Press "Enter" to skip to content

Бедана боқинг, даромад оласиз, шифо топасиз

Фарғона шаҳар “Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Абдумухтор
Мараимовнинг беданачиликни йўлга қўйганига кўп бўлгани йўқ. Хонадонда 5 минг бошдан ортиқ бедана парваришланмоқда. Маҳсулдорлик ҳам чакки эмас. Бир кунда 3 минг донадан ортиқ тухум олинмоқда. Бир дона бедана тухумининг улгуржи баҳоси 450 сўм эканлиги ҳисобга олинса, кунлик даромад салмоғини чамалаб олиш қийин эмас. Бундан кўринадики, бедана боқиш ва кўпайтириш даромадли соҳа. У тез ривожланади ва касалликларга бардошли. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб ҳамиша юқори.

Асл касби инженер-технолог бўлган тадбиркорни бу соҳага етаклаган омил ҳақида сўрадик.
– Икки қизим бетоб бўлиб қолди, шифокорларга мурожаат қилдик, самараси кутилганидек бўлмади. Бедана тухуми истеъмол қилишни тавсия қилишди. У пайтда бу соҳа у қадар ривожланмагани боис, маҳсулотни топиш қийинчилик туғдирди. Шу сабаб бўлиб, уй шароитида бедана боқиш ғояси туғилди. Қушларни парваришлаш, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ маълумотларга таяниб ишни ташкил қилдим. Самараси яхши бўлди. Фарзандларимнинг саломатлиги яхшиланди. Эҳтиёждан ортиқ маҳсулотларни сотишни йўлга қўйиб, беданачиликни оилавий бизнесга айлантирдик. Шинам уй-жой, тўкин дастурхон ана шу изланишларимиз самараси.
Бу қушларни парваришлаш учун алоҳида билим ва қунт талаб этилади. Масалан, хоналар ҳарорати 20-25 даражада бўлиши лозим. Битта бедана модаси бир йилда 320-340 тагача тухум беради.
Абдумухтор ака соҳада ўзига хос тажрибага эга. Ўз ғояси асосида инкубация, қуш уяларини яратди. Бу ерда 17 кунда 10 минг 600 дона қуш полапонлари олиш имконияти бор. Маҳсулотларни буюртмачи талаблари асосида республика бўйлаб етказиб бериш йўлга қўйилди.
“Изланган имкон топар”, дейди халқимиз. Чин дилдан бир ишнинг бошини тутган киши ҳар қандай юмушнинг уддасидан чиқади. Бу ҳаётий амални беданачиликни йўлга қўйиб, кўпга ибрат бўлаётган бир оила ҳаёт тарзи кўрсатиб турибди.
Маълумот ўрнида айтганда, бедананинг тана ҳарорати 42 даража бўлади, шунинг учун ҳам улар ҳеч қачон инфекцион касалликлар билан касалланмайди, айниқса, сальмонеллёз билан. Айнан шу хусусияти сабаб унинг тухумини қўрқмасдан хомлигича истеъмол қилиш мумкин.
– Товуқ тухуми билан солиштирганимизда бедана тухумида B1 ва B2 витамини 2,5 баробар кўпроқ, калий, темир, аминокислота ва бошқа микроэлементлар 5 баробар кўп, – дейди Абдумухтор ака. – Бедана тухумининг пўстлоғи эса инсон суяги таркибига жуда ўхшаш. Уни қуритиб, толқон ҳолида истеъмол қилинса, суяк илигида қон айланишини яхшилайди.
Ҳа, беданачилик тадбиркорни ҳатто тиббиёт соҳасида ҳам билимдон инсонга айлантирди.

Расулжон
Камолов.

Ulashing: