“УНДАН ШОИРРОҚ ШОИР КЎРМАДИМ”
Марғилондаги ижод мактабининг муҳташам мажлислар зали. Дарслар тугаб, тўгарак машғулотлари бошланадиган пайт. Суҳбатлашиб ё қоғоз қоралаб – ҳар ким ўз ҳолича эмин-эркин ўтирган болалар бирдан қўзғалиб, чуғурлаганча эшик тарафга югуришди:
— Устоз! Устоз келдилар!
— Ээ, мана менинг невараларим! – дея уларни қарши олади устоз, атрофига ғуж бўлиб йиғилган ўғил-қизларни бир-бир бағрига босиб.
Таниқли шоир Баҳодир Исо ҳар куни ана шундай беғубор тантана билан – ўқувчи ёшларнинг соғинчи, интиқлиги ила кутиб олинади. Унинг ҳар ташрифи болаларнинг кўнгил байрами, ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган буюк неъмат – Меҳрнинг содда намоёни! Бироқ айтиш керак, бу неъматга эришмоқ учун биргина ёрқин истеъдод камлик қилади.
Устоз ижод мактабига наинки таниқли шоир сифатида, камтарона феъл-атвори, одамийлиги, дарёдиллиги, миллатга садоқати туфайли ҳам ишга таклиф этилган. Зеро, бу қадим тажрибаки, улуғларнинг сабоғигина эмас, юриш-туриши, ҳар сўзи баайни тарбия. Бугун ушбу нақлнинг галдаги исботи ижод мактабидаги ёш шоирларнинг шеъриятга ихлоси, некбин ғояларида акс этаётир.
Серқирра истеъдод эгалари ҳақида муносиб сўз айтмоқнинг ўзи бўлмайди: Баҳодир Исо Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, қатор китоб ва достонлар муаллифи, рассом, ҳайкалтарош, шеърлари қўшиққа айланган самимий шоир.
Ўлкамиз узра байрамона шукуҳ кезинаётган ушбу фараҳбахш кунларда яна бир ажойиб хушхабар тиллардан тилларга ўтди: Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига кўра, ёшларимизни она юртга чексиз муҳаббат ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари учун Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг жонкуяр устози Баҳодир Исомов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди! Давлатимизнинг бундай юксак мукофоти озмунча меҳнат, машаққат эвазига берилмаслиги, инчунун ёшлар билан ишлаш тизимида натижага эришиш осон кечмаслиги аён ҳақиқат. Баҳодир Исомов айнан шу йўлни сабот билан босиб ўтди ва келажак ворисларининг порлоқ истиқболига ўз ҳиссасини қўша олди.
…1977 йил. Йўлдош Сулаймон пойтахтга йўл олар экан, “Ёшлик” альманахига таклиф сифатида фарғоналик умидли шоир Баҳодир Исонинг бир неч- та шеърларини олиб кетди. Ёш қаламкашнинг ижод намуналарини қабул қилиб олган устоз Эркин Воҳидов бир ўқишдаёқ уларга меҳр қўйиб, дафтарга қистириб қўйилган суратга қараб, юзи алланечук ёришиб:
— Худди менинг ёшлигим-ку! – дегандилар ҳайрат билан.
Тақдири илоҳийга ишорасифат бу хитобда атоқли сўз санъаткорининг ёш шоирга ишончи, ифтихори мужассам бўлса, не ажаб. Альманахнинг янги сонида унинг шеърлари босмадан чиқди. Бу риштонлик ижодкорнинг адабиёт оламига илк дадил қадами эди.
1988 йилда эса Муҳаммад Юсуф муҳаррирлиги остида “Хайрли тун” номли биринчи шеърий тўплами нашр этилди. Кейин-чалик “Одамлар ичидан одам изладим”, “Яхшилар бор яхшиям”, “Қишлоқдаги шоир” номли шеърий тўпламлари, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган “Булбул дили бор эди” номли қиссаси чоп этилди.
Буларнинг ҳар бири қўлма-қўл ўқилди ва ўқилмоқда, шеърлари куйга солиниб катта саҳналарда, сўнг қалблар тўрида жаранг-лаётир. Шон-шуҳратга парво қилмай, камтарлик тўнини елкага ташлаганча ҳамон ижодда изланиб яшаётган шоирга элнинг эҳтироми, давлатимиз эътирофи янада куч бағишлаши, ҳали кўп сара асарлар билан адабиётимизни бойитмоғи тайин.
Шу ўринда, Иқбол Мирзонинг устозга атаб битган шеърида “ундан шоирроқ шоир кўрмадим” деган таърифи ёдга тушади. Унда қуйидаги сатрлар ҳам бор:
Шеърнинг қийматини
билиб қўйган у,
Чаламуллаларни
илиб қўйган у.
Қиладиган ишин
қилиб қўйган у,
Баҳодир Исога
ҳавас қиламан.
Бугун устозга бутун Ўзбекистон ижод аҳли ҳавас қилаётгани, таниган-билганлар чин дилдан қувонгани, ёшлар шогирдлик мақоми билан фахрланаётганлари шаксиз. Шундай экан, бу юксак мукофот барчамизга муборак бўлсин!
Гулчеҳра АСРОНОВА.