Press "Enter" to skip to content

Маънавий суҳбатлар

ОСМОНГА ТУФЛАГАН ОДАМ

ёки ётиб еганга тоғ чидамас

Шаҳардаги махсус чиқиндихона ёнидан ўтиб кетаётиб, халқимизнинг “Туя бир пул – қани пул? Туя минг пул-мана пул!” деган мақоли ёдимга тушди. Қайсидир ноинсоф томонидан кераксиз, дея улоқтирилган нарсалар орасида нонни кўриб, рости, даҳшатга тушдим! Гап фақат ноннинг уволи ҳақидагина эмас, биз ўзимизни тиёлмаётган исроф хусусида…

Ўзим гувоҳман, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида матбуотда нонни футбол қилиб тепиб юрган болалар ва бу азиз неъматни чиқиндига ташлаган имонсиз кимсалар кўпайиб кетаётгани кун мавзусига айланган эди. Мақолаларнинг деярли барчаси бу ярамас иллат бир кун келиб ўзимиздан хун талаб қилади, яъни “Нимани хор қилсанг – шунга зор бўласан”, деган мақолни унутмаслик керак, деган хулоса билан якунланган эди.
Собиқ тузум даврининг сўнгги ва парчаланган пайти дастлабки йилларини катта ёшли кишилар яхши эслашади. Магазин ва бозорлар бўм-бўш эди. Омборларда халқимиз истеъмолининг бир кунига етадиган дон қолганди. Дўконларда нонга соатлаб навбатда туришлар, оила жон бошига бир ойга икки килограммдан талонга ун тарқатишлар, кишлоқларда баракали бўлсин, деб оналаримиз бир кафт унга икки кафт маккажўхори, оқ жўхори ва хатто гурунчдан тегирмонда чиқарилган ун қўшиб нон ёпишганини унутганимиз йўқ. Худди нон каби икки яноғи тандир тафтидан олов рангга кирган волидаи муҳтарамаларимиз ғамни, ҳадикни ичга ютиб, синиқ табассум билан нон ушатиб берганлари кўз ўнгимизда. Соғинганингда онанг чеҳрасини ёдингга соладиган нонга бундай муносабатни халқимиз нонкўрлик, деб атайди.
Юқоридаги халқ мақолининг ёдимга тушишига айримларнинг бугунги тўқликка, тўкинликка, нон-ку нон, Оллоҳ берган бошқа неъматларга ношукурлик қилаётгани, бугунги фаровон кунлар қадрига етмаётгани боис дилим оғриганидан эди.
Йўқчилик ва тўқчилик…
Тўқчилик қадрини йўқчиликни кўрганлар айтсин! Фаровон яшаш нелигини ночорлик дамларини бошидан ўтказган, тўкин-сочинликнинг шодумон кунлари сурурини суриб, бахтли яшаётганлардан сўранг!
Йўқчилик қимматчилик эмас, қаҳатчилик дегани.
Тўқчилик исрофгарчилик, орқа – олдингга қарамай сочавер, бу неъматларнинг адоғию таги йўқ, етти пуштингга етиб ортади, дегани эмас, асло!
Ҳамма нарсанинг уволи бор. Бугунги тўкинлик ўз-ўзидан яралиб қолгани йўқ. Бунинг замирида қанчадан-қанча инсоннинг меҳнати, пешона тери борлигини эсдан чиқармайлик. Биз кундалик истеъмолда фойдаланаётган барча неъматлар туганмас хазина эмас. Ётиб еганга тоғ чидамас, дейдилар. Улардан эртага фарзандларимиз, невара-чевараларимиз фойдаланиши учун ҳам исрофдан қўрқишимиз шарт!
Уйимизда атиги ярим соат чироқ ўчса, газ босими пасайса, жумракда сув томчилаб қолса норизо бўлиб чимрилишдан аввал, вақтики келиб, улар буткул тугаб қолишини тасаввур қилайлик. Ёзда тарвузни совутиш учун крандан “шарилллатиб” очиб қўядиган оддийгина тоза ичимлик сувимиз захиралари дунё миқёсида камайиб кетаётгани, она заминимиз кундан-кунга чўлланиб бораётганига нега бунчалар бефарқ қараймиз? Табиатнинг ўзи бизни бу хавфдан бот-бот огоҳ этиб турса-да, нега ҳушёр тортмаймиз?
Тўқликка – шўхликни қарангки, лайчасига қазию колбаса, тўтиқушига сарёғ, даканига лаҳм гўшт бераётганлар, ҳўкизини ундан тайёрланган атала билан боқаётганлар борлигига нима дейсиз?! Шунчаликкаям борамизми?!
“Уларни текингамас, пулига олган, беради-да” дейдиганлар топилади.
Ҳамма бало мана шунда. Шунақа фикрлашимизда. Бундай калта ўйлаш билан қаергача етиб борамиз? Ҳозирию ҳузурини ўйлайдиганлар бор. Уларни худбин дейишади. Худо берган табиат неъматларини оёқости қилаётганда, беҳудаги газ, сув жумрагини очиб қўйганда, чироқни ёниқ қолдирганда, исрофга йўл қўйганда худди шундай ўйлайди: хоҳлаганимни қиламан , пулини тўладимми, энди бу менинг мулким”
Шу ўринда қизиқ бир воқеа эсга тушади. Ўғил кўрпанинг қатига қўл тиқса, қўйган пули йўк!
– Она, пулимни олмадингизми?
– Олдим.
– Бекор қипсиз, у меники эди, беринг.
– Сени ўзинг меникисан-ку, болам.
Изоҳга ҳожат йўқ. Она табиатнинг тили бўлганда, анаву ғофилга “Сени ўзинг аслида меникисан, нодон” деган бўларди.
Табиатни асраш, унга нисбатан қилинган тажовузкорона ҳаракат беиз кетмаслиги ҳақидаги гаплар минг йилдан бери айтилади, дейсизми? Тўғри, лекин минг йилдан бери инсон зотининг қулоғига кирмаса қийин эканда!
Осмонга туфласанг, қайтиб юзингга тушади. Шундай аҳволга йўл қўймайлик. Зеро, исрофнинг бадали оғир келади.

Абдужалил БОБОЖОНОВ.

Ulashing: