Press "Enter" to skip to content

ФАРҒОНАГА СУНЪИЙ ҲАВЗА КЕРАКМИ?

Вилоят офтальмология шифохонасидан чиқиб “Истиқлол” мажмуига айланиб ўтишга эринибгина тургандим. Шунда темир-терсакларни ерга ёйиб савдо қилаётганлар “яқин йўл” дан ўтишни маслаҳат беришди. Яқин йўл – “Ёшлар кўли” орқали эди. У ҳозирда икки ҳудуд ўртасидаги йўлакка айланибди…

– Бунга неча йил бўлди-ю, – деди ўзини Асқаржон деб таништирган йўловчи менга ёрдам қилиш мақсадида қўлини узатиб. – Сув бўлмагандан кейин нима қилиш керак, ўтиб кетаверамизда.
Катта ҳудудни эгаллаган кўлни кўл эканига ишонгинг келмайди. Қум шағал аралаш ағдар-тўнтар йўлаклар четини ўт-ўланлар босиб ётибди. Супурилмаганига ҳам анча бўлган кўринади. Икки четига ўрнатилган темир панжараларни аланг-баланг қимирлаётганига дош берса бўлар, аммо турли қисмларини синдириб олиб ташлангани-чи? Наҳотки, дам олувчилар, болалар, умуман олганда аҳоли хавфсизлигини сақлаш учун ўрнатилган темир панжаралар бирин-кетин синдириб улоқтириб ташланишга маҳкум бўлса.
Лекин ҳудуд “эга”сиз эмас экан. Ўзини кўлнинг қоровули (сув бўлмаса ҳам ҳайтовур кўлнинг қоровули бор экан-ку) деб таништирган тоға шундай деди:
– Бу ер анчадан буён сувсиз, кўлни кесиб ўтаётган ҳар бир йўловчини қувиб чиқаришнинг иложиси бўлмаса. Кўлга сув тўлдирилса, одамлар келиб дам олса, чўмилса бизга ҳам яхши эмасми?
Кўлнинг тақдири билан қизиқаётга-нимни билган йўловчилар бири қўйиб, бири гапира кетди.
– Бу ердаги аҳволни кўриб, ҳар гал йиғлагудай бўламан, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Абдуллажонов. – Ёшлигимиз ўтган салқин гўша. Авваллари мовий, тиниқ сув доимо мавжланиб турар, юзлаб аҳоли ёзнинг истаган маҳалида келиб чўмилиб, ҳордиқ чиқарарди. Ишдан сўнг оилавий дам олишнинг гашти ўзгача бўлган. Сув топ-тоза, доимий текшириб турилгани боис ифлосланиш ёки бирон касалликка чалинишдан халқимиз умуман хавотир бўлмаган. Қутқарувчиларни айтмайсизми, сувдаги ҳар бир кишини зийрак нигоҳлари билан кузатиб турар, хавотир туғилганда, бахтсиз ҳодисаларда ёрдамга борардилар. Бугун-чи? Минг афсус…
– Бассейнларда спорт машғулотлари олиб борилса, хусусийларига борсак соати фалон пул, – дейди Салимахон ая. – Невараларим чўмилгани борайлик, деб ҳиқиллашади. Олиб борай десам Қиргули мавзесидаги кўл бир аҳволда. Кичрайиб, йўқ бўлиб боряпти. “Болажон” аквапарки “ҳайя-ҳайя” билан қурилди-ю, кўп ўтмай қурилишлар майдонига айланиб кетди. Аҳоли бориб дам олиши, чўмилиши мумкин бўлган бу кўл — “Ёшлар кўли” энди тикланармикан? Бу ерга ҳам кўп қаватли уйлар қурилиб кетмаса дейман-да…
Аянинг пичинг аралаш айтган гап-ларида жон бор эди. Катта-ю кичикни бирдай ўйлантираётган саволларга жавоб топиш учун масъулларга мурожаат этдик. Фарғона вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси бош мутахассиси Шерзод Ўсарқуловдан кўп йиллик тарихга эга “Ёшлар кўли” ҳақида сўраб билдик.
– Кўл 2019 йилда бошқарма тасарруфига ўтказилган, ҳозирда вилоят сув спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансида. Икки йил аввал кўлда 1 млрд. сўмдан ошиқ маблағ эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди, сув тўлдирилди, байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантиришни ният қилгандик. Тантанали маросимдан сўнг кўл фаолият бошлагани кўпчиликка маълум. Яна ўз бағрига минглаб чўмилувчиларни қабул қилди, маданий ҳордиқ улашилди. Бироқ бу узоққа чўзилмади. Чуқурлиги 10, эни 80, бўйига 260 метр ҳудудни эгаллаган кўлга сув тўлдириш учун насослар меъёрий қувватда ишлаши зарур эди. Аммо улар анча эскирган. Насосларни алмаштириш эса маълум харажатни талаб этади.
Кўлда бир куннинг ўзида 400-500 киши чўмилиши мумкин. Лекин бу йўлга қўйилганда ҳам бизга 10-15 нафар қутқарувчи ва йўриқчи зарур бўлади. Қарангки, бу ҳам маблағга бориб тақалади. Кўлга халқимиз келиб дам олса, ёзнинг жазирамасида чўмилиб салқинласа, қуёшда тобланса, саломатлиги учун фойдали сув машқларини бажарса… Биз ҳам шундай бўлишини истаймиз. Аммо…
Мутахассис балки ҳақдир. Ҳар иш учун маблағ зарур. Ўтган йилларда 1 млрд. сўм маблағ ажратилиб, кўл мукаммал таъмирланганда ишни насос-ларни янгилашдан бошлаш таклифи берилмаганмикан? Хўп, бу ҳам ўтди кетди. Энди кўлни яна асл ҳолатига қайтариш учун маблағ қаердан келаркин, дея бошни чангаллагандан кўра мутасаддилар бирор чора излашяптими?
– Бу ҳақда таклифлар берилган, – дейди Ш.Ўсарқулов. – Кўлга сув кириш ва чиқиш йўли ҳосил қилиб “Марғилонсой” ўзанини буриш ниятидамиз. Шунда сой суви билан кўл тўлади ва яна қайта чиқиб сойга қўшилиб кетаверади. Бу у қадар катта маблағ талаб қилмайди.
Мана, июнь ойининг ҳам дастлабки ҳафтаси ниҳоясига етди. Ҳаво ҳарорати кўтарилиб бормоқда. Кўчалардаги ариқ бўйларида, унча-мунча сув бор жойда уч-тўрт болаларнинг чўмилаётганига кўзимиз тушяпти. Аммо шаҳар марказида ҳайбат тўкиш ўрнига, ўз “пардози”дан хижолат тортаётган, “зебу зийнат”лари узиб улоқтирилган, ҳар куни дам олувчиларни эмас, йў- ловчиларни у ёқдан бу ёққа кузата-
ётган “йўлак” – “Ёшлар кўли”га “Мар-ғилонсой” ўзанини буриш ишлари қачон бошланади?! Шундай бўлди ҳам дейлик. Ўз оқимида кетаётган сувнинг тозалиги, чўмилиш мумкинлиги қай йўсинда таҳлил қилинади?
Яна бир муаммо – кўл атрофидаги ободончилик…
— Тўғриси, кўл ҳудудининг тозалигига биз масъул эмасмиз. Бу Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси зиммасида. Лекин у ташкилотнинг ҳисоб рақамига вақтида пул ўтказиб берилмагандан кейин…
Шу ўринда, бир мулоҳаза. Шаҳар кўркига кўрк қўшаётган, ҳар гўшани кўнгилочар масканга айлантираётган, бундан ўзи фойда кўриб, ҳам халқнинг олқишини олаётган тадбиркорлар Фарғонада жуда кўп. Балки кўлни шундай тадбиркорларга бириктириб бериш зарурмикан?
Хайрлашиш олдидан берилган бу саволнинг жавобига суҳбатдошим кўп ўйлаб ўтирмади.
– Фикрингиз тўғри. Қизиқувчилар ҳам бўлгандир балки, у ёғи менга қоронғи. Билганим – келгусида кўл ўз вазифасини бажарсин.
“Ёшлар кўли” “абгор кўл” номини олмасин, масъуллар, эл-юрт манфаати, бахтиёр турмуши учун фидойилик йўлини танлаган мутасаддилар, Фарғонага “Ёшлар кўли” керакми ўзи?

Маҳиёра БОЙБОБОЕВА.

Элёр ОЛИМОВ
олган суратлар.

Ulashing: