Press "Enter" to skip to content

Уч авлод учрашуви: НУРОНИЙЛАР ИБРАТИ, ЁШЛИК ШИЖОАТИ МУШТАРАК ДАВРА

Ҳаёт ва умр йўлларидан ёруғ юз билан ўтиб, юрт равнақ-ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилган нуронийлар ибрати юксак эъзоз ва эътирофга лойиқ. Шу боис, халқимизга хос миллий қадриятларни авайлаб-асраш, бундай анъаналарнинг бардавомлигини таъминлаш доимий устувор вазифалар сирасига киритилган.

Муштарак мақсадларни рўёбга чиқаришда кейинги йилларда эзгу анъанага айланган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирлари муҳим аҳамиятга эга. Фарғона шаҳридаги “Wine Garden” тантаналар мажмуасида ташкил этилган “Кексаларга эҳтиром” тадбирига вилоятнинг барча шаҳар-туманларидан пиру бадавлат нуронийлар, файзли оила соҳиблари ҳамда баркамол авлод вакиллари таклиф этилдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, юрт қаҳрамонлари ва уларнинг оила аъзолари, турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонларнинг ҳар бир сўзи, ҳаётий тажрибаси ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб эканлигини таъкидлади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида тўхталиб ўтди.
— Маҳалла ва нуронийларни қўллаб- қувватлаш вазирлиги ташкил этилишининг ўзи жамиятда фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги яна бир тасдиғидир, — дейди Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар кенгашининг раиси Зокиржон Раҳмонов. – Бу қарорга кўра маҳаллаларда нуронийлар билан ишлаш тизими янада такомиллашмоқда. Бундай рағбат ҳар бир нуронийга куч-ғайрат, шижоат бағишлайди. Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.
Халқимизга хос эзгу фазилатлар намоён бўладиган бугунги қутлуғ кунларда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида уруш ва меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ҳолидан хабар олиниши жуда ҳам савобли ишдир.
Ширин дийдор барчага хушкайфият бахш этиб, фаол ва фидойи ҳамюртлар эсга олинди, давранинг файзи бўлган катта авлод вакилларига эҳтиром кўрсатилди. Дориломон кунлар шукронасига ҳамоҳанг маърифий суҳбатлар давомида эртанги кун истиқболи йўлидаги хайрли ишлар бардавом бўлиши учун эзгу тилак-
лар билдирилди.
— Оилаларда соғлом муҳит барқарор- лигига эришиш, ажримларни камайти-
риш, жиноят ёқасига келиб қолган ёш-
ларни тўғри йўлга солишда нуронийларнинг ҳаётий панд-насиҳати жуда ҳам асқатади, — дейди Ёшлар ишлари агентлигининг Фарғона шаҳар бўлими мутахассиси, “Келажак лидерлари” клуби аъзоси Диёрбек Абдуллаев. – Бу каби учрашувларда зиммамиздаги шарафли вазифани бажаришда мақбул услубларни ўрганамиз. Хусусан, бугунги мулоқотда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда ўзаро маслаҳатлашиб, меҳнат фахрийларининг ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тантанали тадбирда Фарғона фахри бўлган иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг оила аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари ва уларнинг яқинларига эсдалик совғалари топширилди.
Уч авлод учрашувига санъаткорлар ижросидаги мумтоз куй-қўшиқлар, жозибали рақслар ўзгача файз бахш этди. Шўх-шодон қўшиқлар барчани даврага чорлади.
Ўз мухбиримиз.
Суратларни Элёр ОЛИМОВ олган.

Ulashing: