Press "Enter" to skip to content

Аҳоли мурожаати адлия органлари назоратида

КУТУБХОНАЧИЛАРГА “ЧАНГ ПУЛИ” ТЎЛАБ БЕРИЛДИ

Учкўприк туманида истиқомат қилувчи Сожида Раҳмонова 30 йилдан буён мактабда кутубхоначи бўлиб ишлайди. Унинг айтишича, кутубхоначиларга эски китоблар фонди билан ишлаганликлари учун, халқ тили билан айтганда, қўшимча “чанг пули” тўлаб берилиши керак. Бунинг учун ҳукуматнинг махсус қарори ҳам қабул қилинган. Аммо йиллар давомида мана шу қўшимча ҳақ кутубхоначиларга тўланмай келган. Унинг Учкўприк туман адлия бўлимига мурожаат қилишининг асосий сабаби ҳам шунда эди.

— Илгарилари “чанг пули” тўлаб берилган. Бироқ сўнгги йилларда негадир меҳнатга ҳақ тўлашнинг бу шарти бизга қўлланилмай қолди, — дейди Сожида Раҳмонова. — Биласиз, минглаб эски ва янги китоблар сақланаётган кутубхоналарда чанг билан боғлиқ аллергик касалликлар келиб чиқиши эҳтимоли юқори. Бундай шароитни ҳисобга олиб, ҳукуматимизнинг алоҳида қарори қабул қилинган. Ҳақ-ҳуқуқим бўйича Учкўприк туман адлия бўлимига ариза бердим. Буни қарангки, мурожаатим қонуний ва ижобий ечимини топди.
Ҳақиқатан ҳам, мурожаатчи ҳақ эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларининг қўшимча ҳақ тўланадиган ходимларининг лавозимлари рўйхати, қўшимча ҳақнинг турлари ва миқдорлари” баён этилган илованинг 23-бандида мактаблар, барча тур ва номдаги мактаб-интернатлар кутубхоначиларига ёки бошқа ходимларга дарсликларнинг кутубхона фонди билан шуғулланганликлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,6 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ ҳамда кейинги ҳар бир 1500 нусха дарслик-лар учун 5 фоиз, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10,6 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган бўлса-да, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг 63 нафар кутубхоначиларига берилмаган.
Туман адлия бўлими қонунчиликни таъминлади. Кутубхоначиларга 2021-2022 ўқув йиллари учун “чанг пули” тўлиқ тўлаб берилди.

Ulashing: