Press "Enter" to skip to content

«Нефтчи» мавсумга тайёргарликни бошлади

Last updated on 27.01.2022

2021 йил «Нефтчи»футбол клуби учун омадли келди. Жумладан, Ўзбекистоннинг беш каррачемпиони бўлган жамоа Суперлигага қайтди. Шунингдек,»Нефтчи» (U-18) жамоаси биринчи марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Клубнинг футзал ҳамда аёллар жамоалари ёрқин ўйинлар намойиш этиб, юқори лига йўлланмасига эгалик қилди.

«Нефтчи» футбол клуби тарихида ютуқлар, муваффақиятлар кўп бўлган. Жамоа собиқ иттифоқ чемпионатининг иккинчи ва биринчи лигаларида кучли жамоалар билан тенгма-тенг кураш олиб борган. Жамоа иштирокида ўтган бирор ўйин бўлмаганки, мухлислари стадионни тўлдириб ўтирмаган бўлсин.
Мустақиллик йилларида «Нефтчи»нинг ғалабали одимлари давом этди. Олий лигаси ташкил этилган 1992 йилдаёқ Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шунингдек, 1993-1995 йилларда пешқадамликни қўлдан бермади. 2001 йилда бешинчи марта бош совринни эгаллади. Жамоа 9 карра кумуш, бир марта бронза медалларини, 2 бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.
Жамоанинг ортга қадам ташлаб, ўзига мос бўлмаган ўйинлари билан мухлисларини ранжитган йилларда клуб раҳбарияти, бош мураббий бир неча маротаба алмашди, тажрибали футболчилар, маҳаллий ёшлар жалб қилинди, аммо вазият ўзгармади. Омадсиз учрашувлар, кетма-кет мағлубиятлар, футболчиларнинг қўнимсизлигидан сўнг «Нефтчи» Пролигага тушиб кетди.
Кўпчилик футбол мутахассислари ва мухлислар «Нефтчи» бир йилдаёқ Суперлигага қайтади деб тахмин қилганди. Аммо қуйи лигада ҳам ўз ўрнини топа олмади. Ҳатто таркиб жиҳатидан кучли бўлмаган рақибларига очко улашди.
Ўтган 2021 йилда истиқболли ва иқтидорли ёш футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш учун муҳим қадамлар қўйилди. «Нефтчи»га янги бош мураббий Илҳомжон Мўминжонов таклиф қилинди. Жамоа олдига ягона мақсад – яна кучлилар сафига қайтиш масаласи қатъий қўйилди. Бутун мавсум давомида чиройли ўйинлар кўрсатган «Нефтчи» вазифани уддалади.
«Нефтчи» клуби жорий йилги чемпионатга тайёргарлик кўришга барвақт киришди. Чунки Суперлигада кучли жамоалар тўп суради. Бу лигада шунчаки ўйнаб бўлмайди. Фақат чемпионликни кўзлаган жамоагина барқарор ўйинлар кўрсатиб, юқори натижаларга эришади, мухлисларини қувонтиради.
Клуб Матбуот хизмати хабарига кўра, «Нефтчи» жамоаси янги мавсумга тайёргарликни уч босқичда олиб боради. Биринчи босқич бўйича жамоа 6 январдан бошлаб Тошкентда йиғилиб, дастлабки чигалёзди машғулотлари ва назорат ўйинларига киришди. Пойтахтдаги йиғин 17 январгача давом этади. Битта ўртоқлик учрашувини ўтказиш кўзда тутилган. Сўнгра Илҳомжон Мўминжонов шогирдлари 20 январдан 10 февралгача Туркиянинг Анталия шаҳрида мавсумга тайёргарлик кўришади. Бу ерда 4 та назорат учрашувларини ўтказиш режалаштирилган. Охирги назорат ўйинлари Фарғонада давом эттирилади. Бунинг учун ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Уч йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтган «Нефтчи» жамоаси таркибига тажрибали ва маҳоратли футболчиларни қўшиш борасида изчил ҳаракатлар олиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳозирга қадар Қаршининг «Насаф» жамоасидан ярим ҳимоячи Дониёр Назруллаев, Термизнинг «Сурхон» жамоаси сардори Ҳусниддин Ғофуров, Қозоғистоннинг «Атирау» жамоасидан сербиялик тажрибали ҳимоячи Даниэль Стойкович, «Қизилқум»дан ҳимоячи Муҳсинжон Убайдуллаев, сўнгги беш йил мобайнида Наманганнинг «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилиб келган маҳоратли ярим ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров, «Бунёдкор», «Қизилқум», «Андижон», «Турон» каби клуб-ларда тўп сурган тажрибали ярим ҳимоячи Суннатулла Абдуллажанов, «Бунёдкор»дан тажрибали футболчи Лутфулла Тўраев билан келишилган шартномалар имзоланди. Яна маҳоратли ва тажрибали футболчиларни жамоага жалб этиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Р. ОРИПОВ.

Ulashing: