Press "Enter" to skip to content

Бағдод тумани: ҚУТЛУҒ БАЙРАМГА МУНОСИБ ТЎЁНА БИЛАН

Бағдод тумани азалдан меҳнаткаш ва танти деҳқонлари, миришкор боғбону уддабурон тадбиркорлари билан машҳур. Туманда барча соҳаларда кўзга кўринарли ютуқларга эришилаётгани ҳам бежиз эмас. Машаққатлардан қўрқмайдиган, тинмай янгиликка интилувчи бағдодликлар ҳар бир байрамни муносиб ва юқори кайфиятда кутиб олишга одатланишган. Истиқлол айёмини ҳам ўтган йилдаги натижаларни бир қадар юксалтирган ҳолда қарши олишни ният қилишган. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш руҳи кириб бормаган маҳалла, кўча қолмади ҳисоб. Бинобарин, жорий йилнинг дастлабки чорагида таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қатор ютуқларга эришилди.

ҲАВАС ВА ҒАЙРАТ МАСКАНИ

Маълумотларга кўра, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар юртимиздаги мўъжаз қишлоқларга Бағдод, Самарқанд, Машҳад каби ўз даврининг жуда машҳур шаҳарлари номини беришган. Бу ҳукмдорларнинг ҳавас ва орзулари натижаси бўлган, албатта. Лекин бугун нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакатимизга донғи кетган Бағдод тумани ва бағдодликларга кўпчилик ҳавас билан қарайди. “Бағдод тажрибаси” дея ном олган кўп қаватли уйлардан иборат бекаму кўст яшаш манзили инсон қадри улуғлигидан, барча эзгуликлар юртдошларимизнинг бахтли ва фаровон яшаши учун хизмат қилаётганидан дарак беради.
Гулистон маҳалласи меҳнаткаш халқимиз-нинг ғайрат-шижоати, бирдамлиги тимсоли ҳам бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ. Туманга ташриф буюрган кимса борки, кечагина қақраган даштликлар, сувсиз ва экинсиз майдонлар ўрнида бунёд этилган бу гўзал маҳаллани ўз кўзи билан кўришга, бу ерда истиқомат қилаётган ёшу қари билан суҳбатлашишга ошиқади. Бугун номига монанд турфа гулга бурканган массивда, барча ша-роитларга эга замонавий уй-жойларда яшашнинг завқи, шавқи ўзгача.
Биз ижтимоий объектлар, давлат муассасаларига киришдан, мутасаддилардан фактларга бой фикрлар олишдан тийилиб, қатор қад ростлаган кўп қаватли турар жойлар оралаб борарканмиз, шундоқ кўчада дуч келган юртдошларимиз сўзларига қулоқ тутдик.
– Рости, шунақа замонавий уйларда яшашни хаёлимизга ҳам келтирмагандик, – дейди ўзларини Ферузахон Сатимова ва Наргизахон Мелибоева деб таништирган аёллар. – Газ, электр, сувдан муаммо йўқ. Юртбошимиз, ҳукуматимиз ва раҳбарларимизни дуо қилиб яшаяпмиз. Болалар боғчаси, мактаб шундоқ ёнимизда, ҳаммаси жамулжам. Президентимиз назари тушган шаҳарчада яшашнинг сурури бошқача бўлади-да!
Ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, бирор ҳунарни эгаллашлари учун барча шароитлар етарли, коворкинг маркази улар хизматида, қўл узатса етгудек жойда эса кичик саноат зонаси. Хуллас, ишлайман, ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратаман деган инсон борки, ноумид қолмайди.

УЛТАРМАЛИК “ГУЛЧИ ОПА”
Ҳозирда Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ҳунар-
мандчилик фестивалига тайёргарлик ишлари авжида. “Ултарма” МФЙга қарашли Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи Бумайрамхон опа Ҳасанова фестиваль кунларида шаҳар кўчалари ва хиёбонларига турфа гуллар экиш бўйича буюртма олган. У фестиваль арафасигача 10 минг дона гул кўчати етиштириб бериши зарур.
– Очиғини айтсам, бунақа улгуржи буюртмалар бизни шошириб қўймайди. Масалан, ўтган йили туманимизда янги барпо қилинган Гулистон шаҳарчаси ҳудудига 13 минг тупдан ортиқ гул экдик. Вақти келса, кечалари билан ишлаймиз. Шунга яраша даромад топгач, меҳнатингизга рози бўласиз-да…
Бумайрамхон опа гулчиликни бошлаганига ўн йил бўлди. Дастлаб оила аъзолари билан томорқаларида битта иссиқхона барпо қилишди. Бир-икки йилдан сўнг иссиқхоналар сони учтага етди. Кейинроқ қўни-қўшниларнинг бўш ётган томорқаларини ҳам ижарага олиб, 25 хилдан ортиқ гул нав-ларини етиштира бошлашди.
Бугунги кунда Бумайрамхон опа ҳар бир иссиқхонадан 30 миллион сўмга етказиб даромад топмоқда. У етиштирган турфа гуллар Тошкенту Самарқандга ҳам чирой бахш этмоқда.
– Меҳнатларим муносиб қадрланди, – дейди Бумайрамхон опа. – Ўтган йили “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бундан бошим осмонга етди, кучимга-куч, ғайратимга-ғайрат қўшилди. Шу коримнинг орқасидан эл-юртга “Гулчи опа”, “Гулчи хола” бўлиб танилдим. Қишлоғимизда гулчиликни янада ривожлантириб, маҳалламиз хотин-қизларининг бандлигини таъминлашга, даромадларини оширишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

ХОРИЖНИКИДАН ҚОЛИШМАЙДИ!
Гулистон шаҳарчасига ёндош ҳудуддаги ёшлар кичик саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари кўплигини кўриб, ҳайратга тушади одам. Бирида мебель, бошқасида тунука маҳсулотлари, яна бирида кийим-кечаклар тайёрланмоқда. Лекин “Ишлаб чиқариш ускуналарини маҳаллийлаштириш” лойиҳаси бўйича олиб борилаётган амалий ишлар бизни кўпроқ қизиқтириб қолди. Рост-да, иш қуролинг соз бўлса… деган гап бор. Шу билан бирга, хориждаги ускуналар қанча кўп ва тезроқ маҳаллийлаштирилса, биздаги тадбиркорлар иш кўлами ва сифати ҳам шунча юксалади.
“Demux 777” масъулияти чекланган жамияти дарвозасидан кириб келишимиз билан 25-30 ёшдаги йигит очиқ чеҳра билан кутиб олди. Корхона раҳбари Шерзодбек Абдухалилов билан суҳбатимиз самимий кечди.
– Дастлаб дўстларимиз билан пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Кейинчалик ўйлаб кўрсак, маҳаллий тадбиркорларимиз учун янги ва замонавий станок-жиҳозлар, ускуналар сув ва ҳаводек зарур экан. Шунга эътибор қаратдик, – дейди Шерзодбек.
Унинг айтишича, бугунги кунда совун, кир ювиш гели ва пайпоқ ишлаб чиқариш ускуналари энг харидоргир. Корхонада асосан Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналар маҳаллий шароитга мослаштирилиб, янгича кўринишда ясалади, сўнг синаб кўрилади. Агар синовдан яхши ўтса, тадбиркорларни қониқтирса, кейингина буюртма олинади.
Эътиборли жиҳати, ускуналар маҳаллийлаштирилгач, уларнинг нархи бир неча баробар арзон бўлади. Масалан, сутни қайта ишлаш ускунасининг Хитойдаги нархи 10 минг АҚШ доллари, маҳаллий ускуна эса 6,5 минг доллар туради. Ёки “ақлли” котёлнинг Польшадаги нархи 2,5 минг доллар бўлса, маҳаллийлаштирилгач, 1,5 минг долларга тушади. Кўмир брикети, маккажўхори қаламчалари, оққанд ишлаб чиқариш, нон пишириш печи, хамир аралаштиргич, матога гул босиш ускуналарининг маҳаллийлаштирилгани маҳсулотлар таннархининг арзонлашишига хизмат қилмоқда.
– Ҳар бир ускунанинг техник ва хавфсизлик жиҳатлари эътиборга олинади, кафолати, паспорти бўлади. Етказиб, ўрнатиб бериш хизмати ҳам бор. Шунинг учун ҳам харидорларимиз кун сайин ортиб боряпти, – дейди ҳар хил чизмаларга ҳар замон қараб қўйганча қўли-қўлига тегмай ишлаётган ходимлардан бири. – Компьютерлашган ускуналар бўйича ҳам иш олиб боряпмиз.
Мевали музқаймоқ тайёрлаш ускунасини маҳаллийлаштириш лойиҳаси эътиборга молик. Шундоқ кўз олдингизда ўзингиз суйган мевалар майдаланиб, зарур қўшилмалар билан сутга аралаштирилиб, бироз музлатилиб, қўлингизга тайёр музқаймоқ берилади. “Ҳозирча бунга қизиқиш камроқ, лекин оммалашиб кетиши аниқ” дейди уста йигитлар.
Бугунги кунда корхона 20 дан зиёд доимий ишчига эга. Улар 2,5-3 миллион сўмдан ойлик маош, бепул тушлик билан таъминланган. Йил охирига қадар ишчилар сони 50 нафарга чиқиши кутилмоқда. Чунки корхона маҳсулотларига қизиқиш ва талаб кун сайин ортиб бормоқда.

ИШЛОҚДАГИ ЭКСПОРТЁРЛАР
Ишлаб чиқаришга хорижий инвестиция-ларни жалб қилиш, маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилиш билан донг таратаётган корхоналар туманда талайгина. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида иш олиб бориб, қувонарли натижаларга эришаётган, нафақат ўз бизнеси, балки қишлоқдошлари фаровонлигига ҳам кўмаклашаётган тадбиркор Муҳаммадқул Ҳакимов билан суҳбатимиз мароқли бўлди.
Туманнинг Чўл Юнус қишлоғи, шунингдек, унга қўшни Муллавали, Истироҳат, Қароқчитол, Миришкор, Бардон қишлоқлари аҳолиси асосан супурги етиштириш билан шуғулланади. Йилда икки марта ҳосил олиш мумкин бўлган, сердаромад экин турига кейинги йилларда эътибор янада ортди. Чунки ҳам ички, ҳам ташқи бозорда супургига талаб ошиб борди.
– Россия, Украина, Беларусь, Словакия, Грузия билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Мисол учун беларуслик ишбилармонлар билан 250 минг АҚШ доллари, словакияликлар билан 100 минг доллар, украиналиклар билан 1 миллион долларлик шартномалар имзоланган. Йил давомида етказиб берилади, – дейди Муҳаммадқул ака. – Марказлашган ҳолда супургини экспортга тайёрлаймиз. Ўз корхонамиздан ташқари, яна 50 дан ошиқ хонадонлар билан мунтазам иш олиб борамиз. Натижада оилаларга ойига 2-3 миллион сўмдан даромад кириб боради.
Аслида супурги экини бошқа мамлакат ва вилоятларда ҳам парваришланади. Лекин бағдодлик миришкорлар тайёрлаётган маҳсулотлар дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
– Яхши парвариш қилинса, бир гектар ердан 2 минг дона супурги чиқади. Бундан ташқари, поясини ўтин қилиш, барги билан мол-қўйларни боқиш мумкин. Уруғи ҳам пул. Хуллас, супурги эккан одам зарар қилмайди, – дейди тадбиркор. – Ҳозирда талабгорлар истагига кўра, супургининг ўнга яқин турини ишлаб чиқармоқдамиз.
Қишлоқ хўжалиги, томорқачиликда ўз мактабига эга бағдодлик деҳқонлар хорижга кунда-кун ора бориб келишяпти. Савдо шартномалари тузиб, маҳсулотларини бемалол экспорт қилишмоқда. Буларнинг замирида эса юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги мужассам.

ХОМАШЁДАН – ТАЙЁР МАҲСУЛОТГА
“Иттифоқ” МФЙда жойлашган “Ferghana spinning” МЧЖ Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ўз мавқеига эга. Корхонада газлама-мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси салмоқли лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Лойиҳа қиймати 10,5 млн. АҚШ доллари бўлса, бу маблағнинг ярми хорижий кредит маблағидир.
Корхонанинг янги йўналиши жорий йил якунигача тўлиқ ишга туширилиши кўзланмоқда. Ускуналар асосан Хитойдан олиб келинмоқда. Бугунгача бино-иншоотларни реконструкция қилиш, жиҳоз ва ускуналарни ўрнатиш ишлари амалга оширилиб, газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
– Мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хомашёси юқори сифати, пишиқлиги ҳамда замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан жаҳон бозорида машҳур, – дейди корхона раҳбари Илёс Ураимов. – Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар пахтани қайта ишлаш, тайёр маҳсулот сифатида экспортга йўналтиришдир. Бунинг замирида жуда катта маъно, давлатимиз иқтисодиётининг гуллаб-яшнаши мужассам. Биз ҳам газлама-мато ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйдик. Келгусида тайёр кийимлар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.
Хитой давлатининг “China texmatech” корхонасидан олиб келиб ўрнатилган ускуналар бир маромда ишлаяпти. Юқори сифатли газлама ва мато ишлаб чиқариш цехида бағдодлик ёшлар фаолият олиб боришаётгани эса қувонарли. Корхона тўлиқ ишга тушса, 600 та дои-мий ишчи ўрни яратилади.
– Бу ерга ишга келганимга тўрт ой бўлди. Дастлаб бироз ҳаяжонланганим, қийналганим рост, – дейди ишчилардан бири Зулфия Қорабоева. – Бугун барча жараёнлар кўзимга оддий кўринади. Энг илғор технологиялар билан ишлаётган тенгқурларимни кўриб, беихтиёр фахрланиб кетаман. Тайёрлаган маҳсулотларимиз Россия шаҳарларига экспорт қилиняпти. Юртимиз ривожига оз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўша олаётганимдан мамнунман.

ТИББИЙ ВОСИТАЛАР ЭНДИ ЎЗИМИЗДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ
Туман марказидан унча узоқ бўлмаган “Ўзбекистон” кичик саноат зонасига йўл олдик. Мақсад – халқимиз хизматига шайланган, тадбиркорлик ила юртга дастёрлик қилаётган юртдошларимиз билан танишиш.
“GNT Сare” МЧЖ қўшма корхонасида тиббий ҳимоя воситалари ва жиҳозлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 2,5 млн. АҚШ долларилик (шундан 1,5 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция) ишлаб чиқариш линияси жорий йил охирига тўлиқ ишга туширилади.
Мамлакатимизда фармацевтика соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшишга йўналтирилган корхонада камёб воситалар – қондаги қанд миқдорини тезкор аниқлаш ускунаси (глюкометр), пульсометр, фонендоскоп, бир марталик тезкор тест жиҳозлари ва бошқа турли тиббий-гигиеник ҳимоя воситалари ишлаб чиқарилади. Дастлабки қадамлар қўйилган, бир неча турдаги дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилган.
Қўшимча ишлаб чиқариш йўналишларига ҳам эътибор қаратилган бўлиб, сутни ва қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаш цехларида иш қизғин кетяпти.
– Цехимиз асосан қаймоғи олинмаган сутни қайта ишлашга мослашган. Музқаймоқ, қатиқ, кефир, айрон, творог каби 12 хил сут маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Ҳозирча ҳар куни 300-350 литр сут қайта ишланяпти. Аслида ускуналаримиз 8 тонналик қувватга эга, – дейди иш бошқарувчи Маъруфжон Ходжаев. – Маҳсулотларни ички бозорга тарқатамиз. Кўпроқ сифатига эътибор берамиз. Келгусида экспорт қилиш мақсадимиз бор.
Корхона истиқбол режасида тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам бор. Бунинг учун алоҳида ёпиқ бино қуриб битказилган. “Ҳозирча бозорни ўрганиш ишлари кетяпти”, дейишди мутасаддилар. Бугунги кунда 60 дан ортиқ йигит-қизлар меҳнат қилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушса, 500 га яқин бағдодликларни доимий иш ўрни билан таъминлаш имконияти яратилади.
Саҳифани Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ
тайёрлади.

Ulashing: