Press "Enter" to skip to content

Оғриқли нуқта

ЗЎРАВОН ЭР ЖАБРДИЙДАЛАРИ

Мафтуна эри томонидан илк маротаба калтакланганида, турмушининг бу зайлда давом этишига кўзи етмади. Бироқ унинг яқинлари “Сабр аччиқ, лекин меваси ширин”, “Ақлли аёлсан, сабр қил”, дея далда бўлишгандай бўлди.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, жаҳлдор эрнинг ваҳшиёна қилиқлари ортгандан-ортдики, камаймади. Ҳатто дўстлари орасида “Хотинни ўз измидан чиқармасликнинг ягона йўли – калтак” дея мақтаниб “обрў” топди. Мафтунанинг навбатдаги калтакланиши уни боши берк кўчага киритиб қўйди. Кўзига на ширин жони, на вужудидаги ҳомиласи, на ортидан бўз-
лаб қолган фарзандининг кейинги тақдири кўрин-ди. Аёлга нисбатан зўравонликларнинг охири фожиа билан тугади.
Агар Мафтуна эрининг шафқатсиз муомаласи ҳақида ма-ҳалла ёки ички ишлар ходимларини огоҳлантирганида эди, эри тартибга чақирилган, мазкур ҳолатга бирор чора кўрилган бўлармиди?!
Афсуски, бугун орамизда Мафтуна каби зўравонлик исканжасида яшаётган аёллар сони кўпайиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида Фарғона вилояти ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан мурожаат қилган 4000 нафардан зиёд аёлларга ҳимоя ордери берилган бўлса, жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида уларнинг сони 1625 нафарни ташкил этди.
— Аксарият аёллар ўзига нисбатан зўра-вонлик ва ҳайвоний муносабатлар хусусида бизга мурожаат этишдан қўрқади. Бунинг сабаби, аввало, оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини билмаслигида бўлса, бошқа томондан оиласи, фарзандлари, шаънини бу хўрликлардан устун қўядилар. Аёнки, зуғумкор эр аёлининг сабрлилигини қадрлай билмайди, унинг азобларга бўлган тоқатини, ориятга йўйган сукунатини ҳам қўрқоқликка тенглаштиради. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, келинини хўрлаётган қайноналар ва аёлини калтаклаётган эркаклар жамиятимизда талайгина, – дейди Фарғона вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, майор Лайло Ҳазратқулова. – Шу боис, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида аёлларга нисбатан заррача зўравонлик аниқланган ҳолатларда ҳимоя ордери берилмоқда, улар келгусида ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида бўлади.

Ўзбек аёллари ўзига хос одоб-ахлоқи, билими, ўткир зеҳни билан ижтимоий ҳаётда кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган бир даврда баъзи зўравон эр жабрдийдалари сўнгги чорани қўллашга мажбур бўлишяпти.

Муаттар
МАҲМУДОВА.

Ulashing: