Press "Enter" to skip to content

Ибратли ташаббус

Кўп қаватли уй ертўласида қўзиқорин етиштирилмоқда

Фарғона шаҳрининг “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уй ертўласида
шифобахш ва даромад манбаи бўлган қўзиқорин етиштириш йўлга қўйилди.

Шерзодбек Турғунов бу соҳада яхши тажриба тўплади. Кам харажат, ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган қўзиқориндан йил давомида ҳосил олиш мумкин. Маҳалладаги 90-уйнинг ертўла қисмида ташкил этилган мўъжаз иссиқхонада баравж ривожланаётган экинлар ҳосил чўғидан дарак бериб турибди. Нархи ҳам чакки эмас. Айни кунда бир килограмм маҳсулотнинг улгуржи нархи 15-20 минг сўм.
Ишсизлиги боис “Ёшлар дафтари”га киритилган Шерзодбек уйда қўл қо-вуштириб ўтирмади. Кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида қўзиқорин етиштириш борасидаги ташаббусига кўпчилик ишонқирамай қараганди. Айни қиш фаслида бошланган иш тез фурсатда ўз самарасини берди. Маҳсулотнинг асосий харидори ҳам қўни-қўшнилар. Шу сабабли янги тажриба кўпнинг эътибори, эътирофига тушди. Яхши даромад ва шифо манбаи бўлган қўзиқорин етиштириш тажрибаси билан қизиқувчи ёшлар сафи кундан-кунга ортиб бормоқда.
– Яшаётган уйимизнинг ертўласи йиллар давомида қаровсиз ҳолда эди, – дейди ёш тадбиркор. – Укаларим билан тартибга келтирдик, махсус ўрин-жой тайёрлаб, уруғ олиб келдик. Қўзиқорин етиштириш борасида самарали иш олиб бораётган деҳқонларнинг тажриба, тавсияларига амал қилдик. Шу кунга қадар уч марта ҳосил териб олдик. Натижа ёмон бўлмади, икки миллион сўмдан ортиқ даромад олдик.
Қўзиқоринни парваришлаш жуда оддий. Иккиламчи хомашё – шелуха махсус елим қопларга жойланиб, уруғ қадалади, қишда иссиқ жойда, ёзда салқинда парваришга қўйилади. Уруғлар ўн-ўн беш кунда ҳосил бера бошлайди. Бир килограмм шелуха солинган битта қопга жойланган уруғлар 6-8 килограммгача ҳосил беради. Айни кунда ташаббускор ёшлар маҳсулот етиштириш ҳажмини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қайта ишлаш борасида изланишмоқда.
– Ҳудудимиздаги 23 та кўп қаватли уйларда яшаётган 4 минг нафардан ортиқ аҳолининг асосини ёшлар ташкил этади,– дейди маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Фароғат Ҳалимжонова. – Уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш муҳим амалларимиздан. Айни кунда 5 та кўп қаватли уй ертўла қисмида қўзиқорин етиштириш истагида бўлган ёшларимиз бор. Уларга дастлабки босқич учун “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси томонидан субсидия ажратиш юзасидан ўз таклифларимизни берганмиз. Лойиҳалар қўллаб-қувватланса, бир вақтнинг ўзида 30 нафардан ортиқ маҳалла ёшлари бандлигини таъминлаш ва даромад олиш имкониятини беради.
Қўзиқориннинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Ундаги лецитин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади.
– Таркибида биологик антибиотик моддалар борлиги сабабдан фармакология-да қўзиқориндан табиий антибиотиклар тайёрланади, – дейди «Фарғона Дори-дармон» АЖ мутахассиси Қамариддин Умрзақов. – Ундан олинган бирикмалар йирингли яраларни даволашда, айрим туридан олинган доривор моддалар сил касаллигига қарши препаратларда ишлатилади. Ёмғирдан кейин чиқадиган (дождевик) қўзиқоринлар экстрактидан тайёрланган суртмалар кесилган, тимдаланган жароҳатларни даволашда яхши самара беради. Айниқса, жигар учун энг фойдали маҳсулот ҳисобланади.
Қўзиқорин асаб тизими учун ҳам фойдали бўлиб, ортиқча ҳаяжон ва зиқликдан халос қилади, ақлий қобилиятни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
– Ортиқча вазндан қутилмоқчи бўлганлар парҳезшунос маслаҳати асосида қўзиқоринни ҳафтасига икки марта овқатланиш рационига киритиши тавсия қилинади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Сарвар Якубов. – Қўзиқорин очликни тез қондиради ва узоқ вақт тўқ тутади. Танада радиоактив моддаларни тўпламайди, уларни организмдан чиқариб юборади. Ошқозонда крахмалли таомларни парчалашга кўмаклашади, қалқонсимон без фаолияти бузилишининг олдини олади.
Сирасини айтганда, Шерзодбек Турғунов бошлаган ибратли ташаббус бошқа ёшлар ўртасида ҳам оммалашмоқда. Лойиҳа ташаббускори қўзиқорин агротехникаси, уруғ етказиб бериш ишларида ҳамкор тенгқурларига йўл-йўриқ кўрсатиб турибди.
Расулжон Камолов.

Ulashing: