Press "Enter" to skip to content

Паррандачиликда “Бешариқ тажрибаси”: ТАШАББУС ВА ИНТИЛИШ БЎЛСА БАС

Бешариқда азалдан паррандачилик ривожланган. Соҳада ўзига хос тажриба яратилган. Бугун бу анъана давом этмоқда. Туманда ”Водий наслли парранда”, “Бешариқ парранда”, “Зарқайнар дурдонаси” каби йирик паррандачилик хўжаликлари фаолият олиб бормоқда.

Чекка ҳудудда жойлашган ”Водий наслли парранда” фермер хўжалиги тухум етиштиришга ихтисослаштирилган. Хўжалик раҳбари Бохиржон Турдалиев йирик лойиҳани амалга оширишдан аввал қўриқ ерларга сув чиқариш, озуқа учун омухта ем ишлаб чиқариш бўйича анча тер тўкишига тўғри келди. Саъй- ҳаракатлари бесамар кетмади. Фаолиятда камчиқимлик ва юқори унумдорликка эришиш учун Германиянинг “Helmann” компаниясидан энг замонавий парранда боқиш технологияларини харид қилди.
— Узунлиги 72, эни 24 метр бўлган биргина мана шу цехда 6 қаватли қафаслар жойлашган, уларда 82 минг бош товуқлар боқиляпти, — дейди Бохиржон Турдалиев. — Совутиш, иситишдан тортиб, озиқлантириш, тухумларни йиғиштириб олишгача бўлган жараёнлар тўлиқ компьютерлашган. Бундай технология-лардан 6 таси ўрнатилди. Яқин келажакда 160 000 бош парранда боқишга мўлжалланган янги цехлар қурамиз, ҳозирда яна янги технологиялар етказиб бериш бўйича ҳамкорларимиз билан келишувга эришдик.
Фермер хўжалигида товуқлар-нинг тухум бериш муддатини 18 ойдан 23 ойга узайтириш ва тухум бериш даражасини 25 фоизгача оширишга эришилган. Ҳозирда 380 000 бошдан ортиқ парранда парваришланяпти. Бир бош товуқ бир йилда ўртача 330-340 дона тухум бермоқда. Эътиборлиси, озуқа рационини оширмасдан 40-50 дона қўшимча тухум олинмоқда.
Хўжаликнинг йиллик тухум
ишлаб чиқариш қуввати қа-рийб 50 миллион дона бўлиб, ўтган йил якуни бўйича 40 миллион донадан ортиқ тухум олинди. Маҳсулот асосан ички бозорда сотилмоқда, қисман Афғонистонга экспорт қилинмоқда.
Паррандачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун тадбиркор Бохиржон Турдалиев вилоят ҳокимлиги ёрдами билан фойдаланишдан чиқиб кетган 480 гектар қўриқ ерларни ўзлаштиришга киришди. Уч йил аввал бу ерлардан гектарига 12 центнердан буғдой ҳосили олган бўлса, эндиликда ҳосилдорлик 80 центнерга етди. Бу борада сув тежовчи технологияларни жорий этгани яхши самара бермоқда.
“Бешариқ парранда” МЧЖда 10 000 бошдан зиёд она товуқ-
лар, 70 000 та жўжалар парва-ришланмоқда. Асосан насл берадиган тухум ва парранда гўшти етиштириладиган хўжаликда 30 нафардан зиёд янгиҳаётликлар меҳнат қилишмоқда.
Жамият бошлиғи ўринбосари Иброҳимжон Турсуновнинг таъкидлашича, Венгрия давлатидан олиб келинган “Росс-308” наслли жўжалар тез етилади ва тухумга киради. Бир кунда 7-8 мингтагача тухум олинмоқда. Улар тажрибали ишчилар томонидан сараланиб, лаборатория таҳлилидан сўнг инкубаторийларга қўйилмоқда.
— Мавжуд инкубаторийлар 19 минг 200 та тухум сиғимига эга. Бир йиллик инкубацион тухум ишлаб чиқариш 2 миллион донани ташкил этади. Деярли бехато, сифатли жўжа олинади. Уларни дастлабки эмловдан сўнг паррандачилик хўжаликларига етказиб берамиз ва аҳолига сотамиз. Ўзимизда бир кунда 7000 та товуқ сўйиш цехининг мавжудлиги гўшт таннархини пасайтирмоқда. Бу эса бизга ҳам, харидорларга ҳам маъқул келмоқда, — дейди Иброҳимжон Турсунов.
2020 йилдан буён фаолият юритаётган “Зарқайнар дурдонаси” МЧЖда 60 000 бош товуқлар бўлиб, йиллик гўшт ишлаб чиқариш қуввати 500 тоннани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, тухум ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий инкубаторийларда етиштирилаётган бройлер жўжалари ўз эҳтиёжидан ташқари аҳолига арзон нархларда етказиб берил-япти.
Паррандачилик фабрикаси 3,6 гектар майдонни эгаллаган. 7 та цех мавжуд. Тадбиркор Ҳасанбой Ашуров йўналишдаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида туташ майдондан 1,7 гектар ер олди. Бу билан ишлаб чиқариш қуввати ортади, қўшимча иш ўринлари яратилади.
Хўжалик аъзолари давлат раҳбари томонидан паррандачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини, бу борада тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, имтиёзлар яратилаётганини айтиб ўтишди. Хусусан, 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм “револьвер” кредит ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг 50 фоизига кафиллик берилади ва 17 фоизидан ошган қисми компенсация қилинади. Шунингдек, паррандачилик хўжаликларига айланма маблағ учун бериладиган кредит муддатини узайтириш белгиланмоқда.
Туманнинг “Кулолобод” МФЙда аҳоли асосан боғдорчилик, томорқачилик билан шуғулла-нади. Аҳолининг яна бир даро-
мад манбаи паррандачилик. Маҳаллада 865 та оила истиқо-мат қилаётган бўлса, 60 та хона- донда паррандачилик йўлга қўйилган.
Шаҳнозахон Раҳмонованинг турмуш ўртоғи автоҳалокатга учраб, бир жойда ётиб қолди. Уни даволаш, 5 нафар вояга етмаган фарзандларини боқиш нозик ел-
касига тушди. Қийин кунларда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Баркамол Абдусаидов жонига оро кирди. Беминнат 100 бош товуқ ва уларни боқиш учун катак билан таъминлашга кўмаклашди. Бугун унинг қувончи чексиз.
— Ҳар куни 85-90 тагача тухум оляпмиз, – дейди у миннатдорчилигини яширмай. – Кундалик озуқа учун кетган маблағдан ташқари 50 минг сўмдан орттириб даромад оляпмиз.
Маҳаллада 4 нафар олий маълумотли ветеринар врачлар истиқомат қилади, ветеринария дорихонаси ҳам бор. Шу кунларда ҳоким ёрдамчиси фаоллиги, ташаббуси ва ветеринар-мутахассислар маслаҳати билан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури асосида 6 та хонадонга товуқ парваришлаш учун 180 миллион сўм миқдорида кредит олиб берилди, тухум йўналиши бўйича 8000 дан зиёд паррандалар олиб келинди.
Туманда “ўсиш нуқтаси” паррандачилик бўлган хонадонлар жуда кўп. Шулардан бири Рамзжон Мирзаев бўлиб, у кичик том остида 1000 бош товуқ парваришламоқда. Хонадон соҳиби паррандачилик даромадли соҳа эканлигини қайта-қайта таъкидлади. Бунга мисол қилиб, кунлик, ойлик даромадини ҳисоб-китоб қилиб берди. “Парранда касалликка қарши эмлаб турилса, яхши парваришланса, вақти-вақти билан янгиланиб турилса, кони фойда, ҳам қозонга масаллиқ, ҳам даромад оласиз” дейди у.
Бир неча мисоллар асосида хулоса қилиш мумкинки, паррандачиликдаги “Бешариқ тажрибаси” асосида бу соҳани ривожлантириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш кўп меҳнат талаб қилмайди. Фақат ташаббус, интилиш бўлса бас.
Рустам ОРИПОВ.

Ulashing: