Press "Enter" to skip to content

ВОДИЛДА КЎМИР КОНИ БОР!

Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги шиддатли ва тезкор даврда барқарор ривожланиши ҳамда аҳоли турмуш тарзининг юксалишида халқ хўжалигининг энг асосий ва муҳим бўғинларидан бири — геология соҳасининг ўрни беқиёсдир.

Жорий йил 19 май куни давлатимиз раҳбари геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ер усти сувлари захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу эса геология соҳасига катта эътибор бериш билан бирга, ундан салмоқли натижалар кутилаётганини ҳам кўрсатади.
Тақдимот давомида Ш. Мирзиёев масъулларга нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш мақсадида 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бу дастурда 8 та янги кон яратиш кўзда тутилди.
Ҳеч шубҳасиз, ушбу жараёнда юртимизнинг қир ва адирларини, чўл-у хиёбонларини, кенг ва бепоён далаларини қадам-бақадам ўрганиб, унинг ҳар бир қарич еридан маъдан ва табиий бойлик-ларни излаб топаётган, нефть ва газнинг янгидан янги конларини очаётган, саноат миқёсидаги захираларни тайёрлаб, халқимизга туҳфа этаётган геологларнинг хизмати алоҳида эътиборга сазовордир.
Ўзбекистонда фойдаланишга топширилмаган, лекин ҳисобга олинган ва саноат аҳамиятига эга кўмир конлари мавжуд. Янги аниқланган “Водил” кўмир кони ана шундай конлар сирасига киради. Фарғона тумани маркази Водилнинг жануб томонида, давлат чегараси яқинида жойлашган кўмир конининг майдони 17 квадрат километр бўлиб, узунлиги 8 км, кенглиги 2,1 км, кесимида 8 та турли қалинликдаги кўмир қатламлари бор. Ҳозирги кунда кон геологлар томонидан тўла ўрганилиб бўлинган ва энг сўнгги маълумотларга кўра, кўмир қазиб чиқаришнинг техника ва технологиялари кўрсаткич даражаси бўйича конда 20,4 миллион тонна кўмир захираси бор.
Лаборатория таҳлили натижаларига кўра, мазкур ер ости қазилмасининг сифати ва иссиқлик қуввати юқори, уни саноат ва рўзғорда ёқилғи сифатида ишлатиш мумкин.
Айтиш жоизки, “Водил” конида кўмир захиралари бошқа конларга қараганда катта чуқурликда жойлашган ва уни нисбатан арзон, очиқ усулда олиб бўлмайди. Кондан кўмир олиш учун шахта қазилиб, у ерга темир йўл тармоғи тортилиши лозим, бу эса катта маблағ талаб қилади. Ҳозирги кунда юртимизда кўмирнинг нархи арзон. Мамлакатимиз ўз ички эҳтиёжларини Ангрен, Шарғун ва Бойсун каби конлардан қазиб олинаётган кўмир ҳисобига қопламоқда. Бу аснода “Водил” кўмир конини ишлатиш мутахассислар фикрига кўра “Яхши кунлар” келгунча тўхтатиб турилиши мумкин.

Одилжон ҚАЮМОВ,
Фарғона политехника институти
доценти, геология-минерология
фанлари номзоди.

Ulashing: