Press "Enter" to skip to content

Электр энергия: эҳтиёж ва имконият қачон тенглашади?

Таҳририятдан: Инсон ҳаёт кечириши учун энг бирламчи қандай шароит керак? Бу саволга албатта ичимлик суви, газ, электр энергияси деб жавоб берилади. Канализация — сув оқавани-ку ҳамма ҳам орзу қилаётгани йўқ. Ҳозирги аҳвол шундайки, ҳар уч неъмат билан аҳоли тўлиқ таъминланмаган.
Илгарилари оқиб келган газ қувурлари аллақачон кўп жойларда кесиб ташланди. Суюлтирилган газ баллонлари эса хонадонларга 40-50 кунда бир марта, бир донадан алмаштирилади. Қолган пайт яна ўчоққа ўтин қалаймиз.
Ичимлик сув етишмовчилиги туфайли соатбай берилаётган, умуман ҳали бу тармоққа уланмаган хонадонлар кам эмас.
Электр энергиясидаги тақчиллик, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ажабтовур ”хулоса” ларидан кейин ҳам қопланмади. Ҳали бери қопланмайди ҳам! Чунки мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш миқдори эҳтиёж миқдорига муносиб эмас. Биз, шу мақсадда мутасаддилар нималар қилаётгани билан қизиқдик.

Саволимизга Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг масъул ходими Обиджон Дилмуродов шундай жавоб берди.

— Масала муҳим ва ҳаётийлигини эътироф этган ҳолда шуни айтмоқчиманки, Энергетика вазирлиги муаммони ҳал этишнинг барча чораларини кўрмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ўртача йиллик 69-72 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Эҳтиёж эса кун сайин ошиб боряпти. Юқоридаги рақам қатъий эмас.
Ўсиш:
– аҳоли сони, янги қурилаётган
хонадонлар;
– янги иқтисодий қувватларнинг
ишга тушиши;
– фойдаланишдаги тежамкор кайфиятнинг
тўлиқ шаклланмагани каби сабаблар
туфайли рўй бермоқда. Ҳисоб-китобларга
кўра, 2030 йилга бориб эҳтиёж икки баробарга
ошади. Хўш, нима қилмоқ керак?
Биринчидан, электр энергияси ишлаб чиқарувчи янги қувватларни қуриб фойдаланишга топшириш зарур. Мамлакатимизда мавсумий гидроэнергетика ресурслари миқдори ўзгариши сабаб, қайта тикланувчи энергия манбалари улуши йиллар бўйича фарқ қилади. 2019 йилда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбалари миқдори умумий электр энергияси ишлаб чиқарилишининг 10 фоизини ташкил этди. Демак, тизимда жиддий ислоҳот керак. Ҳа, ҳозир ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми бир турдаги (масалан: газ, кўмир) энергияни иккинчи тур – электр қувватга айлантириш йўли билан олинмоқда. Бунинг учун энергетика соҳасига бозор механизмларини жорий этиш натижасида давлат-хусусий шериклик асосида қиймати 6,9 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган жами 19 та лойиҳа бўйича тегишли битимлар имзоланган.
Ўзбекистонда қуёш энергиясининг умумий салоҳияти 51 миллиард тоннадан ортиқ нефть эквивалентига тенг. Бинобарин, юртимиз бу борада катта захирага эга. Қулай географик жойлашув, бир йилнинг 320 кундан зиёди қуёшли ўтиши, юқори даражадаги илмий салоҳият шамол ва қуёш энергетикаси учун зарур қурилмаларни ишлаб чиқариш энг долзарб масалалардан бири. Бугунги кунда ривожланган давлатлар энергетика тизимида ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40-60 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келаётган бир вақтда, ушбу кўрсаткич мамлакатимизда 10 фоизни ҳам ташкил этмаслиги ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни жадаллаштиришни тақозо этади.
Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган, “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”га биноан, 5 ГВт қуёш фотоэлектр ва 3 ГВт шамол электр станциялари қурилишини амалга ошириш орқали саноат кўламидаги қайта тикланувчи энергия манбалари электр станциялари миқдорини ошириш мақсад қилинган. Энергияни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва истеъмол қилишда самарали технологиялардан фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва энергиядан фойдаланиш одатларини бошқариш орқали энергетика тизимидаги юкламаларни, хусусан, инфраструктурага сарфланадиган харажатларни камайтириш мумкин.
Мазкур ишлар, хусусан, янги электр тармоқлари қурилиши ва эскиларининг янгиланиши, энергетика тизимини рақамлаштириш, мослашувчан энергия манбаларини қуриш ва эски иссиқлик электр станциялари портфелини янгилаш, Марказий Осиё минтақавий энергетика тизимларини мувофиқлаштириш ва кадр-ларнинг касбий тайёргарлигини ошириш каби ишлар бир вақтнинг ўзида амалга оширишни тақозо этади. Лекин бу режаларни хорижий ҳамкорлар, инвестицияларсиз амалга ошириш мушкул. Шунинг учун вазирлик саноат кўламида қайта тикланувчи энергия манбалари электр станциялари қуриш лойиҳалари учун танловлар ўтказмоқдамиз. Мисол учун, Қораўзак туманида қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станцияси қуриш лойиҳасига 70 та компания қатнашишга ҳужжат топширган. Шеробод қуёш фотоэлектр станциясини қуриш танловида қатнашиш учун 54 та компания ва консорциумлардан ҳужжатлар қабул қилинган.
Шунингдек, энергия самарадорлик ва кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларига ҳам сармоя киритиш истагида бўлганлар сони ортмоқда. БААнинг “Masdar” компанияси Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриб, фойдаланишга топширди. У 2021 йил 27 августдан ягона энергетика тизимига яшил энергия етказиб беришни бошлади. Ушбу қуёш фотоэлектр станцияси йилига 260 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу Ўзбекистонда 80 миллион метр куб табиий газ сарф қилган ҳолда электр энер-гияси ишлаб чиқарилишига эквивалентдир.
Келгусида “Masdar” компанияси Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳамда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида умумий қуввати 897 МВт қувватга эга бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станциялари қуради. Компания томонидан рекорд даражада паст бўлган 1 кВт.соат электр энергияси учун ўртача 1,8 АҚШ центи тариф миқдори таклиф этилган. Бу каби қуёш фотоэлектр станциялари Бухоро (250 МВт), Наманган (150 МВт), Хоразм (100 МВт), Қашқадарё (300 МВт), Фарғона (100 МВт) вилоятларида ҳам қуриш режалаштирилган.
Яна бир муҳим йўналиш — шамол қувватидан электр энергия-си олиш. Вазирлик бу соҳада ҳам алоҳида лойиҳаларни ишлаб чиққан. Шамол электр станциялари лойиҳалари танловлари Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Уларни қуришнинг биринчи фазаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида қуввати 100 МВт бўлган илк шамол электр станциясига танлов бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа ишга тушса, йилига 350 миллион кВт.соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Таҳририятдан: Ҳа, муаммо бор, аммо у бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Халқни рози қилиш учун уни ҳал этиш керак. Энергетика вазирлигининг масъул ходими турли йўналишларда амалий ҳаракатлар бўлаётганини билдирди. Унга ишондик. Аммо 2030 йилга келиб, электр қувватига бўлган эҳтиёж икки баробарга ортиши, уни ишлаб чиқариш ҳам шунчага кўпайиши ҳақидаги фикрдан қаноатланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ҳали-бери жойларда чироқ ўчиб турса керак…

Расулжон КАМОЛОВ.

Ulashing: