Тарихни ким яратади, деган саволга асрлар давомида мухтасар жавоб топилмаган. Баъзилар тарихни халқ яратади, дейдилар. Бунга мисол қилиб яқин юз йилликдаги Катта Фарғона канали қурилиши ёки жаҳон урушидаги чексиз қурбонлар эвазига эришилган ғалабани кўрсатадилар. Иккинчи томон эса
Амир Темур, Наполеон, Сталин номлари билан боғлайди, улар яшаган давр тарихини.
Аслида ҳар иккисида ҳам ҳақиқат бор. Аммо тарихий воқеа содир бўлиши учун ИРОДА керак. У халқ ёки давлат раҳбарининг иродаси билан амалга ошади ва ўн йилликлар, балки асрлар ўтар, тарихнинг ўша саҳифаси тиллардан тушмайди.
2022 йил, 4 июнь. Баланд тоғлар орасидан шиддат билан оқиб ўтувчи бўйсунмас дарёнинг икки қирғоғида жойлашган қадим Сўх тарихига битилгучи воқеа рўй берди: шифобахш ҳаво оқими ўтувчи кичик водий бағрида бирданига 200 нафар болажонларни қабул қиладиган соғломлаштириш оромгоҳи қуриб фойдаланишга топширилди.
Бу эртаклардагидек бекаму кўст макон эди. Аввало меъморий ечим ўзига хос. Кираверишда гўё ер курраси шаклидаги айланма, ойнаванд саҳн қурилган. Унга қадам босган болажонлар кўргазмаларда Сўхнинг қадим тарихи, осори атиқалари билан танишадилар. Шу ердан ўнг томонда – кутубхона, тил ўрганиш, тикувчилик, рассомчилик, санъат, шахмат тўгараклари, компьютер маркази, кичик IT хонаси. Ҳаммаси замонавий талаб асосида жиҳозланган. Ундан ётоқхоналарга ўтасиз. Ҳар бирини барча қулайлик яратилган меҳмонхона дейсиз, гўё.
Айлана саҳндан чап йўлакда шифокорлар, даволаш ва муолажа хоналари. Тиббиёт техник жиҳозлари қўйилган. Ўртадаги эшик ҳовлига, ундан эса… шу қадар гўзал қурилган саҳна ва амфитеатрга олиб чиқади. Бу ерда болажонлар учун маданий тадбирлар ўтказувчи аниматор, рақс, мусиқа ўқитувчилари хизматда.
Ҳовлида спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратилган, сузиш ҳавзаси бор.
– Менинг ёшим 96 да, – дейди Каримжон ота Раҳимбердиев. – Аввало худо, аммо айнан бугун болалар дам олиш жамлоғи қурилган жой туфайли шу ёшга етдим, дейман. Бу ердан тонгда ва кун ботарда шу қадар енгил, ажойиб ҳаво шабодаси эсадики, нафас олиб тўймайсан. Қанча-қанча беморлар, айниқса, нафас йўли касалланганлар шифо топганини биламан.
– Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Уч босқичли танловдан ўтгач, мени болалар оромгоҳига тарбиячи қилиб ишга қабул қилдилар, — дейди Дилфуза Йўлдошева. — Зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб турибман. Чунки мен Президент ташаббуси билан очилган оромгоҳда ишлайман.
Сўх тарихида ҳали бунча таниқли олиму ёзувчилар, шоиру санъаткорлар, давлат арбоблари бир вақтда келмаганлар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, ўндан зиёд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти директори Азамат Зиё, халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Абдуҳошим Исмоилов, Ғуломжон Ёқубов, Зулайҳо Бойхонова… Қўшни Тожикистон, Қирғизистондан келган нуфузли меҳмонлар…
Шу куни ўйингоҳда минглаб сўхлик-лар йиғилдилар. Улар учун катта концерт ташкил этилди.
Оқшом қўнгач болалар соғломлаш-тириш марказида унинг очилиш тантанаси бўлиб ўтди.
– Сўх аҳлига, болажонларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг табрикларини олиб келдим, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилло Рафиқов. — Билингки, Сўх, сўхликлар ҳамиша Президент эътиборида!
Дарҳақиқат шундай. Сўнгги беш йилда Сўхга қарийб бир триллион, жумладан, 2021-2022 йилларда 500 млрд. сўм ажратилди. Замонавий уй-жойлар, шифохона, мактаблар қурилди, янги йўллар очилди. Биргина «Қайроқ» сув насос станциясига 120 млрд. сўм сарфланди. Энди адирлардаги 400 гектар ер суғориладиган экин майдонига айланди. Сўхлик тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзларининг ўзи бир йилда 19 млрд. сўмни ташкил этди. Бу каби манзилли қўлловни санаб, адо қилиш қийин.
– Мен Президент ажратган квота асосида олий ўқув юртида ўқияпман, — дейди Раҳмон Кимсанбоев. – Сўхдан бир йилда 505 нафар тенгдошларим Ўзбекистондаги ўзлари истаган олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилинди.
Тантанада сўзга чиққан Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўхликлар номидан беқиёс ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорчилик билдирди ва ҳали Сўхнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури давом этаётган йўналишлари ҳақида гапириб берди.
Сўзга чиққан Акмал Саидов, Минҳо-
жиддин Ҳожиматов, Иқбол Мирзо ва
бошқалар бугун Сўхда Янги Ўзбекис-тоннинг тарих китобига боқий саҳифа ва сатрлар ёзилди, дедилар.
Шу куни яна бир қувончли воқелик рўй берди. Сўх туманидаги 27 та маҳал-ла, Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” МФЙлари ҳамда Риштон туманининг “Чўнғара” МФЙдаги масъуллар ўртасида ташкил этилган “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши хотин-қизлар фао-ли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловлари ғолиблари тақдирланди.
Аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатганлар аниқланган.
Танловларда 3-ўринни қўлга киритганларнинг ҳар бирига диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофотлари, 2-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бирига диплом ва 30 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Туман прокурори Садирали Мирзокаримов (2-сектор) – “Энг яхши сектор раҳбари”, Фаёзиддин Тожидинов (“Қалача” МФЙ) – “Энг яхши маҳалла раиси”, Илҳомжон Икромов (“Ровон” МФЙ) – “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, Наргиза Додохонова (“Чумоқча” МФЙ) – “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, Шоҳижаҳон Раҳимбердиев (“Шарқобод” МФЙ) – “Энг яхши ёшлар етакчиси” танловларида 1-ўринни қўлга киритдилар. Ғолибларнинг ҳар бирига диплом ва Президент совғаси – автомобиллар калитлари тантанали равишда топширилди.
Сўхда ярим тунгача куй-қўшиқлар янгради. Сўнг мушаклардан отилган юлдузчалар осмонни тўлатди.
– Ҳали бунақаси ҳеч қачон бўлмаган эди, — деди Сўхнинг отахону онахонлари дуога қўл очиб. — Шу азиз юртимиз ривожи учун кеча-кундуз фидойилик билан меҳнат қилаётган халқимизнинг мард ва жасур ўғлони бўлган Президентимиз омон бўлсинлар!
Муҳаммаджон Обидов.
муқимжон ҚОДИРОВ
олган суратлар.