Раҳбарлар театр томошабини
Қўқон шаҳрида ҳафтанинг ҳар душанба куни давлат ва бошқарув органлари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари учун театр куни деб белгиланган. Шу куни улар оила ва жамоа аъзолари билан театр томошасига ташриф буюриши йўлга қўйилди.
Кеча Қўқон мусиқали драма театри жамоаси Нурулло ҳожи Абдуллаев қаламига мансуб “Қўқоннинг 12 дарвозаси” спектаклини намойиш қилди. Уни таниқли режиссёр Тожи Муҳаммад Исроилов саҳналаштирган.
Асардаги воқеалар асосан кўҳна шаҳар тарихи, хонликлар даври билан боғлиқ. Ўтмишда Қўқон йирик маданият, маърифат маркази, савдо йўли бўлган. Унинг чор тарафидаги дарвозалари шаҳар остонаси ҳисобланган. Тарихда бу дарвозаларни яхши ниятлар билан меҳмон, зиёратчилару, ғаразгўй ниятли босқинчилар босиб ўтган. Ҳозирда Қўқоннинг 12 дарвозаси сақланиб қолмаган. Лекин уларнинг тарихи, бунёд этилиши, мустаҳкам қўрғон вазифасини бажаргани ўтмишдошларимиз тилларидан бизгача етиб келган, тарихий китоб-ларда маълум манбаалар сақланиб қолган. Саҳна асарида реал воқеликлар ёрқин тасвирланган, образлар театрнинг тажрибали актёрлари, ёш истеъдод эгалари томонидан юксак маҳорат билан ижро этилган.
Раҳбар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, жамоадошлари саҳна асаридан маънавий озиқ олдилар.