Press "Enter" to skip to content

«Ташриф қоғози»: Лавандазор чорлайди

Учкўприк тумани “ташриф қоғози” сифатида шакл-ланган “Меҳригиё” саломатлик боғи бугун кўпнинг эътиборида. Бу ерда иккинчи бор анъанавий лаванда гуллар фестивали бошланди.

 

Ҳар йили кўплаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар табиий гиёҳлардан тайёрланган шифобахш неъматларни истеъмол қилиш илинжида келади. Яқинда корхонага Ўзбекистонда илк бор “USDA organic regulation, 7 CFR Part 205” халқаро сертификати берилди. Мазкур сертификат корхонада маҳсулотларни экиш, етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш тизими тўлиқ табиий йўлга қўйилгани, кимё-вий қўшимчалардан фойдаланилмаслиги кафолати ҳисобланади.
Умумий майдони 20 гектар боғ бугун ҳар қачонгидан гавжум, файзли. Табиатнинг бетакрор намунасига айланган гўшада афсонавий лаванда гулини мадҳ этувчи қадрдон қўшиқлар жаранглаб турибди. Қўқон шамолига ҳамоҳанг тебраниб товланаётган бинафша гуллар ўзига чорлаётгандек гуё. Боғ қўйнида ястаниб ётган лаванданинг мовий гул-анбар ифоридан боларилар баҳра олмоқда. Ҳув нарида капалаклар қувлашмачоқ ўйнаб гулдан гулга қўниб юрибди.
–“Меҳригиё”нинг лавандазорлари, витаминларга бой фойдали гиёҳлари ҳақида кўп эшитганман. Ҳақиқатан ҳам табиий неъматларга бой экан, – дейди Риштон тумани Оқтомир қишлоғидан келган Олимжон Бойбобоев. – Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал дейишади. Фестивалга оила аъзоларимиз билан бирга келдик. Бу ерда табиий неъмат ва фойдали гиёҳлардан тайёрланган музқаймоқ, салқинлантирувчи ичимликлардан истеъмол қилдик. “Меҳригиё”да етиштирилиб, қайта ишланаётган маҳсулотлар, халқ табобатини ривожлантириш борасидаги ишлар, янги лойиҳалар ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Оиламиз учун керакли бўлган маҳсулотларни харид қилдик.
Корхонанинг саломатлик боғида тропик ва субтропик мамлакатлардан келтирилган ўсимликларни парваришлаш, ҳосил етиштириш йўлга қўйилган. Иссиқхонада бар-авж ривожланаётган папайя дарахти кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Дарахт меваси қайта ишланиб, чой, сироп шаклида халқ табобати йўлида истеъмолчиларга етказиб бериляпти. Шунингдек, банан парваришлаш, қаҳва, чой ўсимликларини етиштириш йўлга қўйилган. Корхонада ноёб ўсимликларни маҳаллийлаштириш ва улардан экологик тоза доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш йўлида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Лаванда фестивалини ҳар қачонгидан кўра қизиқарли ва таассуротларга бой тарзда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди бош технолог Шоҳрух Холматов. – Шу мақсадда лаванда плантациялари бўйлаб яшил йўлаклар, фитобарлар ташкил қилдик. Тармоқ фаолиятини кенгайтириш мақсадида Наманган вилояти Поп туманида 200 гектар ерни ўзлаштириш борасида амалий ишлар бошланган. Бу ерда ҳам доривор гиёҳлар, тропик ва субтропик ўсимлик ва меваларни маҳаллий шароитга мослаштириш, экотуризм тармоғини кенгайтириш борасида янги лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Фестиваль доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, мутахассисларнинг бепул тиббий кўриги, кўнгилочар концерт ва шоу дастурлари бу ерга ташриф буюрувчиларга унутилмас лаҳзаларни туҳфа қилмоқда.

Расулжон Камолов.

Муқимжон Қодиров
олган суратлар.

Ulashing: