Press "Enter" to skip to content

Ижодий сафар

БЎЗАТОВДА “ФАРҒОНА ТАЖРИБАСИ”

Мухбиримиз Бўзатов туманида ижодий сафарда бўлиб, доимий фаолият олиб бораётган “Фарғона-Бўзатов тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дирекцияси” раҳбари Акмалхўжа САИДОВ билан қисқа муддатда амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида суҳбатлашди.

Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси шимолий туманларини ободонлаштириш, аҳолиси турмуш даражасини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кундан-кунга кенга-йиб бормоқда. Шу жумладан, ўзаро ҳамкорликда ҳудудларни ривожлантириш учун Фарғона вилоятига бириктирилган Бўзатов туманида “Фарғона тажрибаси” асосида амалий ишларга киришилган, турли йўналишлардаги ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқаришга татбиқ этилмоқда.

– Фарғоналик ташаббускор тадбиркорлар, миришкор деҳқонлар, ўз касбининг тажрибали мутахассислари, айтиш жоиз бўлса, ҳақиқий фарғоначасига ишга киришишган. Гарчи қорақалпоқ замини ва табиа-ти бизнинг иқлимдан қисман фарқ қилса-да, на ўзлаштирилмаган ерлар, на жазирама иссиқ уларнинг ғайрат-шижоатига халақит бера олаяпти. Тўғриси, ишлар кўлами жуда кенг. Хусусан, халқ депутатлари Бўзатов тумани Кенгаши қарори билан қишлоқ хўжалиги йўналишда 19 та ташаббус-корлар учун талаб этиладиган 3 минг 884 гектар ер майдонлари ажратиш маъқулланди. Шу кунга қадар 13 та лойиҳа ташаббускорлари 3 минг 428 гектар ер майдонининг электрон онлайн-аукцион ғолиблари бўлишди.
Бўзатов қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туман эканлигини инобатга олиб, янги ерларни ўзлаштириш, оқава сув олиб келиш, ҳудуд иқлим ва ер шароитига мос бўлган экин турларини жойлаштириш ва парваришлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу ишларни амалга ошириш учун 8 та ҳайдов,3 та экскаватор, юклаш механизмлари ва бошқа юқори унумли техникалар жалб этилди. Амалий ишлар доирасида 143 км ариқлар ва 97 км коллекторларни тозалаш, 2 та янги насос ишга тушириш борасида лойиҳалар амалга ошириляпти. Шу кунга қадар 1 минг 544 гектар ер майдони ўзлаштирилди. Бу белгиланганидан 220 гектар кўп. Ўз вақтида олиб борилаётган агротехник тадбирлар, бўзатовлик деҳқонларнинг амалий ёрдами, қўллаб-қувватлашлари натижасида экинлар баравж ривожланмоқда.
Шунингдек, боғдорчилик, полизчи-
лик, чорвачилик, иссиқхона хўжалик-лари ташкил этиш, озуқабоп экинлар етиштириш борасида ҳам истиқболли лойиҳалар татбиқ этиляпти. Одамларнинг яратувчилик, ривожлантириш борасида иштиёқи баланд. Танлов орқали ғолиб бўлган ер майдонларини ўзлаштириш ишлари давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги йўналишида 320,2 млрд. сўмлик 23 та лойиҳа амалга оширилиб, 179,4 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилади, 14,6 млн. АҚШ долларилик маҳсулот чет давлатларга экспорт қилинади. Бунинг натижасида маҳаллий бюджетга 11,6 млрд. сўм маблағ туширилади.
– Маҳаллабай ишлаш, камбағалликни қисқартириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бугунги куннинг муҳим амалларидан. Бу борада қандай ишлар, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда?
– Дарҳақиқат, одамларнинг кундалик ҳаёт тарзи учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратиб бериш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга бўлган эътибор ошди. Бу бежиз эмас. Қорақалпоқ ери тоза, тупроғи унумдор. Фақат бироз эътибор, қўллаб-қувватлаш орқали мавжуд имкониятлардан тўғри фойдаланиш мақсадга мувофиқ амаллардан. Шу кунга қадар 510 та хонадонларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди, 50 минг туп мевали кўчатлар ўтқазилди, 185 та хонадон томорқасига кичик иссиқхоналар қуриб берилди, икки гектардан ортиқ томорқа хўжаликларига “Олтиариқ тажрибаси” бўйича узум кўчати экилди, “Риштон тажрибаси” асосида сўритоклар қурилди. Маҳсулдор қуёнлар, зотли қўй-эчки берилди. Эчкичилик йўналишида кооперация фаолияти йўлга қўйилди.
Фарғоналиклар миришкор томорқа-чилар кўмаги билан Бўзатовда лимон-
чилик ва кўчат етиштириш оммалаш-моқда. Паррандачиликни “драйвер” соҳага айлантиришга эътибор қаратила бошланди. Шу мақсадда 300 дан ор-тиқ хонадонларга 6 минг бош курка ва парранда, 7 та хонадонга қуввати 510 бош жўжа олиш имкони бўлган инкубаторий қуриб берилди. Бу амалий тажриба ҳар бир ҳудуд иқлим шарои-
тига мос бўлган наслли парранда етиштириш, маҳсулдорликни ошириш имкониятини бермоқда.
Инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. «Marg`ilon hunarmandlari» МЧЖ ташаббуси билан туман марказида тикувчилик цехи ташкил этилди ва 10 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Марғилон шаҳридаги “Орол бўйи ҳунармандлар маркази”да миллий ҳунармандчиликни ўрганмоқчи бўлган бўзатовлик хотин-қизлар учун ўқув курслари ташкил этилди. Риштонлик ҳунарманд Баҳромжон Ғофуров ташаббуси билан кигиз тўқиш кооперацияси ташкил этилди.
– Аҳоли кундалик турмуш тарзи учун зарур бўлган инфратузилма тармоқлари қуриш борасида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ободлик, бунёдкорлик бўлган жойда файзу барака, ҳамжиҳатлик бўлади. Халқимизга хос бу фазилатлар Бўзатовнинг ҳар бир маҳалласи, хонадонида қулоч ёймоқда десам муболаға бўлмайди. Бунда асосий эътиборни ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, табиий газ, электр тармоқлари тортиш масалаларига қаратяпмиз.
Шу кунга қадар “Бўзатов” ПФЙ ва “Аспантай” ОФЙдаги таъмирталаб бўлган 2,6 км йўл текисланиб, шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди. “Қусханатов” ва “Эркиндарё” ОФЙларидаги 1 километрга яқин электр тармоқлари янгиланди. “Кўк – сув” ОФЙга қарашли Алгабас овулининг 2 та ҳудудида қудуқ қазилиб, ичимлик суви чиқарилди.
Айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимлигининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Қусханатау» ОФЙ ҳудудидаги Қандекли овул ва Мақтумқули кўчасига 3 км янги тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш, туман ҳудудидаги 12 км ички йўлларга қумли-шағалли қоплама ётқизиш, «Кок-суу» ОФЙ биносини реконструкция қилиш, «Бўзатов» ШФЙ ва “Кусханатау” ОФЙдаги 2, 5-сонли мактаблар учун спорт заллари қуриш, «Аспантай» ОФЙ, Хива овулидаги 11-сонли мактаб филиалини қуриш, ”Кок-суу» ОФЙ, Шегара терековулидаги 13-сонли мактаб филиалини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, янги мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, қўшимча иш ўринларини яратиш, тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош Расулжон КАМОЛОВ.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.

Ulashing: