Press "Enter" to skip to content

“Истиқлол”га ишқибозлар интиқми?!

Мустақиллик йилларида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси эришган ютуқлар ҳақида жуда кўп эсга олиниши бежиз эмас. Ҳақиқатан ҳам кейинги чорак асрдан зиёдроқ вақт мобайнида футбол бўйича миллий чемпионатда совринларга эга чиқиш борасида ушбу жамоанинг олдига тушадигани йўқ эди.

Аммо сўнгги беш-олти йил давомида “Нефтчи” осмонида “қора булут”лар сузаётгани рост. Ўзбекистон терма жамоаси, мамлакат футболига иқтидорли ўйинчилар етказиб бериш борасида катта тажрибага эга жамоа бир муддат қуйи лигада ҳам ўйнашига тўғри келди. Фарғона футболи мактаби тарбияланувчиларининг бошқа жамоаларга ўтиб кетиши, мураббийлар қўнимсизлиги, моддий-маънавий муҳит беқарор бўлиб қолгани туфайли мухлисларнинг ҳам “Нефтчи”дан кўнгли совиди.
Жамоанинг ютуқларида “ўн иккинчи ўйинчи” сифатида эътироф этиладиган ишқибозларнинг ўрни беқиёс. Стадионга мухлислар ташрифи борасида ҳам мамлакатда етакчи бўлиб келган “Нефтчи”нинг бу борадаги статис-тик кўрсаткичлари пасайиб кетди. Ваҳоланки, Фарғона шаҳрида 20 минг ўринли муҳташам стадион қурилган. Лекин унинг файзи, истараси иссиқ бўлиши мухлислар билан экан-да…
2022 йилнинг январь ойидан буён “Истиқлол” стадионида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Футбол майдонини янгилаш мақсадида хориждан 4 фаслга мослашган икки хил турдаги “Turfline Е” ҳамда “Genta” майса уруғлари олиб келиб экилди. Ҳозирда парваришлаш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Асосий футбол майдони остида жойлашган дренаж тизими тўлиқ янгиланди, футбол майдонини суғориш учун Европа стандартларига мос келадиган автоматлаштирилган қурилмалар ўрнатилди. Чимни парваришлаш учун хориждан янги замонавий махсус техника воситалари олиб келинди. Ёритгичлар Осиё футбол конфедерацияси талабларига мос келадиган 1800 люкс қувватига эга лампаларга алмаштириляпти.
— Афсуски, “Нефтчи”нинг жорий йилги Суперлига, Ўзбекистон кубоги ўйинларидаги натижалари қувонарли эмас, — дейди жамоанинг узоқ йиллик мухлиси, фахрий журналист Дониёр Эргашев. – Мамлакат чемпионатида 4 та ўйиннинг 3 тасида мағлубият, кубок ўйинларида иккита ўйиннинг биттасида ютқазиб қўйди. Жамоа ўз ўйинларини вилоят марказидан 80-90 километр узоқда жойлашган Яйпан шаҳридаги «Ўзбекистон» стадионида ўтказаётгани боис асосан фан-клубининг мухлисларигина ўйинни кузатишга келяпти, холос.
Бу йил жамоага бошқа клуб-лардан ўйинчилар олиб келинди ва легионер футболчилар билан шартнома тузилди. Улар ўзларини кўрсатиши, жамоа ўйинларига мослашиши учун бироз вақт керак бўлар, эҳтимол. Айтишади-ку, жўжани кузда санайди деб.
Фарғоналик ишқибозлар “Нефтчи” ижросидаги футбол “спектакл”лари, ёрқин ғалабаларни интиқлик билан кутмоқда. Шу сабабли янгиланаётган стадионга ишқибозлар қайтишини ҳам жуда-жуда истаймиз.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, хусусан, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Нефтчи”ни ҳар томонлама оёққа туриб олиши учун астойдил қўллаб-қувватлаяпти. Ишқибозлар ҳам жамоанинг ёрқин ғалабаларга бой ўйинлари тарихда қолиб кетмаганига ишонишмоқда.
Фарғоналик мухлислар катта
футбол соғинчи билан яшамоқ-далар.
Ботир МАДИЁРОВ.

Ulashing: