Press "Enter" to skip to content

ШОҲИМАРДОНГА ҚАЧОН АВТОБУС ҚАТНАЙДИ

Таҳририятимизга шундай савол билан хатлар келмоқда, телефон қўнғироқлари бўляпти.

Вилоятда ички туризмни ривожлантириш борасида муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, Шоҳимардонда уй-меҳмонхоналари сони ва сифати ошди. Хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилди. Лекин… Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари ҳалигача дам олувчилар билан гавжум бўлмади. Бунинг асосий сабабларидан бири — Шоҳимардонга автобус қатнови йўлга қўйилмаганида. Ҳозирча хусусий автомашиналар “ўз нархини” қўйиб, истасангиз шу, деб турибди. Қолаверса, уларнинг муайян кун, соатда қатнови кафолатланмаган.
— Аслида ўтган йиллари Шоҳимардонга автобус қатнаган эди. Ҳозир икки давлат, қўшни вилоятлар ўртасидаги муносабатлар аввалгидан анча мустаҳкамланган. Чегарадан ўтишда муаммолар йўқ. Шунга қарамай мана, ёз ўтиб кетяптики, дам олувчи ва сайёҳлар учун ҳалигача “Фарғона — Шоҳимардон” йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмаган, — дейилади аҳоли мурожаатида.
— Автобус қатнови йўлга қўйилмагани 5 минг аҳолиси бўлган шоҳимардонликларга ҳам бир қадар ноқулайликлар келтирмоқда, — дейди уй бекаси Санобар Норматова. — Кимдир иш билан туман идораларига боради, кимдир қариндош-уруғиникига. Лекин жамоат транспорти йўқ. Кунимиз киракашларга қолган… Улар бир кишига бир томонга камида 25 минг сўм сўраяпти. Бориб келишга эса 50 минг сўм тўлаймиз.
Фарғона вилояти транспорт бошқармаси раҳбарияти
бу ҳолни қуйидагича изоҳлайди:

маълумотнома
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлисда берилган топшириқлар бўйича 43-сонли йиғилиш баёнида Транспорт вазирлигига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ЙЎЛ ХАРИТАСИнинг 7.2 бандини ижросини таъминлаш мақсадида ВҲ-303-сонли “Фарғона-Шоҳимардон” вилоят ичи шаҳарлараро автобус йўналишини қайта тиклаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
ВҲ-303-сонли “Фарғона-Шоҳимардон” вилоят ичи шаҳарлараро автобус йўналишида охирги 2020-2022 йиллар давомида йўловчи оқими камайганлиги сабабли автобуслар хизматидан тушаётган даромад корхонани сарф-харажатларини қопламай норентабель бўлиб қолганлиги учун фаолият кўрсатмаётган эди.
Бугунги кунда Президентимизнинг вилоятимизга ташрифларидан кейин берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Сўх туманида жойлашган “Сўх Йўловчи транс” МЧЖ томонидан 2 дона ISUZU SAZ NP-21 русумли автобуслар ёрдамида ВҲ-303-сонли “Фарғона-Шоҳимардон” вилоят ичи шаҳарлараро автобус йўналишини қайта тиклаш режалаштирилди.
Тез кунларда автобуслар техник холати бир қатор кўриб чиқилгандан ва йўналиш хужжатлари тайёрлангандан сўнг йўлга қўйилади.
Фарғона вилояти транспорт
бошқармаси бошлиғи в.в.б Р.Рахимжонов.
(Матн тақдим қилинган ҳолда чоп этилмоқда. Мантиқий ва орфографик хатолар учун вилоят транспорт бошқармаси масъул).

Қарангки, автобус қатновини қайта тиклаш ҳақида ҳатто Президент топшириғи ҳам бўлса-да, Фарғона вилояти транспорт бошқар-масидагиларнинг парвойи фалак. Баҳона эса ишонарли эмасдек…
Мана шунақа гаплар. Хулоса ўзингиздан.
Таҳририят.

Ulashing: