Press "Enter" to skip to content

ЧИГИТ УНИБ ЧИҚДИ. НАВБАТ СИФАТЛИ ИШЛОВ БЕРИШГА

Жорий йилда Ёзёвон тумани фермерлари 5210 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 39,7 центнердан, жами 18900 тонна пахта топширишга бел боғлаганлар.

“Хонобод” ММТП ҳудуди-даги “Хонобод ғалабаси” фермер хўжалигида чигитга биринчи ишлов беришга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров деҳқонлар, нуронийлар билан мулоқотда бўлди. Чигит экилган майдонлар билан танишди. Фермер хўжаликлари раҳбарлари ва механизаторларга экинларга биринчи ишлов бериш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш юзасидан зарурий тавсиялар берди. Дала четлари, уватлардаги кўчатларни сақлаб қолиш кераклигини таъкидлади. Ишчиларга, энг аввало, механизаторларга барча шарт-шароитларни яратиш, ойликларини ўз вақтида етказиб бериш зарурлигига эътибор қаратди.

— “Posco international textile” корпорацияси туманда кластер сифатида иш бошламоқда, — деди Хайрулло Бозоров. — Бу кластер кузгача пахта заводини ишга туширади. Ёғ-мой заводи, пахта ва сунъий толадан мато ишлаб чиқарувчи фабрика қуради. Корпорация ёзёвонлик деҳқонларга мадад бўлади. Пахтанинг харид нархига қўшимча тўлов мажбуриятини олмоқда. Шунинг учун ҳосилдорликни 50 центнерга етказишни кўзлаб меҳнат қилиш керак.

Амалий семинарда бир гуруҳ илғор механизаторларга пул мукофотлари топширилди.

Азимжон Худойқулов.

Ulashing: