Press "Enter" to skip to content

Баткен тумани акими бошчилигидаги делегация Сўх туманида

Қирғизистоннинг Баткен тумани акими Учқунбек Жоробаев бошчилигидаги делегация аъзолари Сўх туманига ташриф буюрди.

Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Сайидмусаев, туман масъуллари ҳамда Баткен тумани делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари бўйича ўзаро фикр алмашилди. Икки томонлама манфаатли ва дўстона алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Самимий мулоқотда Сўх туманида қирғизистонлик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ташкил этиш, икки давлат спортчилари ўртасида спортнинг турли йўналишларида мусобақалар ўтказиш, шу билан бирга савдо-сотиқ, туризм масалаларида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди. Транспорт-логис-тика имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Юзма-юз мулоқотда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланаётгани таъкидланиб, дўстона муносабатларни янада яхшилаш, сув таъминоти билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳамкорликда ҳал қилиш мақсадида ҳашарлар ташкил этиш борасида таклифлар билдирилди.
Икки юрт чегараси билан боғлиқ масалалар қонунда белгиланган тартибда, ўзаро келишувга биноан ҳал этиб борилиши мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Ўз мухбиримиз.

Ulashing: