Press "Enter" to skip to content

“Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади, Баҳорда

Қиш совуқ этакларини жуда эрта йиғиштириб олди. “Зарбешикка беланган қуёш” осмон тоқига астойдил ўрнашиб, муз ҳисли қафасларни эрита бошлади. Демак, баҳор келди!

Қишлоқдан бошланди баҳор! Ялпизлар ялтиллаган қирғоқдан бошланди баҳор. Чумолилар мўралаган қумлоғ-у эгатларга қон бериб югурган ирмоқдан бошланди баҳор. Ой-куни етган оқ булутларнинг тўлғоғидан, миришкорнинг нафаси билан чархланган ўроғидан бошланди у. Деҳқоннинг далага қараб, чўпоннинг яйловга қараб югуришининг боиси – кўклам. Ўзини қайта ва қайта ойнага солаётган бўй қизлар қалбига чўғ солган ҳам у. Дағал тупроқда сабза ураётган майсадек балоғатлик белгиси сабз урган ўспирин юрагига олов ёққан ҳам у.
Сенда қандай қудрат борки, замин яшилликка чоғлангай, кўксини қип-қизил дастор ўраган лолақизғалдоқлар билан безагай?!
Сенда қандай ҳикмат борки, қиши билан жойидан жилмай, шифтга термулиб ўтган дардмандлар ҳам минг йиллик дардларини енгиб, қошингга пешвоз чиққай? Мусича-ю, чумчуқлар-да ўз уйларини қуриш билан бошлар ҳаётини. Инсоният-у табиат: бутун борлиқ баравар бир тилда такрорлар ҳаёт отини…
Янаям яшагинг келади: танингга қувват бўлаётган қуёшнинг сенга аталган нурлари учун, атрофингда шаббодадек кезиб юрган бахт нафаси-ю, кўзларида гулхан ёнган ошиқнинг қўлларингга тутқазган олов гуллари учун, момақаймоқ териб, бағрингга отилаётган дилбандинг учун! Шодликдан масрур она табиат эса бехос ўз қўшиғини бошингдан ўрик гулларидек тўкиб юбориши янада завқли:
Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол.
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.
“Баҳорнинг дарахтлари одамдан кучли бўлади”, дерди бувим. “Йиғоч панжарасидин узор очиши”, “япроқларнинг чапак чалиб шодон уйғониши” ўз-ўзидан бўлмайди ахир. Нуронийим эрта баҳорда қиш ичи тин олиб, куч йиғган еттита мевали дарахтнинг шохларидан узиб, узоқ қайнатиб, новвот солиб, биз қуш болаларидек тизилган невараларига ярим пиёладан ичирардилар. “Ичсанг “иликузди” маҳалда илигинг бақувват, кучли бўлади”, деб уқтирарди. Рост… баҳор ичи касал бўлмасдик. “Менда олма, ўрик, шафтолининг кучи бор” деб, енгардик ҳар қандай дардни. Аслида табиат одамият билан уйғун яралган. “Ҳамал келди – амал келди” деган халқ мақолининг курраи заминга бирдек дахли бор.
Кўклам нафаси уфурган кунларда ям-яшил тўн кийган далаларга белни боғлаб, енгни шимариб кирган бободеҳқонларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ахир эртанги ризқ учун кураш – “жон олиб-жон бериш” бошланди. Баҳорнинг илиқ ҳовури барра-барра бўлиб кўкарган буғдойзорларни оҳиста тараб ўтади. Бобосига қўшилиб, “чаппар уриб гуллаган боғлар”га янги кўчатлар ўтқазаётган набира дилида туғилган янги ҳисларни таниёлмай мўлтирайди: бир улкан дарахтларни оқлаётган отасига қараса, бир кулранг тупроқ аро ётган райҳон, жанбил, ўсма каби жонсиз уруғларни тирилтириш учун зўр бериб сув қуяётган онасини кўриб, орзиқади. Бу боғларда гуллар ифори билан, қушлар сайраши билан, боларилар виззиллаши-ю, майсалар ипдек таранг тортилган қадди-қомати билан сўзлашади. Тугмадек ялтираган кўзлари гўдакларни эсга солувчи қўзичоқлар яйловни осмонга кўтариб дикирлайди. Мудраб ётган адир гиёҳларини-да уйғотади.
Ана… баҳор барчанинг юрагига баб-баравар туғён, жўшқинлик ўтини солаётир. Чўлпон таъбири билан айтганда “табиатнинг дилдираган танлари” қайтадан куч-қувватга тўлиб бормоқда. Хаёлимизда “Кеча ва кундуз” романидаги сўроқ айланади: “Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда?”. Бу етти йилга Сибирга сургун қилинган Зебининг охирги баҳоримиди, билмадим. Лекин Чўлпон юртимизда ҳар бир кун баҳор бўлишини орзулаб ёзгани аниқ. Бугун ҳам “бошларига яшил чамбарак” таққан янги тонг бошланди. Бу МАРТ тонги, бахт тонги, музаффар тонг! Бутун борлиғи билан баҳорни кутган бутун борлиққа КЎКЛАМ муборак бўлсин!

Гўзал ОХУНОВА.

Ulashing: