Press "Enter" to skip to content

Баҳор неъматлари

МОМАҚАЙМОҚ — СИҲАТГА САБОҚ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Баҳор келиши билан турли ўт-ўланлар бодроқдек униб чиқиб, борлиқни кўм-кўк либосга ўрайди. Шифобахш бу ўсимликлардан кўк патир, кўк чучвара, кўк сомса ва манти каби хуштаъм таомлар тайёрланади. Қуйида шундай табиат неъматларидан ҳисобланган момақаймоқ ва хушо (жағ-жағ) ва исмалоқнинг шифобахш хосиятлари ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.
Момақаймоқ халқ табобатида қадимдан ишлатиб келинади. У иштаҳа очувчи, таом ҳазмини яхшилашда, қабзият, қорин дам бўлганда, сариқ ва жигар хасталигида, бод, қандли диабет, қон босими ошганда, пешоб йўли, буйракдаги тош, сил, қўтир, чипқон, куйган жойларни даволашда, сўгалларни йўқотишда яхши даво бўлади. У, айниқса, камқонликда, қувватсизликда фойдалидир.
Ўсимлик гулларидан тайёрланган мураббо ташқи кўринишидан, ҳиди ва таъми билан асални эслатади. Эрталаб ўсимлик хушбўй нектарга тўлганида гуллари йиғилади. Сўнг 100 гр. гулига 900 мл. сув нисбатида олиниб, 2-3 дона лимон парраги қўшилади ва паст оловда 40-50 дақиқа қайнатилади, докадан ўтказилади. Кейин бир килограмм қанд қўшилади ва 60-80 дақиқа қайнатилади.
Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўсимлик билан йўтални қолдиришда, тиқилмаларни очишда фойдаланган. У заҳарга қарши, чаёнлар чаққанда наф беради. Эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиришда малҳам бўла олади.
Замонавий табобатда ўсимлик иштаҳа очувчи, қабзиятда ва ўт ҳайдовчи сифатида ишлатилади. Бунинг учун бир ош қошиғида ўсимлик барглари ва гуллари олиниб, 200 мл. қайноқ сувга солинади, 20 дақиқа дамланади, сузилади ва 2-4 қошиқдан кунига уч маҳал таомдан ярим соат олдин ичилади. Илдизидан тайёрлаш учун у обдон майдаланади, бир пиёла қайноқ сувга бир ош қошиқ солиниб, паст оловда 30 дақиқа милтиллатиб қайнатилади. Сўнг қайнатмадан 2-3 ош қошиқда уч маҳал ичилади.

ХУШО, БУ – ШИФО

 

Жағ-жағ (хушо) қадимдан турли хасталикларга даво сифатида ишлатилган. Мамлакатимиз халқ табобатида ва илмий тиббиётда қон оқишини тўхтатувчи восита сифатида қўлланилмоқда. Дамламаси ва суюлтирилган шираси жигар, буйрак, пешоб халтаси каби хасталикларда ва моддалар алмашинуви бузилганда даво бўлади.
Халқ табобатида гастрит, меъда яраси бор, ичбуруғ, бўғим оғриқларида, баъзан юрак ва таносил касалликларида янги олинган шираси тавсия этилади. Шираси 50 томчидан ичилади.
Дамламаси ва экстрактида қон босимини тушуриш хусусияти бор. Дамлама қуйидагича тайёрланади: икки-уч қошиқ янги қуритилган ўсимлик олиниб, устига қайноқ сув (200 гр.) қуйилиб, бир соат дамланади. Кейин кунига 3-4 марта 30-40 мл.дан ичилади.
Шуни айтиш керакки, ўпкадан, меъдадан, ичакдан, буйракдан ярадан қон оқишларини тўхтатиш учун бошқа тур гиёҳлар билан бирга ишлатилса, шифобахшлиги ортади. Масалан, буйракдан қон оқишини тўхтатишда унга қирқ бўғим ўсимлиги қўшилса, нафли бўлади. Бурундан қон кетганда ҳам томизилади. Шунингдек, жағ-жағ обзон қилишда, турли яраларни ювишда қўлланилади.

ИСМАЛОҚ – ДАРДГА ТЎҒАНОҚ

Исмалоқнинг барра ўтини кўкатли таомларга қўшиб ишлатилиши сиҳат-саломатликка жуда фойдалидир. Унинг таркибида С, В1, В3, В6, РР, К, Е каби дармон-дорилар, темир, йод, фосфор, калий, кальций, магний каби маъданлар ҳам жо бўлган. Шу моддалар таъсири туфайли бир қатор хасталикларни даволашда қўл келади.
Абу Али ибн Сино исмалоқ баргидан тайёрланган қайнатмани йўтал, қабзиятга қарши, сафро-ўт ҳайдовчи омил сифатида тавсия этган. Унинг баргидан тайёрланган малҳам оғриқ қолдирувчи дори ҳамдир.
Исмалоқдан қайнатма тайёрлаш учун 1 ош қошиқ унинг сархил мурғак ўти ёки барг қиймаси 200 мл. қайноқ сув билан 10 дақиқа мобайнида қайнатилади ва 1 соат дамланади. Кейин докада сузилиб, ундан кунига 50 мл. 3-4 маҳал ичилади.
Халқ табобатида исмалоқ барглари асосида тайёрланган омиллар камқонлик (анемия), томоқ, ўпка, рахит ва асаб хасталикларига шифо ҳисобланади. Унда ел ва пешоб ҳайдаш хусусияти ҳам бор.
Ўсимлик эпилепсияга мубтало бўлган кишиларнинг ҳолатини енгиллаштиради. У қон томирлардаги “ёмон” холестерин ҳосил бўлишининг олдини олади.
Исмалоқ атеросклерозни даволашда малҳам бўла олади. Бунда даволаш муолажаси давомийлиги уч ой, зарурат туғилганда тўрт ой мобайнида, 10 кунлик танаффус билан бирга, олиб борилади. Исмалоқ дамламасига 20 томчи дўлана спиртли тиндирмаси қўшиб ичилса, самараси янада яхшироқ бўлади.
Ўсимликда онкологик хасталиклар ривожланишини камайтириш хосияти бор. Таркибидаги фолий кислотаси камқонликда асқотади. Подагра хасталигига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

Ulashing: