Press "Enter" to skip to content

Хорижий тил ўқитувчилари халқаро сертификатга эга бўлишади

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан вилоятдаги хорижий тиллар ўқитувчиларининг тажриба ва малакалари мунтазам ошириб борилмоқда. Уларнинг миллий ва халқаро чет тилларини билиш бўйича даража сертификатини олишларига кўмаклашилмоқда. Амалий ишлар ўлароқ, вилоятнинг барча туман-шаҳарлари халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 120 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари танлаб олиниб, мобиль гуруҳ тренерлари тузилди. Жорий йил январь ойидан бошлаб мазкур тренерлар томонидан 90 та таянч мактабларида инглиз тили фани ўқитувчилари иштирокида ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежларида фаолият олиб бораётган инглиз тили фани ўқитувчилари учун таянч таълим муассасаларида ҳар ойда 2 марта ўқув курслари ташкил этилди. Ўқувлар орқали 72 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари тайёрланди. Бундан ташқари, “Баркамол авлод” болалар мактабларида фаолият олиб бораётган инглиз тили фани ўқитувчилари учун ҳам ўқувлар ташкилланиши белгилаб олинди.
Агентлик ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида умумтаълим мактабларида хорижий тил хоналари учун ажратиладиган жиҳозлар тўғрисида манзилли дастур ишлаб чиқилди. Дастурга кўра, 2021 йилда 45 та мактаблар учун 1 млрд. 175 млн. сўм, 2022 йилда 50 та мактаблар учун 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди. Хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларнинг “LLL” (эркин мулоқот майдончаси) хоналарини замонавий жиҳозлаш учун 2 млрд. 451 млн. сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди.
Яқинда агентлик Фарғона вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан Сўх туманидаги чет тили фани ўқитувчилари ўртасида даража сертификатлари сонини кўпайтириш бўйича давра суҳбати ташкил этилди. 5-сонли ўрта таълим мактабида ўқув семинари ташкилланиб, халқаро ТКТ имтиҳони учун тажриба-синов тестлари ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, агентлик томонидан республика халқ таълими тизимида фаолият юритаётган, халқаро ва миллий сертификатларга эга инглиз тили ўқитувчилари рейтинги шакл-лантирилган. Унга кўра, вилоятлар кесимида Фарғона вилояти мавжуд сертификатлар сони бўйича 1-ўринни, умумий ўқитувчилар сонига нисбатан кўрсаткичлар бўйича 5-ўринни эгаллади.

Азизахон РАҲМАТОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни ўрганишни
оммалаштириш агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий
вакиллиги раҳбари.

Ulashing: