Press "Enter" to skip to content

Ечими топилмаган масала йўқ

Кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аммо ҳаёт давом этар экан, унинг ўзига яраша камчилик ва муаммолари юз кўрсатиб туради. Муҳими, одамлар дардига қулоқ солиняпти, масалалар ечимига эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркор ва юридик шахслар билан навбатдаги қабул чоғида учрашиб, улар томонидан кўтарилган масалалар ечими юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Қўқон шаҳар “Тошҳовуз” маҳалла фуқаролар йиғи-
нида умргузаронлик қи-лаётган Умида Ҳасанова кам таъминланган “Аёллар дафтари”да туради. Икки нафар фарзанди билан ижарада яшайди. Вилоят ҳокими билан бўлган мулоқотда имтиёзли уй-жой олишга кўмаклашиш юзасидан ёрдам сўради.
– Имтиёзли кредит асосида уй-жой ажратиш ва бошланғич бадал тўлови бўйича вилоят ҳокимига мурожаатим ижобий ечим топадиган бўлди, – дейди у. – Бунинг учун вилоятимиз ҳокими ва бошқа мутасаддилардан миннатдорман.
Фарғона шаҳар “Зарбдор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келаётган Зуҳра Исроилова турмуш ўртоғининг жарроҳлик амалиёти учун ёрдам сўраб мурожаат қилди. Фуқаро мурожаати вилоят раҳбари томонидан ечимини топадиган бўлди. Бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш бўйича тегишли муассасаларга топшириқ берилди.
Бешариқ туманидаги “Чорбоғтўронғи” маҳалла фуқаролар йиғини, Мулкабод қишлоғидан келган Отажон Раҳмонов умумий узунлиги 1, 2 км бўлган ички йўлларни асфальтлашда амалий ёрдам сўради. Маҳалла фаолининг айтишича, бу масала бўйича туман мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилган. Аммо…
– Олти йилдан буён кирмаган эшигим қолмади, – дейди саксон ёшни қоралаб қолган Отажон ота. – Ҳаммаси ваъда беради, лекин амалий ишдан дарак йўқ. Вилоятимиз ҳокими таклифимни инобатга олиниб, очиқ бюджет порталига жойлаштириладиган бўлди.
Фарғона шаҳар “Сурхтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидан меҳнат фахрийси Рўзихон Бурҳонова маҳалла қабристони атрофини девор билан ўраш юзасидан ёрдам сўради. Фуқаро мурожаати бўйича умумий узунлиги 260 метр бўлган девор қурилиши учун зарур материаллар ажратиш топшириғи берилди.
Қабул давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган юзга яқин аҳоли вакилларининг бандлик, тадбиркорлик, банк кредити олиш, уй-жой, моддий ёрдам, субсидиялар ажратиш, табиий газ, сув, электр таъминоти, тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя, маҳаллаларни ободонлаштириш каби масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Ечими топилмайдиган масала йўқ. Вилоят ҳокими барча мурожаатлар эътиборсиз қолмаслигини таъкидлади.

Ўз мухбиримиз.
Муқимжон Қодиров олган суратлар.

Ulashing: