Press "Enter" to skip to content

“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ”: АҲОЛИ ЖОНИГА ОРО КИРАЁТГАН ЛОЙИҲА

Маҳаллада қандай камчилик бор, аҳолини қанақа муаммолар қийнаяпти?
Сув, газ, электр таъминотини яхшилаш ёки ички йўлларни таъмирлаш керакдир?
Бу саволларга жавобни ҳаммадан ҳам аҳоли яхши билади, албатта.

Маълумки, маҳал-лалардаги бу каби муаммоларни ҳал этиш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жорий этилган. Уни амалга ошириш жараёнида фуқаролар томонидан долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган лойиҳалар илгари суриляпти. Уларни рўёбга чиқариш натижаси ўлароқ, маҳаллалар обод бўлиб, аҳоли турмуши яхшиланмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа бюджет маблағларини мақсадли ва манзилли сарфлаш имконини беряпти.
Шу йилнинг февраль-март ойларида “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи босқичи ўтказилиб, овоз бериш натижаларига кўра, фуқароларнинг 247 та таклифи танлаб олинган бўлиб, уларни амалга ошириш қиймати 137,3 миллиард сўмни ташкил этди.
Таклифлар асосида лойиҳа-лар ишлаб чиқилиб, улар доирасида 201 та маҳаллада тегишли ишлар бажарилмоқда. Бу, 850 минг нафардан ортиқ фуқаронинг муаммолари ҳал этиляпти, дегани. Хусусан, Фарғона шаҳрининг “Нафосат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий узунлиги 8,2 километрга тенг ички йўллар асфальтланди. Шунингдек, “Навбаҳор” ва “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўчалар қисман асфальт билан қопланди.
— “Ташаббусли бюджет” орқали шаҳардаги бешта оилавий поликлиника тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Учта мактабгача таълим ташкилоти ва бешта мактабда таъмирлаш ишлари бажарилди. Мактаблар айни пайтда жиҳозланди ҳам, — дейди Фарғона шаҳар молия бўлими жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш инспектори Зиёдахон Абдулҳаева.
Шу ўринда вилоят бўйича 59 та ўрта таълим мактаби ва 10 та мактабгача таълим ташкилоти таъмирланганини айтиб ўтиш лозим. Таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари тиббиёт муассасаларида ҳам амалга оширилган. Бундан ташқари, 81 та маҳаллада ички йўллар таъмирланган бўлса, 39 та маҳаллада бетон таянч устунларнинг ўрнатилиши, янги электр тармоғининг тортилиши, трансформаторларнинг таъмирланиши ҳисобига 33 мингта хонадоннинг электр таъминоти яхшиланишига эришилди.
Шу билан бирга 33 та маҳаллада ичимлик сувга бўлган эҳтиёж қондирилди, бошқача қилиб айтганда, 168 мингдан ортиқ аҳоли энди тоза сув ичадиган бўлди. Бу мақсадда сув хўжалиги ташкилотлари ишчилари бир қанча янги қудуқ қазиб, сув миноралари ва насосларини таъмирлашди. Қурилиш ташкилотлари эса 26 та кўп қаватли уйни таъмирдан чиқаришди.
“Ташаббусли бюджет” туфайли Қўқоннинг Чархин кўприк маҳалласида электр, газ, сув таъминоти яхшиланиб, ички йўллар таъмирланяпти.
— Таклифимиз маъқуллан-гани яхши иш бўлди, — дейди Чархин кўприкда яшовчи Замирахон Шокирова хурсанд бўлиб. — Маҳалламиздаги ўзгаришлар кўз ўнгимизда рўй беряпти. Илгарилари ёмғир ёққанда канализация тошиб, оқава сув ҳовлимизгача оқиб келарди. Кўчада на пиёда, на машинада юриб бўларди. Мана энди канализация янгиланди, сув, электр, газ таъминоти яхшиланди.
— Энг муҳими, маҳалламизга табиий газ келди, — қўшимча қилиб айтади унинг қўшниси Муқаддамхон Қобилова. — Энди маҳалладошларимиз куз-қиш мавсуми учун кўмир-ўтин ғамини емайдиган бўлди. Ахир, ёқилғини сотиб олиш учун мўмайгина пул сарфланарди…
Шу ўринда вилоятимиздаги олтита маҳалланинг газ тармоғига уланиши кўзда тутилганлигини қайд этиш лозим. Узунлиги 24,8 километрга тенг тармоқ тортилиб, бу ишга 4,5 миллиард сўм ажратилган.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасидаги ишлар тўхтагани йўқ. Гап шундаки, июль ойининг ўрталарида лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилган бўлиб, 115 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бугунги кунда фуқаролар томонидан илгари сурилган 2695 та таклиф бўйича овоз бериш жараёни кетмоқда. Улар орасидан танлаб олинган таклифлар бўйича амалий ишлар бошлаб юборилади. Демакки, яна кўплаб маҳаллаларда электр, газ, сув таъминоти яхшиланади, бинолар, ички йўллар таъмирланади. Бир сўз билан айтганда, шаҳар ва қишлоқларимиз янада обод бўлади.

Тамара
ТОШМАТОВА.

Ulashing: