Press "Enter" to skip to content

Аёлга зўравонлик – глобал муаммо

Аёлларга нисбатан зўравонлик жинсий ва жинсга асосланган зўравонликда ифодаланадиган, асосан, хотин-қизларга нисбатан қилинадиган зўравонлик ҳаракатларидир. Ушбу турдаги жиноятлар, асосан хотин-қизларга, уларнинг жинси учун содир этилиб, ушбу ҳолат турли шаклларда намоён бўлади.

Аёлларга нисбатан зўравонлик  ҳолатлари жуда узоқ тарихга эга. Бундай зўравонлик ҳодисалари ва уларнинг интенсивлиги вақт ўтиши билан ўзгариб, ҳозирги кунда ҳам жамиятлар орасида фарқланади. Ушбу ҳолатларга, кўпинча, жамиятда ёки шахслараро муносабатларда аёлларни бўйсундириш механизми, яʻни, жамиятда шаклланган “Аёллар эркаклардан бир поғона паст бўлиши керак” деган нотўғри тушунча омил болиб хизмат қилмоқда.

Зўравонлик ўз табиатига кўра “оилавий зўравонлик”, “жинсий зўравонлик” ҳамда  “маиший зўравонлик” сифатида намоён бўлади.

Оилавий зўравонлик – ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражасидан қатъий назар, барча мамлакатларда кузатилади. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик деб ажратиб бўлмайди. Бундайларнинг алоҳида бир миллати ё эътиқоди бўлмайди.

Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизнинг мамлакатимизда маиший ёки “оилавий зўравонлик”ка кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Одамлар бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандлик ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолади. Охир-оқибат бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.

Маиший зўравонлик нима? Маиший зўравонлик – бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин.

Аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади.

Шу сабабли, зўравонликка қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ ва «шафқатсиз» қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.

 

Шерзод МАДУМАРОВ,

 

жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси.

Ulashing: