Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, одил судловни самарали таъминлашга қаратилган изчил ишлар олиб борилмоқда, кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январда қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиради.
«Янги Ўзбекистон — янги суд» тамо-
йили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Айтиш мумкинки, мазкур фармон билан суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли 2023-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бир қаторда, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш ва бу борада давлат органлари ҳамда маҳал-
лий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.
Суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида мазкур фармонда биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.
Эндиликда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш амалиёти жорий қилинди.
Бундан ташқари, фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши белгиланди.
Қолаверса, мазкур ҳужжат билан суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш учун Олий суд тузилмаси мавжуд штат бирликлари доирасида такомиллаштирилиши белгиланди. Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази, шунингдек, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ташкил этилди ҳамда ушбу тузилмаларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Шокиржон МИРЗАМАТОВ,
Риштон туманлараро иқтисодий суди судьяси.