Press "Enter" to skip to content

Болаларга маънавий ҳомий керак

Last updated on 27.01.2022

Уйингиздан эмас, қалбингиздан ҳам жой беринг…

Бугун Қўштепа тумани “Соҳибкор” МФЙда яшовчилар сони 5 нафарга кўпайган. Сабаби “Исфайрамсой” кўчасида истиқомат қилувчи Соҳибахон ҳамда Илҳомжон Аминовлар оиласи Марғилон шаҳридаги 1-сонли «Меҳрибонлик уйи»дан 5 қизни ўз тарбиясига олиб, савобли ишга қўл уришди. Соҳиба опа учун бу қизалоқлар аслида бегона эмас. У «Меҳрибонлик уйи»да йигирма йил тарбиячи бўлиб ишлаган. Бундай меҳрга зор болаларнинг нечтасини уйига олиб келиб, озгина бўлса-да, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилган. Тўғри, учта оға-инини ўстириб, касб-ҳунарли қилиб, элга қўшган оила бошилари тўйлар қилишди, ўғиллар ортидан ойдек-ойдек келинлар туширишди. Аммо Соҳиба опа қизи йўқлигидан кўп сиқиларди. Бу таклифни турмуш ўртоғига айтганда, Илҳомжон ака дастлаб иккиланди. “Қизнинг йўли қилдан нозик дейишади. Тарбиясида ўта эҳтиёткор бўлиш керак. Эплай олармикинмиз”, деб ўйланди. Кўнгли ярим қорасочларни кўргач, уларга меҳри тушди. “Дада” деб тортиниб туришларидан қиз боланинг отага меҳри бўлакчалигини ҳис қилди.

Ушбу саховатли хонадонга борганимизда қизларнинг барчаси мактабда экан. Соҳиба опа меҳмон дарагини эшитиб, ошхонадан югуриб чиқди. Уларнинг ёниқ чеҳрасини, ғайрат-у шижоатини кўрган борки, элликдан ошган аёл демайди. Бағри кенг, қалби тоза, болажон одам ёшариб яшаши ростга ўхшайди. “Худойим мени беш қиз билан сийлади. У нафақат давлатнинг, Худонинг менга омонати” дея, суҳбатнинг аввалини уларнинг таълимидан бошлади:
— Болаларимни қишлоғи-миздаги 40-мактабга жойлаштирдик. Бахтигул Шерматова, Алина Захарова 4-синф, Венера Тешабоева 9-синф, Алина Сочинова 11-синфда ўқимоқда. Алина Василенко эса 86-махсус мактаб-интернатда билим олади. Уларни мактабга мослаштириш ҳам унчалик қийин кечмади. Устозлар, психологлар бу борада катта ёрдам беришди. Ҳозир дарсдан кейин инглиз тили, математика тўгаракларига қатнашишяпти. Маҳалламизда косибчилик ривожлангани учун оёқ кийимларга гул қадашни ўрганишяпти. Қўшнимиз Назирахон эса тикувчиликдан сабоқ бермоқда, — деди Соҳиба опа.
Биз онахоннинг қизлар тарбиясида нималарга эътибор бераётгани, ошхона юмушларига ўргатиш жараёнлари қандай кечаётгани билан қизиқдик.
— Беш қўл баробар бўлмага-нидек, бешала қизимнинг ҳам характери ҳар хил. Бахтигулга юмшоқ гапирсам, Венерани сал маҳкамроқ ушлайман. Балоғат ёшидаги қизларим билан дўстона муносабат ўрнатганман. Уларга келинларим мисолида ўзбек қизларининг фазилатлари, ибо-ҳаёси қандай бўлиши ҳақида кўп насиҳат қиламан. Қиз бола, энг аввало, рўзғор ишларига эпчил бўлиши кераклигини ҳисобга олиб, турли таомлардан тортиб, саришталик илмигача секин-секин ўргатяпман. Кечаси доим бирга ухлаймиз. Ҳадислар айтиб бераман. Юриш-туришида бирор қусурни сезсам, шунга йўналтирилган ривоятлар топиб, ўқиб бераман. Бахтигулим худди ёш боладек ҳамма нарсага ҳайрат билан қарайди. «У нима? Бу қандай бўлади?» деган саволларни жуда кўп беради. Яқинда бир қариндошимиз келин туширганди. Меҳмонга олиб бордим. Келинчак ҳар бирига рўмолчалар берди. Энди уларнинг ҳайратини кўринг. Билмадим, балки “қачондир мен ҳам шундай чиройли келин бўламан”, деб ният қилишгандир. Илоҳим, яхши ниятига етишсин. Чиройли тўйлар қилиб, узатиш орзуларим ҳам йўқ эмас, — дейди Соҳиба опа.
Фарғона вилоятида иккита «Меҳрибонлик уйи» бор эди. Бири Марғилон шаҳрида бўлса, иккинчиси Қўқонда. Уларда тарбияланаётган болалар сони эса 193 нафар эди. Ҳозирда Қўқон шаҳрида жойлашган 12-сонли «Меҳрибонлик уйи» ўз фаолиятини якунлаган, яъни ёпилган. Ушбу «Меҳрибонлик уйи»даги 100 нафар тарбияланувчиларнинг барчаси ўз ота-онасига, қариндошларига, оилавий болалар уйига ва потронатга берилган. Энди уларнинг Соҳиба опа каби тутинган ота-оналари, ака-укалари, бутун умрлик орзуси – оиласи бор. Марғилон шаҳридаги 1-сонли «Меҳрибонлик уйи»да эса 93 нафар боладан 9 нафаригина қолган бўлиб, улар ҳам навбат кутиб турган савобталаблар қучоғига қайтиш арафасида.
Марғилон ва Қўқон шаҳри-даги «Меҳрибонлик уй»ларига Миллий гвардия офицерлари директор ўринбосари лавозимига тайинланди. «Меҳрибонлик уй»лари фаолияти, болалар билан ишлаш механизми чуқур ўрганилди. Тарбияланувчиларнинг 25 фоизи ота-онаси бўлмаган “чин етим”лар, қолганлари эса ота-онаси бор ёки ажрашган, яқин қариндошлари бўлган “ижтимоий етим” болалардан иборат эканлиги аниқланди. Ярим етим, “ижтимоий етим”, вақтинча ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган оилалар фарзандлари, шунингдек, қонун доирасида фарзандликка берилиши мумкин бўлган тарбияланувчиларни оилаларга қайтариш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.
Натижада республикада биринчилардан бўлиб, Фарғона вилоятида 11 та “Оилавий болалар уйи” ташкил қилинди.
Президентимиз таъкидлаганидек, болаларнинг моддий ҳомийси бор, уларга маънавий ҳомий керак.
Вилоятимизда Соҳиба опа Аминовадек меҳрталаб болаларга нафақат уйидан, балки қалбидан, қучоғидан жой берган бағрикенг оилалар барчамизга муборак ва ибрат бўлсин!

Гўзал Охунова.

Ulashing: