Press "Enter" to skip to content

МУАММО

1-ҚАВАТ МУҲАНДИСЛИК ТИЗИМИ ЎЗГАРТИРИЛЯПТИ,
ЛЕКИН ТУРАР ЖОЙНИ НОТУРАР ЖОЙГА ЎТКАЗИШДА ХАВФСИЗЛИК
ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНЯПТИМИ?

Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий, Ойбек ва Пушкин кўчалари бўйлаб юрган одам олтмишинчи йилларда қурилган кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида жойлашган турли хилдаги савдо шохобчалари, супермаркетлар, СПА салонлари, сартарошхоналар, чевархоналар фаолиятига гувоҳ бўлиши табиий. Чунки кичик бизнес фаолиятини йўлга қўйишда турар жойдан нотурар жой объекти сифатида фойдаланиш тадбиркорларга анчагина қулайлик туғдириши бор гап. Бироқ одамни ўйлантирадиган нозик жиҳат бор – хавфсизлик масаласи. Бир томоннинг оғир юкини кўтариб турган деворни бузиб, таянч вазифасини бажарадиган тўсиқларнинг олиб ташланиши, худо кўрсатмасин, катта фалокатларга сабаб бўлмайдими? Биноларнинг мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлигига таъсир қилувчи юк кўтариб турувчи қисмларни ўрнидан қўзғатиш хавфли жараёнларни юзага келтириши ҳеч гап эмас ахир. 4-5 қаватли баланд бино 1-қаватдан кўтарилар экан, асосий ҳимоя воситалари ҳам шу қаватда бўлиши ҳақиқат-ку…
Шаҳарда бино ва иншоотларнинг ихтисослигини ўзгартириш, қайта қуриш, реконс-трукция қилиш масалалари қандай тартибга солиняпти ўзи? Хусусан, турар жойни нотурар жойга ўтказиш қайси ваколатли орган рухсатномаси билан амалга оширилади? Саволларимизга жавоб излаб Фарғона шаҳар қурилиш бўлимида бўлдик.
Ўзбекистон Респуб-ликаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қис-қартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг функциялари ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди.

Қарорга мувофиқ, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш давлат хизмати бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг қарор чиқариш тартиби бекор қилиниб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига ўтказилди ва амалда қарор ижроси таъминланди.
2020 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари томонидан турар жойни нотурар тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш тизими ишга туширилган.
Шаҳар қурилиш бўлими ходимлари 2022 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисидаги” қарори асосида мурожаатчиларга турар жойни нотурар жойга ўзгартириш бўйича рухсатнома бераётганларини таъкидлашиб, ҳужжатни қўлимизга тутқазишди. Унга кўра, турар жойни нотурар жойга ўтказиш учун рухсатнома беришга доир талаб ва шартлар қуйидагилардан иборат:

турар жой авария ҳолатида эмаслиги;

турар жойни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ йўқлиги ёки ушбу турар жойга нисбатан
хатлов мавжуд эмаслиги;

нотурар жойга ўтказилаётган турар жой
биринчи қаватда жойлашганлиги (якка
тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига зид равишда бинолар конструкциясига
таъсир кўрсатувчи ўзгартиришлар
киритмаслик;

объектда эвакуация чиқишларининг сони ва жойлашишининг ўзгармаслиги;

турар жой аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондига кирмаслиги;

алоҳида кириш жойини яратиш имкони
мавжуд бўлиши ва бошқалар.

Фарғона шаҳар қурилиш бўлими ходимларининг айтишича, турар жойни нотурар жойга ўтказишда бир қанча ташкилотлар занжирдек боғланган ҳолда иш кўради. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, қурилиш бўйича ҳудудий назорат инс-пекцияси ҳамда уй-жой инспекцияси ўз ваколати доирасида хулосаларни тайёрлаб беради. Барчаси пухта ўрганилгандан кейингина туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари аризачига рухсатнома бериши мумкин бўлади.
Ариза берувчи ваколатли органга объектни ўрганиш учун имконият яратиб бериши талаб этилади. Ваколатли органнинг объектни жойига бориб ўрганиб чиқиши бутун бино ва иншоотни ёки уларнинг қисмларини ва уларга бириктирилган ер участкасини, шунингдек уларга туташ ҳудудни ҳамда бино ва иншоотларни визуал кўрикдан, зарурат бўлганда, махсус ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда ўтказишдан иборат бўлади.

— Дастлаб, қурилиш-синов лабораторияси ва бино-иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш бўлими томонидан объект чуқур ўрганилади, – дейди Фарғона вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси Мурожаатлар билан ишлаш бўйича мутахассиси Собиржон Исоқов. – Махсус техникалар асосида олиб борилган ўрганишлардан сўнг объект талабларга жавоб берсагина ўшанда ҳам деразанинг ўрнида эшик очиш учун хулоса берилади холос.
Бироқ кўчаларни айланиш чоғида нафақат дераза ўрнида очилган, балки бутун бошли таянч ва тўсма деворлар бузилиб, ойна қўйдирилган, ҳатто таянч устунлари олиб ташланган ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Бундай архитектура талаблари бузилишига йўл қўйган ишбилармонлар қандай ҳужжатлар асосида рухсатнома олиб, бинони аянчли кўринишга олиб келгани бизга қоронғу. Лекин лойиҳа конс-трукцияси бузилган уйлар хавфсизлик талабига жавоб бермаслиги кундек равшан.

Гўзал ОХУНОВА.

Ulashing: