Press "Enter" to skip to content

Сизни йўқлаб келдик, ЛОЛАЖОН!

Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасида ташкил этилган “Оқила аёллар” ҳаракатининг хайрли ташаббуси

Қўриқ бағрини тилиб ўтган йўлдан Қизилтепа томон борарканмиз, пахтазорнинг у ер-бу еридан оқ рўмолли, чит кўйлакли, келбати ўзига ярашиқли Лолахон раҳматли чиқиб келаётгандай туюлаверади. Хаёл-у, тасаввурни тизгинлаб бўлмас экан-да. Ҳа, унинг ўт-олов ёшлиги, куч-қуввати, қалб ҳарорати, меҳр-у муҳаббати бугун кифтида оппоқ дурларни тутиб турган шу заминга уйқаш бўлиб кетганлиги учун ҳам шундай бўлаётгандир, балки.

Мана, толлар ортидан ўша қадрдон дала шийпони кўзга ташланади. Унинг олдида барпо этилган мустаҳкам, бетакрор нақшинкор айвон, балки у асрлар оша шундай виқор билан турар, деҳқоннинг фидойи меҳнатига ҳунарманд-усталарнинг эҳтироми янглиғ кўзларни қувонтиради. Бу ернинг мезбони қаторида бўлиб қолган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Дилоромхон Меҳмонова айвон вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ташаббуси билан Фурқат туманилик машҳур Муҳаммадали уста ва шогирдлари томонидан бунёд этилганини айтади.
Айвоннинг икки томонига ўрнатилган аҳли донишларнинг мана бу икки ҳикмати ҳам худди раҳматли Лолахон ҳақида сўзлаётгандай гўё:
“Ватанни муқаддас билганнинг ғурур ва ифтихори юксак бўлади”.
“Абадий қолмайди жаҳонда ҳеч кас,
Яхши номи қолса шунинг ўзи бас”.
Дарвоқе, хўжаликка Лолахон Муротова номи берилибди. Бу ерга келган одамнинг эътиборини Қаҳрамоннинг Ўзбекистон Президенти, падари бузруквори, вилоят раҳбарлари билан тушган суратлари тортади: худди ҳаётдек ишонч, салоҳият, деҳқончасига самимият “мана мен” деб турибди уларда. Вилоятимизнинг “Ёш фермер қизлар мактаби” ҳам айни шу манзилда жойлашган.
Лолажон, мана бугун янгидан ташкил этилган вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати ташаббуси билан бир гуруҳ фаоллар яна далангизга келдик. Бу гал руҳингиз ҳар қадамда бизга ҳамроҳ эканлигини қалбан ҳис қиламиз.
Ҳаракат аъзоси Ҳилолахон Комилованинг Қуръон тиловатидан сўнг белимизга этак боғлаб, пахта теримига шўнғиб кетдик. “Наманган-77” навли уруғлик пахта чунонам очилибдики, бир лаҳза бўлса-да, тин олмай теравергингиз келади. Мана шу лўппи-лўппи пахталарнинг ҳар мисқолида Лолахон раҳматлининг меҳнати, меҳри мужассамдек.
Кўп ўтмай пайкал бошига Лолахоннинг иниси Назиржон Муротов келиб қолди. У ўғли Нурилло бошчилигида опасининг ишини давом эттираётганларини айтди. Хўжаликнинг 233 гектар майдонида салмоқли пахта етиштирилибди.
Биз жамоа аъзолари опанинг хотираси учун ҳам худди аввалгидай куюнчаклик билан меҳнат қилишаётганларини ҳис қилдик. Айтишларича, уч-тўрт кунда хўжалик пахта сотиш шартнома режасини бажаради.
Хадичахон КАРИМОВА.

Ulashing: