Press "Enter" to skip to content

Назм бўстони

«Доям қуёш, мени туққан буюк осмон»

Мунавваранинг мунир шеърлари табиат хоссаларига қондош ва жондош. У ўсимликлар шивир-шивирида, дов-дарахтлар чайқалишида одамларга хос хислат-хусусиятлар кўради. Одамларнинг феъл-атворидан, юриш-туришларидан, ғала-ғовур табиатидан табиатдек табиийлик, самимийлик, бетакрор гўзалликлар қидиради. Кўрганда, топганда ёш боладек севинчи ичига сиғмайди, осмонлар қадар бўйлайди. Шу боисмикан, шоира сатрлари ниҳоятда кўнгилга яқин, жудаям дилкаш, дилбар, дилроз. Бағоят табиий, самимий туйғулар. Дилнинг қатим-қатимларидан силқиб сатрларга тўкилган. Улар меҳр-муҳаббатнинг, оқибатнинг, аёллик иффат-назокатининг сўзлар шаклига кирган маънолари…
Мунаввара шеърларига буткул борлиғини тўкади. Тасвирлаётгани хоҳ тупроқ ёки гулми, хоҳ тун, офтоб ёхуд ёруғликми, хоҳ ҳис-туйғулари тавсифи ёки табиат хоссалари бўладими, унга вужуд-вужуди билан сингишиб кетади. У тасвирлаётган нарсасидан онийлик ва боқийлик ўртасидаги мазмун-моҳиятни излайди. Хусусан, гўзалликнинг боқийликка дахлдор жиҳатлари маъносини ловуллатиб юборади.
Умуман, бадиий тафаккур тарзи, образлар қурилиши жиҳатдан миллий ўзбекона хислат-хусусиятлари балқиб турган Мунаввара шеърлари ўзини излаган, кўнглини топган, асморларини ўқувчилари билан нондек ушатиб бўлишган қалбнинг хўрсиниқларидир. Дарду қувончларини, армон-ўкинчларини ҳаётий кузатишлари-ю, тажрибаларига йўргаклаб улғайтираётган очиқ кўнгил саҳифаларидир. Шеърлари Мунавваранинг ҳам борлиги, ҳам борлиғи. У ана шу жиҳатлари билан нажиб.
Нўъмон Раҳимжонов,
филология фанлари доктори,
профессор.

 

ВАТАН

Мен кўз очиб кўрган ёруғ оламда,
Дер эдим, мунисим ёлғиз онам-да,
Ажиб хотиралар жонланар менда –
Йўргагимда сени кўраман, Ватан!

Бу кўҳна заминга қўйиб илк қадам,
Қоқилсам, таянчим бўлганда отам,
Кўз олдимда турар сувратинг ҳар дам,
Йўлагимда сени кўраман, Ватан!

Бола кўнглим баҳорни суйган куним,
Кўкламу майса исин туйган куним,
Онамга деб бир чечак узган куним,
Тилагимда сени кўраман, Ватан!

Ҳаёт – денгиз эрур, умрдир – карвон,
Учди оққуш ўзга соҳилга томон,
Дуолар қадалган ифори райҳон
Кўйлагимда сени кўраман, Ватан!

Бахтимга бойланди илоҳий ришта,
Бешигимда ётар жажжи фаришта,
Моҳир кулол Ўзи қўллар ҳар ишда,
Гўдагимда сени кўраман, Ватан!

Боғимда шовиллаб ўсди дарахтлар,
Шамоллар йўлини тўсди дарахтлар,
Хокисор одамнинг дўсти дарахтлар,
Терагимда сени кўраман, Ватан!

Узилсам ё сендан кетсам йироқлаб,
Юрасанми номим кўксингда сақлаб?!
Ҳатто руҳим сени келгай сўроқлаб,
Юрагимда сени кўраман, Ватан!

Тақдиримда сени кўраман, Ватан!

ОНАМНИНГ ГАПИ

Кеча сим қоқмадинг, кун бўйи кутдим,
Қўлимдан тушмади телфон тунда ҳам.
Овозинг эшитсам, яхши ухлардим,
Оғриб қолмадингми, ўйладим болам.

Иш деб, жон куйдириб юрасан доим,
Заҳматлар чарчатиб қўймасин дейман.
Сақласин ҳасаду қасддан Худойим,
Болам,тушимда ҳам ғамингни ейман.

Сени йўқлаб келди, кеча бир аёл,
Қизи шеър ёзармиш, мақтади, толдим.
Болалик пайтингга чорлади хаёл,
Шоир бўлганингни сезмай ҳам қолдим.

Ўкинган бўлсанг ҳам, энди ким билар,
Рўзғорим юкини бирга тортганим.
Ўйласам кўксимни чўғдек куйдирар,
Суйган китобингни ўтга отганим.

Қачон, қаерларда шеър ёздинг, қизим,
Кимлардир юрибди қизини мақтаб.
Шоир қилдимикан бешик бошида,
Ойнинг нурларида ўқилган китоб.

Орзуинг нима деб, сўрамадим ҳам,
Сен моҳир тикувчи бўласан, дедим.
Мум тишлаб яшаган, шоирим болам,
Айтган сўзларимга кирасан, дердим.

Кеча кўп ўйладим, дуолар қилдим,
Кунора сим қоқсанг, нима бўларди?
Айтаман, эртага пенсам чиқар кун
Уканг телфонингга тўлаб қўяди…

Нима қолди

Менинг ақлу салобатим ўзим билан,
Диёнатим доим босган изим билан.
Иймонимни иноқ этиб сўзим билан,
Мен қоқинган ерда сизга нима қолди?

Оғриса ҳам, урган юрак уриб турар,
Мени суйган, ҳамон ўша суйиб турар,
Қайда бир дил, ёниб турар, куйиб турар,
Мен тўкилган ерда сизга нима қолди?

Навқиронман, шохи-шаббам синмас осон,
Доям қуёш, мени туққан буюк осмон.
Нурга томон кетаяпман, қара, ҳамон,
Нил тортилган дилда сизга нима қолди.

Мен бутунман, кўриб қаддинг букилгандир,
Мен шодланган онда ёшинг тўкилгандир.
Пешонамда бори азал битилгандир,
Мен сотилган тилда сизга нима қолди.

***
Ҳасад – сен руҳимга ўралган илон,
Юрагим қонини шимирган зулук,
Хаёлим чалғитган шубҳа-ю гумон
Иблис деворидан очилган туйнук.

Эзгулик, адолат кўрсатар кучин,
Кимдир юксакроққа ташласа қадам,
Ҳасад — сенинг кўксинг куяди нечун
Сингани йўқ ҳали, қўлимда қалам.
ЭЙ,
ҚАЛДИРҒОЧ

Эй, қалдирғоч, қайга шошасан,
Чуғурлайсан, недан хафасан?
Айвонига ин солган қушни
Кутган элни қайдан топасан?

Инингдан хас тушса авайлаб,
Ўз ўрнига қўяди жойлаб.
Полапони учишин пойлаб
Турган элни қайдан топасан?

Бу бир элки, бағри кенг – ҳотам,
Етти ўлчаб ташлайди қадам,
Бўйласа ҳам дил уйига ғам,
Кулган элни қайдан топасан?

Келмай қолса уйига меҳмон,
Жони ҳалак, югурар ҳар ён,
Қуш сайраса, тунда туриб нон
Ёпган элни қайдан топасан?

Ўнта бўлса – ўрни бўлак, деб,
Бир кун бўлар менга тиргак, деб,
Эл тинчига ўғлон керак, деб
Туққан элни қайдан топасан?

Баҳор келса элни сўроқлаб,
Омонлик деб, уйини оқлаб,
Бир чечакни кўзига йиғлаб
Суртган элни қайдан топасан?

Ҳол сўрасанг, нон тутар деҳқон,
Сўзламаган умрида ёлғон.
Ер киндигин узарга имкон
Топган элни қайдан топасан?

Ҳар болага – биттадан макон,
Меҳнат қилиб топар бахт ва шон.
Ўзи терак экиб, ўзи том
Ёпган элни қайдан топасан?

Қузғунга ҳам қўймайди тузоқ,
Бир хатосин ўйлайди узоқ,
Қўшни ўтса, қирқ кунлаб чироқ
Ёққан элни қайдан топасан?

Эй қалдирғоч, бевафо санам,
Кетма, қорлар ёғса нима ғам,
Қуш инига тунда ёқиб шам
Тутган элни қайдан топасан?

Бундай элни қайдан топасан…

БОДОМ

Секин бориб, отам пойига,
Тиз чўкаман бошимни қўйиб.
Юзим босиб тупроқ-лойига,
Остонада йиғлайман тўйиб.

Сўнг гуллаган бодом тагида,
Ўтираман дарахтни қучиб.
У – отамнинг қизи бўлди-да,
Мен кетганда Тошкентга кўчиб.

Мунаввара УСМОНОВА.

Ulashing: