Press "Enter" to skip to content

ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун мактаб формасини тўлиқ жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қарорга кўра, 2022-2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади. Бунда, 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман-шаҳарларда мактаб формаси ишлаб чиқарувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади.
Ягона мактаб формаси жорий этилишида қандай афзалликлар мавжуд, деган савол туғилиши табиий. Бу, биринчидан, ўқувчилар ўртасида ижтимоий табақалашувнинг олдини олади. Ўқувчилар ташқи кўриниш ва кийимларнинг қимматбаҳолигига қараб эмас, балки синфдошларининг билими, одобига, жамоат ишларидаги фаоллигига кўпроқ эътибор қаратишига эришилади.
Иккинчидан, ўқувчиларда вазият ва маконга қараб кийиниш маданияти, қолаверса, Европа маданиятига хос бўлган “кўз-кўз қилиш”, кибрланиш каби иллатларга салбий муносабатни шакллантиради. Уларнинг интизомини мустаҳкамлайди. Таълим-тарбия жараёнидаги кийиниш тартибига амал қилиш орқали ёшлар жамиятдаги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш кераклигини англайдилар.
Муҳим жиҳатларидан яна бири, мактаб формасига амал қилиш ўқувчиларда ҳар кунги кийим танлаш муаммосини ҳал қилади, ота-оналарни фарзанди учун бир неча хил кийимлар олиб бериш билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатларининг олдини олади. Бир сўз билан айтганда, янги ўқув йилидан мактаб формасининг тўлиқ жорий этилиши таълим-тарбия жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.

Шербек МУСАЕВ,
Фарғона шаҳар юридик
хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти.

Ulashing: