Press "Enter" to skip to content

“GLOBAL TEXTILE INFINITY”– ВОДИЙ ДУРДОНАСИ БЎЛАДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда тўқимачилик саноати сифат ва миқдор жиҳатдан
юксалиб, республика иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланди.

Тўқимачилик тармоғи хомашё, экспорт ва аҳоли бандлигида улкан салоҳиятга эга. Фақат илмга асосланиб самарадорликни ошириш, жайдари айтганда, “ишнинг кўзини билиш” керак.
2018 йилда 300 нафар ишчи билан биргаликда дастлабки ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйган тадбиркор Музаффар Раззаков тез орада катта лойиҳа – “Global textile group”га асос солди. 1500 та янги иш ўрни яратган мазкур компания юқори сифатли машиналарда бўялган ва босилган трикотаж матоларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
“Global textile group” – дунёдаги энг яхши ипларни ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги етакчи тўқимачилик компанияларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания гуруҳига Тошкент ва Фарғона шаҳарларида жойлашган бир неч-та йигирув фабрикалари, тўқиш, бўяш устахоналари, пахта тозалаш заводи, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига эга пахта далалари киради. Компанияда тўлиқ кластер тизими жорий этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичлари “Global textile group”да амалга оширилади.
Бугунги кунда компания ўз маҳсулотларини Марказий ва Шарқий Европа, Бангладеш, Туркия, Хитой, Россия Федерациясига экспорт қилмоқда, шунингдек, маҳаллий бозорда сотмоқда.
Айни кунларда компания яна бир лойиҳа бўйича Қўштепа тумани ҳудудида рентабелликни ошириш ва ишлаб чиқариш таннархини камайтиришда сезиларли натижаларга эришиш имконини берувчи энг инновацион ва илғор энергия тежовчи технологияларини ўзида жамлаган кенг кўламли комплекс корхона – “Global Textile Infinity”ни бунёд этмоқда. Қиймати 1,3 трлн. сўм бўлган тўқимачилик корхонаси йилига 11,2 минг тонна калава ип ҳамда 13,6 минг тонна тўқима мато ишлаб чиқариш қувватига эга.
18 гектардан зиёд майдонни эгаллаган йирик мажмуада шу йилнинг ноябрь ойида трикотаж цехининг янги линияси ишга тушади, шунинг баробарида бўяш цехи ва бўялган трикотаж матолар сифатини назорат қилиш лабораториялари ҳам фаолиятини бошлайди. Шу тариқа 2023 йилга қадар бирин-кетинликда корхона тўлиқ ишлай бошлайди.
“Global textile infinity” корхонасида 3000 дан зиёд ишчи ўрни яратиш кўзда тутилган. Маҳсулот сифати, ишлаб чиқаришнинг экологик тозалиги ва ижтимоий жавобгарликнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги бўйича барча зарур халқаро сертификатлар билан тасдиқланган корхона Ўзбекистонда кластер тури бўйича қурилган технологик тўқимачилик компаниясининг ёрқин намунаси.
– Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунга келиб, “Global textile infinity” мисолида 100 фоиз ўзимизда пахтани қайта ишлашга гувоҳ бўлиш мумкин, – дейди корхона раҳбари вазифасини бажарувчи Муҳаммадғулом Каримов. – Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида тадбиркорларга кенг шароит яратиб бериш учун мамлакатимизда алоҳида индус- триал зоналар ташкил қилинмоқда. Корхонамиз жойлашган ҳудуд “Оқтепа” кичик саноат зонаси ҳисобланади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, қурилиш дастурига мувофиқ, корхона жойлашган ҳудудга яқин маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли учун электр тармоғи линиясини тортиш, ичимлик суви олиб келиш, кўчаларни асфальтлаш, боғча ва мактаблар қуриш, барча йўл белгилари ўрнатиш, шаҳар марказига бориш йўналишларини шакллантириш, ёшлар учун ўқув марказлари қуриш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил электр энергия манбалари жорий этиш каби ижтимоий лойиҳалар ҳам кўзда тутилган.
– Ўз далаларимизда етиштирилган пахта қайта ишланадиган тўқимачилик корхонасининг очилиши маҳалламиз ривожланишида муҳим қадам бўлди, – дейди корхона жойлашган “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олтиной Қорачаева.
Корхона томонидан жаҳон миқёсида юқори сифатли ипларни ишлаб чиқаришга бўлган интилишда эзгу мақсад мужассам десак муболаға эмас. У ердаги замонавий технология ва юқори малакали мутахассислар сифатли маҳсулот тайёрлаш ва кўзланган мақсадга эришишда катта имконият яратади.
Муаттар МАҲМУДОВА.

Ulashing: