Press "Enter" to skip to content

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига

Янги Ўзбекистон: истиқлол солномасининг янги саҳифаси!

Ҳар йили, саховатли кузнинг биринчи тонгида миллий истиқлол байрамини нишонлар эканмиз, мустақиллик солномасининг янги саҳифасига ўзгача шиддат, эртанги ютуқларимизга қатъий ишонч билан қадам қўямиз.

Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона
вилояти Кенгаши раиси,
“Дўстлик” ордени соҳиби

Байрамнинг улуғ шукуҳи озод ва обод Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий бўй-бастини дунё кенгликлари узра намоён этаверади.
Ўттиз бир йил озмунча вақт эмас, албатта. Лекин ўтган даврда фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори истиқлол йилларида нишонланган тинчлик тантанасининг 2022 йилда ҳам ўзгача шукуҳ, ўзгача юқори кайфият касб этишига замин бўлишига ишонамиз.
Бу йилги шодиёналар “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” эзгу ғояси остида нишонланади. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бугунги кунда Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда аҳолининг конституциявий ислоҳотларга бўлган қизиқиши жуда юқори эканлиги ва билдираётган таклифлари Конституциямизнинг халқчил бўлишида, инсон қадрини янада улуғлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги вақтда устувор сиёсат даражасига кўтарилган камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда “маҳаллабай”, “хонадонбай” тизимлари орқали ишланиб, аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш, субсидиялар орқали ўзини ўзи банд қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида бугунги кунда касаба уюшмалари хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, энг асосийси, «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, 2022 йилнинг август ойи ҳолатига вилоятимизда 47 та кооперация ишга туширилиб, уларда 921 та доимий ишчи ўрни яратилди. Шунингдек, 6 минг 951 та хонадонда 8 минг 597 нафар аҳоли, шундан 7 минг 395 нафар аёллар кооперациялар фаолиятига жалб этилди. Биргина Риштон туманидаги “ММ Porcelain” МЧЖ, “Ҳайдаров Сахобилло” оилавий корхонаси, “Keramik рroduct roshidon” хусусий корхонаси ва “Расулов Сухроб Муминжонович” оилавий корхоналарида кооперация лойиҳалари бўйича 640 нафар хотин-қизларнинг кулолчилик йўналишида бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, Бағдод туманида «Gulnora bodomlari» ишлаб чиқариш корхонасида бодомга ишлов бериш, «Zolotaya dolina» МЧЖда супургичилик йўналишида 525 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. Бу каби ишлар энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида янада кенг қулоч ёймоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун биз эришган ва эришажак юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шундай экан, азиз элимизда, Янги Ўзбекистонимизда инсон қадрини улуғлашни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги улуғвор ишларимизни халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз. Зеро, озод ва обод, эркин ва фаровон Ватанда яшаш, унга хизмат қилиш барчамизнинг эзгу мақсадимиздир.

Ulashing: