2023 йил миллий қонунчилигимизда катта янгилик ва ўзгаришлар билан бошланди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида давлат раҳбарининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.
Бу билан суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланиб, тизимни жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланди.
Қисқа муддатли стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида келгусида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, тарафларнинг ташаббусига кўра тайинланган эҳтиёт чорасини суд томонидан юқори қийматда (жумладан, етказилган зарарга нисбатан) гаров эҳтиёт чорасига алмаштириш тартибини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши қайд этилди.
Сир эмаски, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда ҳам низони тинч йўл билан бартараф этиш йўлида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги қонун мазкур институтнинг ривожланишига замин яратди. Низолашаётган тарафларнинг вақти ва ресурсларини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, низо бўйича ўзаро мақбул ечим топиш – булар медиация-
ни қўллашнинг ижобий томонлари ҳисобланади.
Шу сабабли, эндиликда самарали йўналиш сифатида низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан янада кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Хусусан, медиация институтини қўллаш доирасини кенгайтириш ва низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган фуқаролик ишлари тоифасини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланади.
Яна бир муҳим масала, судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш мақсадида мураккаблигига кўра ихтисос-
лашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпуси шакллантирилади. Бу эса ушбу тоифадаги ишларни малакали судьялар томонидан сифатли кўрилишини ва ягона суд амалиёти шакллантирилишини таъминлайди.
Шунингдек, Ҳаракатлар дастурида суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш, суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш каби бошқа муҳим чора-тадбирлар ҳам белгиланди.
Маълумки, жамиятдаги адолат мезони — фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир. Адолат эса фақат мустақил суд ҳокимияти томонидан таъминланиши мумкин. Бу борада одил судлов фаолиятига ташқи ва ички тарафдан аралашиш имкониятларини бартараф этиш чоралари кўзда тутилмоқда.
Хусусан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар ишлаб чиқилади, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Стратегияда келгуси йилларда ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш мақсади белгиланди. Бу эса аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”, деган эзгу тамо-
йилнинг ҳаётий ифодасидир.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг раиси.