Press "Enter" to skip to content

Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 686 йил тўлди

АМИРНИНГ ШОИР НАДИМИ

Соҳибқирон Темур Кўрагон 1402 йил июль ойида Усмонли турк султони Йилдирим Боязидхон қўшини устидан ғалаба қозонди. Ўша зафарли кунларнинг бирида турк саройи шоири Тожуддин Аҳмадий ғолибга атаб ёзган қасидасини ўқиб берди:

Вор анда минг туман турки камонкаш, Ки чиқар ўқи пайкониндан оташ.

– Эй, шоири пурмаориф, – деди Темурбек уни ёнига ўтқазиб, – жангу жадалдан ҳориган руҳимизни кўтардинг. Сен фақиҳу ҳаким, муҳандису муаррих ҳам эмишсен. Аввал Миср мамлакатида мамлук-турк султонларига, кейин Румда Усмонли ҳоқонларига хизмат этиб ҳурмат топибсен. Буни Бурҳониддин Фарғонийнинг “Ал-Ҳидоя” китобига шарҳ ёзган шайх Акмалиддиндан олган сабоқ ва иршодноманг шарофатидан деб билурмиз. Энди бизнинг саройимиз зийнати бўлиб, надим ва ҳакимлик ишини адо этгайсен.
– Эй, Турон ва жаҳон султони, – деди Аҳмадий таъзим қилиб, – тарих аҳлига кўра, ҳукмдорлар икки тоифа бўлур. Биринчиси, ота-бобоси мулкига эга чиққанлардур. Иккинчиси, улус кўнглини овлаб, черик йиғиб мамлакат олганлардур. Уларни Соҳибзуҳур ҳам деюрлар. Сиз саодат юлдузлари остида туғилган Соҳибқирон эдингиз. Ўттиз уч ёшда Турон диёрини қўлга киритиб, Соҳибзуҳур ҳам бўлдингиз. Амрингиз бош устига, султоним.
– Сўз тасбиҳига инжу доналарини тизишга чевар экансен, эй, муборак тахаллус соҳиби, – деди Темурбек. – Агар мағлуб бўлган валинеъматинг томонида туриб менга ёмон сўз айтганингда ҳам Аҳмад исми шарифи ҳаққи-ҳурмати халос бўлур эдинг. Сен эса жуда тўғри йўлни танладинг. Сенга илк амримиз шулким, бухоролик Абу Али ибн Синонинг арабча ёзган “Тиб қонунлари” китобини туркий тилга таржима этгайсен.
– Бошимни кўкка еткурдингиз, олампаноҳ, – деди шоир Аҳмадий, – шу кундан эътиборан таржима ишига киришгаймен.
Тожиддин Аҳмадий Темурбекка берган ваъдасини адо этди. “Тиб қонунлари”ни таржима қилибгина қолмай, жаҳонгирга бағишлаб “Жамшиду Хуршид” номли достон ҳам ёзиб келтирди.

(Изоҳ: Надим – яқин дўст, сирдош, ҳамсуҳбат).
Толиб НОСИР.

Ulashing: