Press "Enter" to skip to content

Аҳолини рўйхатга олиш: У қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида рўйхатга олишнинг мақсади, асосий вазифалари ва уни ўтказиш босқичлари белгилаб қўйилган.
Унга кўра, аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи аҳолининг барча қатламига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганда, у аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисоб- ланади, келгуси 10-30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Фарғона вилояти статистика бошқармаси Aхборот хизмати бош мутахассиси Барнохон Мақсудова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Статистика тизимида аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг муҳим жиҳатлари нималардан иборат?

— Рўйхатга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, яшаш шароити ва бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича олинган маълумотлар расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди. Бунда респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш улар яшайдиган турар жой ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб сўров ўтказиш орқали амалга оширилади.

— Рўйхатга олиш қандай тартибда олиб борилади?

— Рўйхатга олиш варағи рўйхатга олувчи ходимлар томонидан фуқароларнинг сўзлари асосида тўлдирилади. Бу жараёнда яшаш жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентларнинг рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш жойлардаги ҳокимликлар томонидан ажратилган би-
но ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда амалга оширилади. Респондент рўйхатга олиш варaғидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варaғи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади. Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

— Ногиронлиги бўлган шахсларни рўйхатга олиш тартиби ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
— Гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамияти ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида олинади.

— Aҳолини рўйхатга олишга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

— Қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларнинг аҳолиси сонига аниқлик киритилмоқда. Рўйхатга олиш ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва уларни ушбу тадбирда фаол иштирок этишга жалб қилиш мақсадида 878 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Жорий йилнинг июль ойида эса шаҳар ва туманларда “Рўйхатга олиш” бўлимлари очилган бўлиб, август ойида 713 нафар регистраторлар томонидан 1062 та маҳалладаги уй-жойлар ўрганилиб, маҳалла харитасига шартли белгилар ёрдамида ўзгартиришлар киритилди. Бундан ташқари, давлат ташкилотлари ва аҳоли гавжум жойлардаги мониторларда шу хусусидаги видеороликлар намойиш этилмоқда. Таълим муассасаларида, бошқа ташкилотларда давра суҳбатлари олиб борилди.
Аҳолини рўйхатга олиш орқали ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бош- қарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотлар тўпланади.

Шокир
НОРМУҲАММЕДОВ.

Ulashing: