Press "Enter" to skip to content

Шарафли касб эгалари

Last updated on 27.01.2022

Умри мангу зотлар

Мирзоҳид БОТИРОВ,
Фарғона политехника институти
проректори

Инсон дунёга келар экан, ўз олдига албатта қатъий мақсад қўяди. Мақсадига эришмоқ йўлида изланади, илм олади, бу йўлда инсон учун улуғ мураббий бўлган китобни қадрлашга интилади. Не ажабки, китобда битилган ҳар бир сўздан эзгулик излайди. Саҳифалар қатига жойланган зиё нурларидан баҳра олади. Қалб салтанатига ёруғлик олиб кирадиган, юракларни меҳр нурига ўрайдиган китобни ким орқали ўқимоқ, келгусидаги улкан орзуларимизга ким сабаб эришмоқ истаётганимизни сездингиз-а?! Ҳа, заҳматли меҳнатини ҳеч қандай моддият билан ўлчаб бўлмайдиган, умр йўлларида эришган ютуқларимиздан кўксимизни кериб, борингизга шукур деб айта оладиган муборак инсонларимиз бор.

Ушбу муқаддас рутба эгаси, биз учун ҳамиша меҳрибон зот бу устоз мураббийлар, ўқитувчилардир. Бу улуғ зотларни қанча ардоқласак, эъзозласак шунча кам.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида эса “Устоз нимаи-ки айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади. Буюк саҳобалардан бири Ҳазрати Али устозлар ҳақида: «Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин» деган фикрлари бу муҳтарам зотларга бўлган чексиз меҳрнинг ифодаси десак муболаға бўлмайди.
Давлат раҳбарининг та-шаббуслари билан бугун ўқитувчи меҳнатининг қад-ри ошмоқда. Дарҳақиқат, жамиятимизда қайси касб эгаси бўлмасин, уларни камолот пиллапоясининг энг юқори поғонасига олиб чиқишда ўқитувчи меҳнатининг ўрни беқиёслигини дилдан эътироф қиламиз, унинг шаънига мисралар битамиз, қайсидир маънода бўлса-да, қадрлашга интиламиз. Шу ўринда машҳур маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг қуйидаги сўзини келтириш жоиз деб ўйлайман: “Ҳаёт йўлида биринчи масала – мактаб масаласидир”.
Таълим масаласи ҳамиша эътиборда бўлиб келган. Миллатнинг келажагини тарбиялайдиган зотларга бўлган муносабат бугунги кунда давлат даражасига чиққанини куни кеча бўлиб ўтган халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам кўриш мумкин. Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан жорий йилда амалга оширилган ва келгуси йил учун белгиланган устувор йўналишларни ўз ичига олган Мурожаатномани депутатлар ҳукмига ҳавола этди.
Айниқса, сессия ишида вилоят ҳокими томонидан ўқитувчилар учун мавжуд устамаларга қўшимча равишда вилоят ҳокимлигининг махсус устамаси жорий қилинишини эълон қилганда, зиёли сифатида кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан дилда мамнунлик ҳиссини туйдим. Албатта, вилоят ҳокимининг ҳар бир соҳани пухта ўрганиб чиққани, келгусида самарали натижаларга эришиш учун олиб бораётган ибратли ва хайрли ишлари таҳсинга сазовор. Айниқса, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Фарғона тажрибаси”нинг йўлга қўйилиши билан боғлиқ фикрлари ҳам эътирофга лойиқ.
Шу билан биргаликда, таълим тизимида айрим муаммолар, хусусан, синфларда ўқувчи сони жуда кўплиги таълим сифатига ўз таъсирини ўтказаётгани, белгиланган вақтда ўқитувчининг барча ўқувчи билан шуғулланишга, уларнинг билимини баҳолай олишга улгурмаслиги масалалари кундек равшан.
Шу боис, индивидуал тарзда машғулот олиб бориш ва таълимнинг самарадорлигига эришиш учун тизимга баъзи ўзгартиришларни киритиш зарур деб ўйлаймиз. Муайян битта синфда ўқувчи сони 10-12 нафардан кўп бўлмаслиги керак. Бу ҳолат бир жиҳатдан олиб қараганда, молиявий харажатларнинг кўпайишига замин ҳозирлаши мумкин, лекин таълимда кўзланган мақсад амалга ошиши учун шу йўлга ўтиш лозим деб ҳисоблаймиз. Биламизки, булар мактабда синфлар сонини янада ошишига сабаб бўлади, мактаблар кўпаяди. Ҳар қадамда емакхоналар, тўйхоналар, савдо расталари қурилаётган бир замонда, шулар қаторига мактаб ҳам қўшилса нима бўлибди?! Ҳаттоки, тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларимиздан Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Марғиноний, Форобий, Навоий, Яссавий, Бухорийлар ҳам кичик ҳужраларда ўқиганлигига амин бўламиз.
Ҳужра сўзи ҳам кичик хона деган маънони англатган. Кўпи билан 7-8 нафар илм толиби билан мадрасада мударрислар бемалол ишлай олган. Шу ўринда шоҳид бўлган бир ҳолат ҳақида ҳам фикрларимни айтмоқчиман. Юртимизда мавжуд бўлган имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши муносабати билан вилоятнинг Фарғона, Тошлоқ, Қува, Риштон, Бувайда, Бешариқ, Ўзбекистон, Қўштепа, Учкўприк туманлари ҳамда Фарғона ва Қўқон шаҳарларида номзодлар билан суҳбатлар ташкил этишда иштирок этдим.
Суҳбат жараёнида номзодларнинг деярли 70 фоизи Фарғона давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти битирувчилари эканлигига гувоҳ бўлдик ҳамда улар ўқитувчилар кўплиги учун мактабда ёшлар етакчилари бўлиб ишлаётганлиги ва шу боис, 0,5-0,25 ставкада дарс бераётганлигини ҳам айтишди. Шу ўринда агар биз айтган йўлга ўтиладиган бўлса, мактаблар сони кўпайиши ҳисобига кадрларни қўшимча иш билан таъминлаш масаласи ҳам ечимини топган бўларди.

Ulashing: