Press "Enter" to skip to content

“MODERNA CERAMA”, “BELISSIMO”, “THINKERA” САВДО БЕЛГИСИ ОСТИДА…

Бир вақтлар Фарғонанинг бу чекка ҳудудида темир-бетон буюмлари заводигина жойлашган эди. Бугун эса қатор янги корхоналар, жумладан, Марказий Осиёда керамик плитка ишлаб чиқарувчи биринчи корхона ҳисобланмиш «Мoderna Ceramic Industries Ferghana» ўзбек-хитой қўшма корхонаси ишлаб турибди. Бу, шаҳар, қолаверса, вилоятимизда саноат тобора ривожланаётганининг бир инъикосидир.

— Аввали шпат, каолин, бентонит, кремний тутган тупроқ каби хомашё турлари Россия ва Хитойдан келтириларди, —дейди “Мoderna сeramic industries Ferghana” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари Дилмурод Аҳмедов. – Эндиликда биз ишлатаётган хомашёнинг 80-85 фоизи маҳаллий – Тошкент, Қашқадарё ва ўзимизнинг вилоятдан келтирилади. Бу, албатта, хомашёни сотиб олишга кетадиган маб- лағларни тежаб, уларни бошқа мақсадларга сарфлаш имконини беряпти.

Собиқ темир-бетон заводи негизида ташкил этилган кафель ишлаб чиқарувчи бу корхона ишлай бошлаганига етти йил бўлди. Қурилишнинг, шу жумладан, уй-жой қурилишининг ҳаммаёқда кенг қулоч ёзганлиги боис, унинг маҳсулотига талаб юқори. Бу ҳол корхонанинг турғун ишлашига имкон беряпти. Импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулотга ҳам ички, ҳам ташқи бозорда талаб катта. Ишлаб чиқарилаётган керамик плитканинг қарийб 50 фоизи Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Озарбайжонга экспорт қилинади. Яъни, хорижлик харидорларга бир ойда 400-500 минг АҚШ доллари, йилда эса деярли 5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот етказиб берилади.
Қўшма корхона ихтиёрига собиқ темир-бетон буюмлари заводи бино-иншо- отлари берилгани айни муддао бўлди, акс ҳолда уларни қуришга тўғри келарди. Лекин заводнинг маънан эскирган бино-
иншоотлари яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги боис, иш бошлашдан аввал улар таъмирланиб, тартибга келтирилган. Шундан сўнггина Италиянинг “Sacmi” компанияси асбоб-ускунаси ўрнатилиб, “Moderna cerama”, “Belissimo”, “Thinkera” савдо белгилари остида кафель ишлаб чиқарила бошланди. Шу тариқа 350 та иш ўрни яратилган қўшма корхона ички қурилиш материаллари бозорида ўз ўрнини топиб, барқарор фаолият юритмоқда.
— Корхонамизда бир кунда 15 минг
квадрат-метр кафель чиқарилади, — дейди дизайнер Муҳаммадасил Юрсинов. – Харидорларнинг талабига кўра, биз мингтага яқин гул солган ҳолда керамик плитка етказиб беришимиз мумкин.
Дизайнернинг гапини давом эттириб, корхонада унга асос солинган кундан бери меҳнат қилиб келаётган ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Наима Мамажонова керамик плитка ишлаб чиқаришда лой, кварцли қум, карбонатлардан фойдаланилишини айтди.
— Шундай бўлса-да, ҳар бир ишлаб чиқарувчи дала шпати, таркибида кремний бўлган тупроқ ва техник бўёқларни ишлатган ҳолда ўзининг айрича жараёнини ишлаб чиқади. Бунда асосий эътибор маҳсулотнинг пишиқ-пухталигига қаратилиб, бунинг учун аралашмага турли элементлар, хусусан, алюминий қўшилиши мумкин. Лекин бу, маҳсулот нархига таъсир кўрсатмай қўймайди, албатта.
Корхонада ёшлар кўп. Улардан бири — Абдулло Раҳимовнинг корхонага келганига эндигина бир йил бўляпти. Марғилон қурилиш коллежини 2020 йилда битирган бу йигитга ишлаб чиқариш жараёни илк ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Дилдора Нуралиевани эса бизга “уста принтерчи”, деб таништиришди. У пишиқ бўлиши учун печларда тоблангандан кейин “келадиган” плиткаларга гул солиш автоматини бошқаради. Гул босилганидан кейин, таркибига турли минераллар ва бирикмалар кирадиган буюмлар махсус автомат ёрдамида сир билан қопланади. Умуман айтганда, керамик плитка тайёрлаш кўп меҳнат талаб этадиган мураккаб жараёндир. Хомашёдан аралашма тайёрланганидан сўнг буюмларга шакл берилади, қуритилади, сир билан қопланади, тобланиб, сараланади ва ниҳоят, савдо белгиси кўрсатилган картон қутиларга жойлаштирилади.
…Корхона ишчи-ходимларига тушлик бепул. Бу, албатта, яхши. Лекин меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича қилинадиган ишлар бор. Кафель зарарли ишлаб чиқаришлардан, шундай бўлса-да, ходимлар ниқобсиз. Бу ҳол таажжубли. Ишлаб чиқариш цехи мукаммал таъмирланса, ходимлар кайфияти кўтарилади. Бу ишларни амалга ошириш корхона маъмурияти режасида борлигини айтиб ўтишди мутасаддилар.

Тамара ТОШМАТОВА.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.

Ulashing: