Press "Enter" to skip to content

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ЯРАТИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА!

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ҲУСАН МАМАЖОНОВНИНГ МУРОЖААТНОМАСИ

Ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари, қадрли фарғоналиклар!
Бугун биз барчамиз мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш, жамиятда, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнининг бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотда ҳам соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал этиш орқали соҳани тубдан ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос тиббиёт тизимини шакллантириш, аҳолига тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриш баробарида, инсон қадрини улуғлаш, хусусан, тиббиёт ходимларига ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида аҳамият қаратди.
Барчага маълумки, охирги йилларда тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. 2022 йилнинг ўзида вилоятимиз соғлиқни сақлаш соҳасига бюджетдан 1 триллион 936 миллиард 138 миллион сўм ажратилди. Шу жумладан, шифохоналар, тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар кўпайтирилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда вилоятимизда тиббиёт соҳасига, айниқса, аҳолига сифатли тиббий ҳизмат кўрсатиш йўналишида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, маҳалла фаоллари, сектор раҳбарларининг ташаббуси билан ўнлаб тиббиёт муассасалари бунёд этилди, баъзилари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Жумладан, яқинда Фарғона шаҳар, Қиргули мавзесида шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 40 ўринли гинекология ва 60 ўринли ҳомиладор аёллар патологияси бўлимлари, Риштон туманининг Ёйилма қишлоғида оилавий шифокорлик пункти қуриб битказилди, Қува тумани, “Катта Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 83-оилавий поликлиника мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилиб келинмоқда. Кейинги пайтларда нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тажрибали му-
тахассислар кўмагида кардиохирургия соҳасида ана шундай ноёб жараёнларнинг йўлга қўйилаётгани беморлар ҳаётини сақлаб қолишда катта ўрин тутмоқда. Хусусан, мазкур филиалда илк бор икки нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операцияси ўтказилди.
Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан маҳаллий бюджетдан 5,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 1 дона сунъий қон айланиш аппарати, 2 дона оператив лопараскопия жамламаси ва бошқа зарур тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар олинди. Филиалнинг 8 нафар врачлари Россия Федерациясининг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий марказида малака оширди. Улар кардиохирургия соҳасида илғор технологиялар ва жарроҳлик амалиётларини ўрганиб, бу ерда ҳам татбиқ этишмоқда.
Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев раҳбарлигидаги 12 кишилик гуруҳ ҳамда марказнинг Фарғона филиали шифокорлари иштирокида вилоятда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди. Вилоятимизда тана аъзолари ва тўқималари трансплантация қилинишига муҳтож бўлган беморлар бўлиб, бундай амалиётларнинг ўтказилиши уларнинг соғайиб кетишига умид бағишламоқда.
Тиббиётимиз ютуқларидан яна бири шундаки, шу пайтгача беморлар гемодиализ ўтказиш учун Фарғона шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган урология маркази Фарғона филиалида фаолият кўрсатган гемодиализ бўлимига юборилар эди. Яқинда Марғилон шаҳридаги марказий шифохонада ҳам гемодиализга муҳтож беморларга тиббий ёрдам кўрсатадиган сунъий буйрак (гемодиализ) бўлими ташкил этилгани беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтирди.
Қолаверса, тизимдаги барча “А” классдаги “Дамас” автомашиналарини 2025 йилгача замонавий “В” классдаги санитар автомашиналарига алмаштирилиши аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Вилоятимизда мавжуд бўлган 262 та “Дамас” тез тиббий ёрдам автомашиналари замонавийларига алмаштирилади. Эндиликда “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Бундан буён тез тиббий ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Натижада, тез тиббий ёрдам чақириқларига кечикиш ҳолатлари камаяди.
Дори-дармон таъминоти охирги беш йил давомида йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2017 йилга қадар битта чақирувга сарфланган маблағ 500-700 сўмга тўғри келган бўлса, 2022 йилга келиб ҳар бир чақирувга ажратилаётган маблағ миқдори 7 400 сўмгача ошди. Бу битта чақирувга бўлган харажат 7-10 бараварга ошганлигини кўрсатади.
Йил бошидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази раҳбарлари ва бош мутахассислари Риштон, Ёзёвон, Бағдод, Қува, Учкўприк, Ўзбекистон, Бешариқ, Фурқат ва Олтиариқ туманларида бўлиб, шифокорларга юқори малакали тиббий-консультатив ёрдам ва амалий кўмак бериб келишмоқда. Бош мутахассислар беморларни тиббий кўрикдан ўтказишяпти, соҳа ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Президентнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли қарорига кўра, жорий йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекис- тон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади.
Шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади. Бу амалиёт вилоятимизда ҳам тизимли йўлга қўйилади.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш жараёнида уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилашда бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ҳудудлардаги шифокорларимиз томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда дахлдор муассасалар ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар бунинг яққол далилидир. Тиббиёт муассасалари раҳбарлари бошчилигидаги малакали шифокорлар томонидан жойларда соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда, оилаларнинг тиббий аҳволи ўрганилмоқда.
Азиз юртдошлар, ҳурматли соҳа ходимлари!
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун аввало ўзимиз ўзгармас эканмиз, жамиятимизни ўзгартира олмаймиз. Ҳар биримиз ўзимизга танқидий баҳо бериб, бугунги кунда жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни тан олишимиз ва уларни ҳал қилиш бўйича аниқ ечим ва таклифлар беришимиз лозим. Айниқса, коррупцияга қарши курашишда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, соҳада фаолият юритаётган раҳбар-ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тизимни “коррупциядан холи соҳа”га айлантириш энг асосий мақсадларимиздан бири. Бу борада ҳозирда туну кун ишлайдиган “Ишонч телефони”, махсус штаб-лар ташкил этилган, ариза, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш тартиби жорий этилган.
Ҳаёт биздан ақл-идрок, билим-қобилият, сабр-тоқат, метин интизом билан меҳнат қилишни тақозо қилмоқда. Шундай экан, биз шифокорлар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, фуқаролар ўртасида тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни узлуксиз тарғиб қилиш мажбуриятини зиммамизга олган ҳолда фаол ишлашда давом этамиз. Мақсаддан келиб чиқиб, тиббий талаб ва қоидаларни аввало ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз даркор. Демакки, соғлом турмуш тарзини яратиш ўз қўлимизда.
Президентимиз, республика ҳукумати томонидан соҳага қаратилаётган катта эътибор, тиббиёт ходимларининг малакали хизмат кўрсатиши учун яратилаётган шароитлар, жорий этилаётган имтиёзлар бизни янада куч-қувват, билим-тажриба билан ишлашга, ташаббускор бўлишга ундамоқда. Ишонаманки, фарғоналик шифокорлар ўз касбларига садоқат билан ёндашиб, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини тўлиқ таъминлайдилар, халқимизга кеча-ю кундуз малакали тиббий хизмат кўрсатадилар. Бунинг учун ҳамкасбларимизда билим, тажриба, салоҳият етарли.

 

Ulashing: