Press "Enter" to skip to content

Бувайда тумани: Тадбиркорлик ва ҳунармандчилик тараққиёт “драйвер”и

Бувайдада мебелчилик, дурадгорлик, темирчилик касби авлоддан авлодга ўтиб, бугунги кунда туманда ҳунармандчилик ва тадбиркорлик замонавий мезонлар асосида жадал ривожланяпти.

Туманга ташриф буюрган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Қўнғирот” МФЙ ҳудудида 22 гектар майдонда мебелчиликка ихтисослашган йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши ишлари билан танишиб, лойиҳани такомиллаштириш бўйича тавсияларини берди.
Туманнинг Чўмбоғиш маҳалласи аҳли асосан мебель ва эшик ромлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Вилоят раҳбари 2021 йил декабрь ойида ҳудудда бўлганда чўмбоғишлик ҳунарманд ва тадбиркорлар маҳсулотларини сотиш учун ёпиқ савдо мажмуаси қуриб берилишида ёрдам сўрашганди. Айни пайтда Чўмбоғишдаги 500 га яқин ҳунарманд ва тадбиркор оилалар учун савдо мажмуаси қурилиши режалаштирилмоқда. Янги барпо этиладиган мажмуадаги ишлаб чиқариш ва савдо майдонлари тайёр ҳолатда кредит асосида ушбу оилаларга берилади.
Хайрулло Бозоров туманнинг яна бир ҳунармандлар қишлоғи – “Янгиқишлоқ” МФЙда ҳам бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Янгиқишлоқда 125 та дурадгорлик ҳамда 300 дан зиёд темирчилик фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд бор. Маҳалла аҳли вилоят ҳокимидан ишлаб чиқариш ва савдо жараёнларини бирлаштирадиган “Ҳунармандлар маркази” бунёд этишда ёрдам сўрадилар ва ушбу мурожаат ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Тумандаги ўрганишлар жараёнида
“Беглар”, “Қўрғонобод”, “Хонобод”, “Янгиқишлоқ” ва “Оқтепа” МФЙларида профилактика инспекторлари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг фаолияти таҳлил қилинди.
Юзма-юз мулоқотда маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда МФЙ раислари ҳамда профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги муҳимлигига эътибор қаратилди. Айни жараёнда жиноятга мойиллиги бор ёшлар, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, маиший муаммоларини масъул ташкилотлар орқали ҳал этиш ва бунинг учун ўзаро ҳамкорликда иш ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, ташриф давомида вилоят ҳокими туман марказида 32 млрд. сўмлик лойиҳа асосида қуриб битказилган “Ансор” савдо марказини кўздан кечирди. Яқин вақт ичида бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларида хизмат кўрсатиш тармоқларини ишга тушириш орқали мажмуада 400 дан зиёд доимий иш ўрни яратилади.
“Lion Print” хусусий корхонасида гофра коробкалар, этикеткалар, плёнка пакетлар каби 50 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 90 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган корхонада маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилади, қўшни давлатларга экспорт қилинади. Ҳозирда 5 қаватли маъмурий бино ва 4 қаватли ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилмоқда. Яқин истиқболда корхонада дизайн бўлими, ўқув марказини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
“Элобод” МФЙнинг маъмурий биноси шу ҳудудда яшовчи тадбиркор Алижон Мавлонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуриб битказилди. Лойиҳа қиймати 1,5 млрд. сўм бўлган икки қаватли бинода маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратилди.
“Al-Mansur” хусусий корхонаси томонидан барпо этилаётган юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳа қиймати 15 млрд. сўм. Корхонани жорий йил май ойида ишга тушириш кўзда тутилган. Шу мақсадда хориждан қиймати 1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган ускуналар олиб келинди.
Хайрулло Бозоров “Mustafo poyabzal klassik” МЧЖ ҳамда “Prof tekst plyus” МЧЖ корхоналарида ҳам бўлиб, ташаббусларни тўлиқ рўёбга чиқаришда масъуллар тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлишлари зарурлигини таъкидлади.

Ўз мухбиримиз.

Ulashing: