку! Масалан, ёзги таътил пайтида болалар ҳордиқ чиқаришса, йилнинг бошқа фаслларида катта ёшдагилар ўз саломатликларини тиклайди. У ёки бу идора ўз тасарруфидаги болалар оромгоҳини сақлаб қолиш учун молия ажратишга ожизлиги сабабли уларни хусусийлаштирар экан, объектни ёзда дам олиш маскани сифатида фаолият юритиши шарти билан сотиш лозим, акс ҳолда бора-бора фарзандларимиз табиат қўйнида дам олиш имконидан маҳрум бўлишлари турган гап.
Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғидаги, бир вақтлар Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига қарашли болалар оромгоҳи ҳам хусусийлаштирилган, бироқ унинг эгаси объект мавқеини ўзгартирмоқчи эмас – бу хушманзара жой болалар оромгоҳи бўлиб қолади. Ҳозирда мавсумга тайёргарлик доирасида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
Олтиариқ туманининг Қапчуғай қишлоғидаги “Юлдуз” оромгоҳи сўлим табиат қўйнида жойлашган. Ҳудуди бўйлаб сой оқиб ўтади, ён томонида баланд қирлар виқор тўкиб турибди. Мевали ва манзарали дарахтлар, буталар ҳавони салқинлантириб, теварак- атрофга кўрк бағишлаган. Оромгоҳда мавсумга тайёргарлик авжида. Ҳашарга чиққан бир неча киши ҳудудни ободонлаштириш билан машғул. “Бу ерда бизнинг фарзандларимиз, невараларимиз дам олишади, — дейди улардан бири. – Шунинг учун ҳам ҳашарда қатнашишни фарз деб билдик”.
Хулосамизча, ёзги болалар оромгоҳ-ларини тадбиркорларга сотиш оқилона иш бўлмаса керак: сотиш – қуриш эмас. Бундай объектларни хусусийлаштириш фарзандларимизни – келажакни ўйламаслик, дегани.
Тамара ТОШМАТОВА.

Ulashing: