Press "Enter" to skip to content

Янги йўл бошидаги эзгу мақсадлар

Last updated on 27.01.2022

Фарғона туманида маҳаллаларда янги ташкил этилган ёшлар етакчилари учун намунавий семинар ўтказилди

“Улуғбек” МФЙ мисолида маҳаллаларда янги ташкил этилган ёшлар етакчилари учун намунавий семинар ташкил этилди. Унда Ёшлар ишлари агентлигининг маҳаллалардаги вакиллари, “Улуғбек”, “Баҳор”, “Чимён” МФЙларда истиқомат қилаётган баркамол авлод вакиллари қатнашди.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов иштирок этди ва ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари ҳақида иштирокчиларга батафсил тушунча берди.
Тадбирлар давомида 14-30 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида спортнинг футбол, баскетбол каби турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, китобхонлик, маданият ва санъат, компьютер саводхонлиги бўйича тренинглар ташкил этилди. Фарғона тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 12-ўрта таълим мактабида ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси, Ватан ҳимоячиларининг чиқишлари, “Менинг маҳаллам – менинг фахрим” мавзусида фольклор-этнографик жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди. Ёш оилалар ўртасида ош танлови бўлиб ўтди.
— Янги йилдан ҳар бир маҳаллада иш бошлаган ёшлар етакчиларининг асосий вазифаси манзилли дастурларни шакллантириш ва уларнинг ижросини таъминлашдан иборат бўлади, — дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳомжон Тошпўлатов. — Маҳалладаги ҳар бир ёш билан ишлаб, муаммосини ҳал этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, “Беш муҳим ташаббус” ижросини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда баркамол авлодларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, тадбиркорликка йўналтириш ва бандлигини таъминлаш уларнинг муҳим вазифалари сирасига киритилган.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратни Элёр ОЛИМОВ олган.

Ulashing: