Press "Enter" to skip to content

Очиқ бюджет: Адолат, шаффофлик сари қадам

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос катта-кичик муаммолари бор. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тортиш, электр ва газ таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча моддий-техника базасини мустаҳкамлашдек масалалар ҳамиша долзарб бўлиб келган. Қолаверса, аҳоли кундалик ҳаёт тарзи билан боғлиқ масалалар ечимига ажратилган маблағлар керакли жойларга етиб бормаслиги, бу масалада жамоатчилик иштирокининг йўқлиги ўзига хос муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлаётганди. Энди буларга ечим топилди.

Мамлакатимизда Тараққиёт стратегиясида кўрсатиб ўтилган муҳим масалалардан бири сифатида “Фуқаролик бюджети” дастури доирасида аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, энг долзарб масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда маҳаллий бюджет маблағларини қайси мақсадлар учун йўналтиришда ҳар бир солиқ тўловчи иштирок этиш имкониятига эга.
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан туман ва шаҳарларда тасдиқланган бюджетнинг маълум миқдоридаги маблағлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Бу маблағлар маҳаллий бюджетдан ташқари жамғармалар шаклида очилган ”Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисоб рақамларида жамланади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай шаҳар ва туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтларига ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштирилади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратилган бюджет маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди. Қувонарлиси, жараён биринчи марта ўтказилганлигига қарамасдан вилоятимизнинг 221226 нафар фуқаролари овоз беришда иштирок этди. Фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаб-
бусларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш учун пудратчи ташкилотларга 35 млрд. 674,8 млн. сўм маблағлар ўтказиб берилди.
Жорий йил 1 февралдан бошлаб жамоатчилик фик-ри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш мақсадида “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи босқичи учун 115 млрд. 428 млн. сўм маблағ ажратилди. Ушбу жараёнда амалга ошириш қиймати 1 млрд. 457,1 млн. сўм бўлган 3295 та таклиф ўрганиб чиқилди. Саралаш босқич натижалари бўйича 873 млрд. 992 млн. сўм бўлган 2178 та таклиф белгиланган мезонларга мувофиқ топилиб, овоз бериш жараёнига ўтказилди. Унда вилоят аҳолисининг 29 фоизи ёки 1 126 754 нафари иштирок этди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 5 баробарга кўп.
“Ташаббусли бюджет” жараёнига аҳолини қамраб олиш кўрсаткичи бўйича Фарғона вилояти республикада энг юқори натижани қайд этди. Тўпланган жами овозлар сонининг 17 фоизи Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Овоз бериш жараёнида энг кўп овоз тўплаган 204 та таклиф ғолиб деб топилди. Булар асосан ички йўллар, ичимлик суви, кўча чироқлари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонларга мувофиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалардир.
Қувасой шаҳаридаги 5-сонли ўрта таълим мактабида таълим жараёни учун зарур шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масаласи йиллар давомида эътибордан четда қолди. Мактабнинг бошланғич синф биноси, ёпиқ спорт залининг ички ва ташқи қисмини таъмирлаш, тугалланмаган баскетбол майдони қурилишини охирига етказиш, мебеллар билан жиҳозлаш, атрофни ўраш, компьютер жамланмаси, ўқувчилар хавфсизлиги учун зарур бўлган кузатув камералари ўрнатиш билан боғлиқ масалалар ечимини кутиб ётганди. Фуқаро Лочинбек Мамарасуловнинг мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида билдирган таклифи “Очиқ бюджет” порталига жойланди. Мактаб таълими ва моддий-техника базасини ривожлантиришга бўлган эътибор янги босқичга олиб чиқилаётган бир паллада ”ночор” мактабда йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш учун маблағ ажратилишини қўллаб 8 минг нафардан ортиқ фуқаролар овоз берди.
— Президентимиз ташаббуси билан аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун керакли бўлган масалалар ечимида бевосита фуқароларнинг ўзи иштирок этаётгани айни муддао бўлмоқда, – дейди Риштон туманидаги “Чек-Жалаер” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Азизбек Аҳмадқулов. – Аҳоли сони ортиб бораётгани натижасида маҳалламизда электр кучланиши жуда пасайиб кетди. Таъминотни яхшилаш учун Толмозор ва Юксалиш кўчаларига 2 та 250 КВА бўлган ТП ҳамда 1 километр янги электр тармоғини тортиш лозимлиги юзасидан билдирган таклифим “Ташаббусли бюджет”да кўп овоз тўплади. Овоз бериш жараёни очиқ, шаффоф тарзда ўтказилганлигига амин бўлдим. Аслида бу масала кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Муаммолар юзасидан юқори идораларга кўп бор мурожаат қилганмиз. Аммо турли баҳоналар билан бу масаланинг ечими пайсалга солиб келинаётганди.
2022 йил 7 апрелда Ўзбекис-
тон Республикаси Президентининг ”Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унга кўра, икки мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 43 та таклифни молия- лаштириш учун ҳам 21 млрд. 185 млн. сўм қўшимча маблағ ажратилди. Шундан келиб чиқиб, вилоятимиз бў-
йича биринчи чоракда ғолиб деб топилган 247 лойиҳани молиялаштириш ишларини бошлаш мақсадида манзилли рўйхатларни маъқуллаш халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига киритилди.
Аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзи учун муҳим бўлган ижтимоий, иқтисодий масалаларга ажратилаётган маблағлар бевосита солиқ тўловчиларнинг таклифлари асосида амалга оширилаётгани натижасида маҳаллий бюджет маблағларини холис ва шаффоф аниқ мақсадлар сари йўналтириш имконияти пайдо бўлди.

Зафаржон Рўзалиев,
вилоят молия бош
бошқармаси бошлиғи.

Ulashing: