Press "Enter" to skip to content

ҚУВАСОЙГА КАТТА ФУТБОЛ ҚАЧОН ҚАЙТАДИ?

Қувасой футболи деганда, барчанинг кўз ўнгида сўзсиз – “Цементчи” жамоаси гавдаланади. Шаҳарда аввал бошқа футбол клублари фаолият юритган бўлса-да, улар “Цементчи” каби шон-шуҳратга эришган эмас. Шунинг учун қувасойиклар ушбу жамоани бошқача эъзозлашади. Аммо команда нега ўзбек футболи тарихидаги шонли мавқеини сақлай олмади, умуман Қувасойда катта футбол учун замин борми? Мақоламизда шу каби масалалар, мавжуд муаммолар хусусида фикр билдиришни лозим топдик.

Номдор рақиблар
билан теппа-тенг

90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида Қувасой футболи ўзининг ёрқин дамларини ўтказган, десак муболаға бўлмайди. Аввалига Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи лигасида, кейин эса биринчи лигада муваффақият қозонган “Цементчи” 2003 йилда олий лигага йўлланма олди. Дастлабки ўйинлардаёқ жамоа бир қатор номдор рақибларини анча қийин аҳволга солиб қўйди. Чунки команда олий лигага шунчаки чиққан эмасди. Ҳатто мухлислари ўз уйида ҳам, сафарда ҳам стадионни тўлдириб, севимли жамоаларини қўллаб-қуватлашарди.
2004 йилда Қувасойга ўзининг юлдузли таркиби билан келган “Пахтакор” зўрға дуранг натижага эришганининг гувоҳи бўлганмиз. Ўша пайтларда футбол қувасойликлар учун ҳақиқий байрамга айланар эди. Учрашув ўтказиладиган кун шаҳар аҳли сайрга, маданий ҳордиқ олишга чиқарди гўё. Футболни бошқача ардоқлашарди маҳаллий ишқибозлар.

“Юлдузлар фабрикаси”

Қувасой футболини, шунингдек, “юлдузлар фабрикаси” ҳам дейишар эди мухлислардан тортиб мутахассисларгача. Боиси, “Цементчи” клубида тўп сурган кўплаб ўйинчилар кейинчалик ўзбек футболининг юлдузига айланишар эди. Бунга яқинда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи сифатида Осиё чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритган Темур Кападзени мисол қилиш мумкин.
Кападзелар сулоласи тўнғич вакилининг биринчи командаси “Цементчи” саналади. Бу жамоадаги ёрқин ўйинларидан сўнг, вилоятимизнинг номдор клуби – “Нефтчи” Темурни ўз сафига қўшиб олган эди. Худди шундай йўлни Носир Отақўзиев, Ғайрат Ҳасанов, Абдумалик Ҳакимов каби бир қатор таниқли футболчилар ҳам босиб ўтишди.

Иккинчи уйғониш

2004 йилда “Цементчи” олий лигани тарк этгач, узоқ муддат биринчи ва иккинчи лигада тўп сурди. 2015 йилдан бошлаб эса жамоа ўз олдига жиддий мақсад қўйди ва олий лига сари дадил қадам ташлади. Аввалига вилоят чемпиони, кейин эса биринчи лигада ғолиб бўлиб, 2018 йили олий лигада (ҳозирги суперлига) ўйнаш имкониятига эга бўлганди.
Бироқ ҳаётда бўлгани каби, футболда ҳам кутилмаган ҳодисалар учраб туради. Шу йили олий лига суперлигага айлантирилиб, жамоалар сони 16 тадан 12 тага камайтирилди. Бунинг натижасида вилоятнинг бош жамоаси “Нефтчи” кучлилар сафини тарк этиши лозим эди.
Кутилмаганда, бир неча йиллик орзусига эришиб, ниҳоят кучлилар сафига йўлланма олган “Цементчи” клубига суперлигада “Нефтчи” номи остида иштирок этиш таклиф этилди. Шу тариқа, “Цементчи” клубининг барча аъзолари, футболчилардан тортиб, матбуот котибигача Фарғонага кўчиб ўтиб, “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилишди. Аммо жамоанинг кайфияти яхши эмасди. Бу ўйинларда ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жамоа кутилган натижага эришолмагач, клуб таркиби истеъфога чиқарилди.

Учинчи уйғониш
бўладими?

Мана орадан тўрт йил ўтди. “Цементчи” иккинчи лигада иштирок этиб келмоқда. Жамоада олдинги каби иштиёқ йўқдек. Эътибор ҳам олдингидек эмас. Бир пайтлар ажойиб ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган жамоанинг номи қолган холос. Ўйинлар футболсевар қувасойликларни қониқтирмаяпти.
Илгари молиявий жиҳатдан бақувват бўлган “Цементчи”нинг ҳозирги иқтисодий аҳволи яхши эмас. Бир сўз билан айтганда, клуб ёрдамга муҳтож. Қувасой шаҳрининг салоҳиятини ҳисобга олсак, “Цементчи” бемалол суперлигада иштирок этишга қодир. Бунинг учун шаҳар ҳокими ва мутасаддилар жамоага озгина эътибор беришса кифоя.
Юқорида айтганимиздек, Қувасойда футболни жуда севишади, ардоқлашади. Мухлислар шаҳарга яна катта футбол қайтишини кутишмоқда. Улар орзулаган кун узоқ куттирмайди, деган умиддамиз.

Аброр ДЕҲҚОНОВ.

Ulashing: