Press "Enter" to skip to content

Яхшидир аччиқ ҳақиқат

ҚАЛБ ДУНЁСИНИ ВАЙРОН ҚИЛАЁТГАН ПИЧИР-ПИЧИРЛАР…

Ижтимоий тармоқ-ларда янгилик-ларни кузата туриб, жамиятда ўта “маданиятли” ғийбатчилар гуруҳи шаклланганини анг-лаб етиш қийин эмас. Ундаги фикр ва изоҳларда мулоҳаза, эзгуликка чорлаш, янги бир ғоялар эмас, бир-бирига тош отиш, норозилик кайфияти авж олган.

Масалан, суратда бинойидек кўринган йигит ёзибди:

“Фалончига айтинглар, мен билан ўйнашмасин, мен ҳали бу масалага яна қайтаман!”

Ёзув остидаги изоҳларда эса бир гала шерикларнинг “Ким экан ўша, сендан зўри йўқ, мана биз турибмиз ёнингда” қабилидаги пойинтар-сойинтар сўзлари турибди. Бирорта дўсти ёзмаганки, бориб ўзи билан гаплашгин, аслида нима гап экан, дея. “Шахсий”сига чиройли расмини қўйган бир аёл “Хатоларингни биламан, ошкор қилсам-тамомсан” деб катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйибди.

Буларни ўқиб бир кулгим қистайди, бир хавотирим ортади. Дунё ҳамжамияти интернетда бизга оламшумул янгиликлар, ихтиро ва кашфиётлар, фан ва техника ютуқларини ҳавола этаётган бир паллада жамоатчилигимиз глобал тармоққа нималарни улашмоқда?
Афсуски, кўп ҳолларда бу каби ачинарли ҳолатлар, ғийбат, фисқу фасод кўри-нишида касбдошлар, маҳал-ладошлар ўртасида ҳам бо- лалаган. Улар кун бўйи бир хонада ишлайдилар, бирга тушлик қиладилар, ҳатто феъл-атворлари ҳам ўхшаб кетган. Лекин орага бир бегона кириб келдими, бас, юраклари тарс этиб очилиб кетади-ю, дардлашишга, бир-бировини ёмонлашга тушадилар. Ишлашга келган ходим гаплашиб-гаплашиб, ғийбат халтасини бўшатиб, кун бўйи ташкилот фойдасига ҳеч бир ҳисса қўшмай, гўё енгиллагандай уйга қайтади. “Бошқаларни ўйлайман-да” дея яна ўзининг ўта юқори мада-нияти, “жонкуярлиги” ва тарбия эгаси эканлигини таъкидлаб ҳам қўяди. Маҳалла бошида турган айрим аёллар касал қўшнисини ярим коса овқат билан йўқламаса йўқламайдики, ҳар бир хонадонга тил билан бирма-бир кириб чиқади. Ёнларидан ўтар чоғда ўткир нигоҳлардан йиқилай дейсиз. Рўпараларига келганингизда суҳбат сирли равишда тўхтайди. Соғлом уриб турган юрагингиз шу ерда ғалати уриб кетади. “Уйимда тинчликмикин?”, “Кийимим бутунмикин”, “Охирги марта қандай хато қилгандим-а?”
Ҳа, соғлом юракни така-пука қилгувчи иллат, кўз илғамас қурол, бу — ғийбатдир. Кечагина ўз ишига ошиқиб, қадрдон ишхонасига бир-бирини соғиниб, интилиб боргувчи жамоадошлар ўртасига тушгувчи ўпқон. «Ғийбат» сўзи луғатда бир нарсанинг кўздан тўсилишини билдиради. Яъни, ҳақиқат кўзининг ёпилиши демакдир.
Ҳақиқат шуки, соғлом ҳаёт, фитна-ю, фасоддан йироқ бўлган соф кўнгиллар етук ижтимоий муҳитни яратади. Бу муҳит ҳавосида инсон тоза нафас олади ва яхши ҳаёт кечиради.
Халқимиз гап билгунча иш бил, дея бежизга айтмаган. Одамлар орасидаги “Дунёни портлашлар эмас, пичирлашлар вайрон қилади” деган нақл ҳам айни ҳаётий ҳақиқатни ифодалайди. Бундай пичир-пичирлар сўзимиз, дардимиз, энг ёмони, мақсадимиз бир эмаслигини билдиради.
Хулоса ўрнида айтганда, ғийбатга сарфлаётган вақтимизни қизғонишимиз керак, ҳали бу ёш мамлакат учун қиладиган ишимиз, вазифамиз, бурчимиз жуда кўп эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Интернетда ғийбат эмас, юртимиз, маҳалламиз, жамоадаги ютуқлар ҳамда ўзгаришларни улашишга ўргансак, қандай яхши бўлар эди. Келинг, бугун кўзимизга ёмон бўлиб кўринаётган касбдошимиз, қўшнимиз ёки яқин танишимизнинг хатоларини тармоққа эмас, ўзига айтайлик. Шунда барчамиз учун яхши бўлади.

Комила ИСРОИЛОВА,
журналист.

Ulashing: