Press "Enter" to skip to content

ХИРМОНЛАР ДОНГА ТЎЛМОҚДА!

Фарғона вилоятида 28 та ғаллачилик кластерлари ташкил қилиниб, 2022 йил ҳосили учун 99500 минг гектар майдонларда 2686 та фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида бошоқли дон ҳосили етиштирилмоқда. Ҳар бир гектардан ўртача 80 центнердан жами 796000 минг тоннадан зиёд ғалла етиштириш кўзда тутилган. Белгиланган режани бажариш, ғалла ўрим-йиғимини ўз муддатида ва сифатли ташкил этиш мақсадида 335 та дон ўриш комбайнлари марказлашган ҳолда йиғилиб, таъмирланди. Шунинг учун ҳам мана, бугунга қадар биронта комбайнда муаммо бўлмади.

Вилоятнинг барча туманларида масъул раҳбарлар томонидан ўқув амалий семинарлари ташкил этилгани ҳам ўз нафини кўрсатди. Семинарларда ўрим-йиғим мавсумини беталафот ўтказиш, ҳар бир донни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва жорий йилда ҳар йилгидан фарқли равишда, ўрим муддатини камида 10 кунга қисқартириш бўйича тавсиялар берилганди. Амалда ҳам шундай бўлди.
Мавсумни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш учун 335 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон ўриш комбайнларидан ташқари яна 1704 та дон ташиш транспортлари, 106 та ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари қуйиш техникалари ҳамда 165 та кўчма таъмирлаш устахоналари билан таъминланди. Шунингдек, улар учун барча шароитлар яратилди.
Ҳар бир комбайннинг кунлик иш унуми ҳисоб-китоб қилиниб, ғаллакорлар томонидан етиштирилган 99500 гектар майдондаги ғаллани нест-нобуд қилмай, қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олишга киришилганди.
Астойдил қилинган ишлар, илмий асосларга таянган меҳнат ўз натижасини берди. Бу йил ўрнатилган тартибга кўра, умумий ҳосилнинг 78,1 фоизига ҳар бир килограмм дон учун 3 минг сўмдан ҳақ тўланади. Бу ғаллакорларни руҳлантириб юборди. Бугун ана шу дастлабки марра эгалланди.
Вилоятдаги 4 та донни қайта ишлаш корхоналари ва уларнинг жойлардаги 15 та дон қабул қилиш шохобчалари омборларига 180 минг тоннадан зиёд буғдой уюлди.
Вилоят хирмонига Бешариқ, Бувайда, Данғара, Ўзбекистон, Фурқат, Қува, Қўштепа, Учкўприк туманлари энг кўп ҳисса қўшди. Қува туманидаги “Турсунтош – Одинахон – Ширмоной” фермер хўжалиги 100 центнердан ҳосил олиб, пешқадамга айланди. Данғара туманидаги “Ёқубжон Дадамирза”, “Йигитали”, “Шоҳжаҳон Маърупжонов” фермер хўжаликлари далаларидан эса 90-93 центнердан дон ўриб олинди.
— Бу йил буғдой йили бўлди, — демоқда деҳқонлар. — Ҳали етиштирилган ҳосилнинг катта қисми майдонда турибди. Улар ҳам кеча-кундуз, пешма-пеш ўриб олиняпти. Ҳеч шубҳа йўқки, вилоят кўзланган натижаларга эришади ва ўртача 80 центнерлик режа амалга ошади.

Ulashing: