Press "Enter" to skip to content

ПАХТАЧИЛИКДА ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ: ТАЖРИБА ВА ТАҲЛИЛ

Экинларга ишлов бериш ва суғориш ишларида қўл меҳнатини камайтириш ҳамда суғоришни автоматлаштириш имкониятларининг юқорилиги боис томчилатиб суғориш усули вилоятимизда кундан-кунга кенгроқ майдонларга татбиқ қилинмоқда. Сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирлар қўллаб-қувват-ланиб, бунинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташки-
лотларга ҳукуматимиз томонидан қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиб берилмоқда.

Аслини олганда, пахтачиликда жорий этилаётган томчилатиб суғоришнинг дунё тажрибаси Ўзбекистон шароитида ўзини оқлаяп-тими? Бу борада фермерлар қан-дай фикрда?
Фарғона вилоятида пахта экин майдонлари 82080 гектарни ташкил этиб, кластер ва фермерлар ташаббуси билан бу йил 8 минг гектардан кўпроқ майдонда шу тажриба қўлланилмоқда.
— Жаҳон миқёсида сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бораётган бугунги шароитда, айниқса, қишлоқ хўжалигида, суғоришда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг сув тежайдиган ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шоҳрух Мирзаев. – Пахтачиликдаги ушбу муаммоларни ечиш тармоққа инновацион, тежамкор технологияларни тезроқ жорий этишга боғлиқ. 2025 йилгача пахта экин майдонларида 100 фоиз томчилатиб суғориш технологияси жорий этишни мақсад қилганмиз.
— Тупроқни таназзулга учратиш осон, лекин уни қайта тиклаш жуда мушкул иш. Шунинг учун ҳам тупроқни, унинг унумдорлигини муҳофаза қилиш муҳимдир. Томчилатиб суғоришнинг бошқа суғориш усулларидан фарқли жиҳати шундан иборатки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув бошқарилади, – дея мазкур тизимнинг афзаллик жиҳатларига изоҳ берди узоқ йиллик тажрибага эга агроном Эрмуҳаммад Шодиев. – Одатдаги эгатлаб суғориш усулида сув эгатга оқизилгандан сўнг даланинг бир қисмида тупроқнинг нам-
лиги ҳаддан ортиб кетса, бошқа қисмида сув яхши оқмаганлиги туфайли тупроқ яхши намланмайди. Томчилатиб суғоришда эса сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда берилади. Шундай қилиб даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намликнинг юзага келишига йўл қўйилмайди.
Шундай қилиб, томчилатиб суғоришда экин илдиз қатламининг намлиги бир хилда ушлаб турилади ва у бир текис ривожланади. Томчилатиб суғориш ҳар гектарига 40-50% сувни тежаш имконини беради.
Дарҳақиқат фермерлар бу усулнинг афзаллигини ўзлари амалда синаб кўришди. Қўштепа туманидаги “Fergana Global textile” пахта-тўқимачилик кластери вилоятда биринчи бўлиб автоматлаштирилган томчилатиб суғориш иншоотини жорий қилган пахтачилик кластери ҳисобланади. У ерда Исроилнинг “Нетафим”, “Ривулис” компаниялари билан ҳамкорликда томчилатиб суғоришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тумандаги лойиҳа қиймати 4,7 миллион сўм бўлган Бешкапа ва Дўрмон насос станциялари ҳусусий шерикчилик асосида “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластерига берилди.
Биринчи босқичда 215 гектар ерда томчилатиб суғориш жорий этилди. Бунинг учун 17 минг куб метр сиғимга эга сунъий ҳовуз қурилиб, 3 та тик қудуқ қазилди. 520 минг долларлик замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Мазкур технология ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 гектар пахта майдонини суғориш мумкин. Самарадорлик яхши бўлмоқда. Ҳосилдорлик кескин ошиб, 44 центнерни ташкил қилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида, яъни бу йил 1 минг 200 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этиляпти. Ҳозирда 10 та лойиҳа Исроилдан ускуналар келишини кутиб турибди. Келгусида барча лойиҳалар ишга туширилса, сув ва минерал ўғитлардаги тежамкорлик ортади, шунингдек, ҳосилдорлик кўпаяди.
Кластерда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш лойиҳаси раҳбари Сардорбек Иноятовнинг таъкидлашича, томчилатиб суғориш тизимини ҳамма жойда, ҳатто бошқа суғориш усулларини қўллаш мумкин бўлмаган ёки суғориш яхши самара бермайдиган шароитларда ҳам қўллаш мумкин. Бунинг учун томчилатиб суғоришнинг муайян ҳудудни ўзига хос шароитлари ва етиштириладиган экин турига мос келадиган тури тўғри танланса бўлди. Томчилатиб суғориш тизимларни, айниқса, мураккаб рельефли ва нишаблиги катта участкаларда, ўта қурғоқчил ва шамоли кучли бўлган ҳудудларда, тупроқ қатлами юпқа ва сув шимилиши юқори бўлган жойларда, насослар ёрдамида сув бериладиган ҳудудларда, суғоришга тозаланган чиқит сувлар ишлатиладиган ҳолатларда қўллаш жуда юқори самара беради.
Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиш машаққат эканлигини фермерлар яхши билишади. Масалан, Қўштепа туманининг қа-рийб 80 фоиз ҳудуди унумдорлиги паст ерлар. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида кўзланган натижаларга эришиш қийин эди. Лойиҳа ишга туширилгач, бу қумлоқ ерларга плёнка остида томчилатиб суғориш учун мосланган махсус елим шланглар ётқизилди, уруғ қўшқатор усулда уялаб қадалди. Экинлар ягана, чопиқ қилинмади. Ниҳолларни керакли сув ва озуқалар билан таъминлашда аниқ ҳисоб-китоблар асосида ётқизилган қувурларнинг хизмати катта бўлди. Улар керакли чуқурлик ва кўламда ер намлигини сақлаб туриши билан бирга минерал ўғитлар, зарарли ҳашарот, бегона ўтларга қарши курашиш воситаларини етказиб берди. Натижада ҳатто сув тақчил, унумдорлиги паст бўлган ерларда ҳам юқори ҳосил олишга эришилди.
Фарғона туманидаги “Fergana osean textile” пахта-тўқимачилик кластери Туркия технологияси асосида 3500 гектар пахта майдонга томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган. Аввалги йилларда ҳар гектар майдондан 20-22 центнергача ҳосил олинган бўлса, ўтган йил ҳар гектардан 35 центнергача ҳосил олинди. Бу йил ҳосилдорлик 50 центнергача кўтарилиши кутилмоқда.
– Томчилатиб суғоришнинг афзал томони шунда эканки, пахта танасига сув шланглар воситасида етказиб берилгани боис дала тупроғи қотмайди, натижада тупроқни юмшатишга, яъни культивация ва ариқ олишга ҳожат қолмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолди. Бу билан меҳнат ва ёнилғи мойлаш материаллари тежалди. Энг муҳими, далада сувчиларнинг кетмон кўтариб, ариқ тўғирлаб юришига ҳожат қолмади, яъни суғоришдаги қўл меҳнати кескин камайди, – дейди кластер раҳбари Мўминжон Юлдашев.
Аммо тан олиб айтиш керак. Ҳар қандай технология-нинг ижобий ва салбий томонлари бўлади.
Маълумки, томчилатиб суғориш технологиялари асосан Россия, Туркия ва Германия давлатларидан олиб келинади. Ускуналар катта маблағ талаб этиши бор гап. Лекин шунга қарамай мамлакат ҳукумати белгиланган ислоҳотларни амалга оширишга қаттиқ бел боғлаган. Шу сабаб фермерларга имтиёзли асосда кредитлар жорий этилди. Лекин, кредитларни олишда Бағдод ва Бувайда туманларидаги фермерлар асоссиз узоқ кутишга мажбур бўлишаётганини айтишмоқда.
Бу муаммонинг бир томони бўлса, пахтачиликда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни иқтисодий рағбатлантириш, томчилатиб суғориш тизимларини бутловчи қисмлар билан таъминловчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари етишмаслиги яна бир муаммоли вазиятни келтириб чиқармоқда.
Айрим жойларда томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланувчи фермерларда малака етарли эмас.

Муаттар МАҲМУДОВА.

Ulashing: