Press "Enter" to skip to content

Эҳтиёт бўлинг, “OMICRON”!

Last updated on 27.01.2022

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилди.

ЖССТ баёнотига кўра, коронавирус инфекциясининг янги “оmicron” штамми дастлаб Африкада, кейинчалик Европа ва Осиё давлатларида аниқланган, секин-аста кенг тарқала бошлаган. 2021 йил декабрь ойидан бошлаб АҚШ, Дания, Корея республикаси, Буюк Британия, Россия, Исроил, Франция, Япония, Ҳиндистон каби бир қатор давлатларда коронавируснинг янги штамми тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётганлиги муносабати билан бир қатор қўшимча карантин чекловлари жорий этилган. Афсуски, жорий йилнинг 7 январь куни мамлакатимизга келган хорижий давлат фуқаросидан COVID-19нинг «оmicron» штамми аниқланди.
Махсус комиссия йиғилишида коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўришни қатъий давом эттириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Рес-публика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади. Шунингдек, аҳолини тўлиқ эмлаш ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилади.
Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осо-йишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзолари иштирокида юртимиздаги коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам таъкидландики, инфекция асосан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Яъни, одамларнинг гавжум жойларда бўлиши, масофани сақламаслик, бир бинода ўқиб-ишлаши касаллик тарқалишини тезлаштиради. Эътиборлиси, қариялар, сурункали ва ёндош касаллиги борлар, болалар, эмланмаган кишиларда коронавирус асоратлари оғир кечади.
Инфекцион касалликларнинг олдини олиш учун олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида таътил даври 24 январгача узайтирилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 24 январга қадар узайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўқувчилар ва талабаларнинг тўгараклар, машғулотларга жалб этилиши тақиқланди. Бу орқали ўқувчи ёшлар ўртасида касаллик тарқалишининг олдини олиш кўзланган.
Эндиликда ташкилий шак-лидан қатъи назар, барча ташкилотларда ишчиларни эмлангандан сўнг иш жойларига киритишга рухсат берилади, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга корхона-ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди.
Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли оммавий тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.
Шу ўринда энг тўғри ва оқилона йўл — коронавирусга қарши эмланиш эканлигини, юртдошларимиз тезроқ тўлиқ вакцинация қабул қилишлари зарурлигини таъкидламоқчимиз. Зеро, саломатлик – улуғ неъмат, ҳушёрлик – бугунги кун талабидир.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.

Ulashing: